ЎҒИТЛАР ЭКИН ҲОСИЛИНИ ОШИРАДИ, СИФАТИНИ ЯХШИЛАЙДИ
Мамлакатимизда кластерлар фаолияти фермер хўжаликларининг энг яқин шерикларига айланди. Айниқса, кластер усулида пахта ва ғалла етиштиришга давлатимиз томонидан алоҳида эътибор қаратилмоқда. Кластер амалиёти пахтани хомашё сифатида эмас, маҳсулотни қайта ишлаш, тайёр, ярим тайёр маҳсулот сифатида бозорга чиқариш имкониятини бермоқда. Буғдой эса энг кўп тарқалган асосий донли экинлардан бир ҳисобланади. Бутун дунё халқларининг ярмидан кўпроғи озиқ — овқат сифатида буғдой нонидан фойдаланади. Буғдой нони ўзининг таъми, тўйимлиги ва хазм бўлиши билан юқори баҳоланади. Халқимиз дастурхони эса нонсиз тасаввур этиб бўлмайди.
Ўзбекистон республикаси Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги бош директор ўринбосари Бобур Ҳамраев ва Сурхондарё вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси бошлиғи Даврон Тангировлар Шеробод туман Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бўлими ходимлари билан ҳамкорликда Шеробод туманидаги “SAX” пахта тўқимачилик кластерига қарашли биофабрикада бўлишиб, бу ерда 2023 йил пахта ҳосили учун етиштирилаётган биомаҳсулотлар ишлаб чиқариш жараёни билан яқиндан танишди. Кластер ходимларига керакли тавсиялар бериб ўтилди.
Маълумки, ғаллани баҳорги вегитация даврида минерал ўғитлар билан озиқлантириш учун керакли миқдордаги азотли минерал ўғитлар захирасини яратиш лозим. Шу мақсадда тумандаги «SURXON SHEROBOD KLASTER» МЧЖга қарашли омборхонада кластер экин майдонларидаги ғалла экини учун жамғарилган минерал ўғитлар заҳираси бориб ўрганилди.
Республика ва вилоят ишчи гуруҳи томонидан Музработ туманидаги ғаллачилик кластери омборидаги минерал ўғит жамғариш ва сақлаш ишлари билан ҳам танишилди.
— Минерал ўғитлар муайян ўғит турига берилган хавфсизлик паспортида кўрсатилган сақлаш шароитларига қўйиладиган ўзига хос талабларга мувофиқ сақланиши лозим, — дейди Сурхондарё вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси бошлиғи Даврон Тангиров. — Қадоқланмаган минерал ўғитларни сақлаш учун махсус ёпиқ бинолар фойдаланиш лозим. Сақланадиган минерал ўғитлар миқдори омборхоналар ва сиғимларнинг лойиҳада назарда тутилган сиғимидан ошмаслиги керак. Маълумки, ўсимликлар, асосан, илдизи орқали озиқланиши туфайли минерал ўғитлар тупроққа солинганда ўсимликларнинг ўсиши ва ривожланишига, бинобарин, далалар, ўтлокдарнинг умумий биологик маҳсулдорлигига фаол таъсир қилади. Минерал ўғитлар экин ҳосилини оширади, сифатини яхшилайди. Пахта, ғалла, каноп, зигир ва технологик хусусиятларини, лавлаги, узум таркибидаги қанд, картошкадаги крахмал, дондаги оқсил микдорини кўпайтиради. Минерал ўғитлар билан қўшиб ишлатилса, янада яхши натижа беради. Бугун кластер эгаларига ишчи гуруҳимиз томонидан юқори ҳосилдорликка эришишда ўғитлар заҳирасини яратиш, сақлаш технологияси ва маҳсулот турлар ва уларнинг аҳамияти ҳақида тушунтириш ишларини олиб бордик.
Дарҳакиқат, омборхоналарда минерал ўғитлар билан боғлиқ ишлар индивидуал ҳимоя воситаларини қўллаган ҳолда амалга оширилиши шарт. Минерал ўғитлар омборхоналаридан озиқ-овқат маҳсулотлари, ем-хашак, хўжалик ва маиший мақсадда қўлланадиган турли буюмлар ва техникани сақлаш учун фойдаланишга йўл қўйилмайди. Шахсий томорқаларда ва кундалик турмушда қўллаш учун харид қилинган минерал ўғитлар ишлаб чиқарувчининг идишида (қадоғида), ҳайвонлар ва болалар ололмайдиган жойда, озиқ-овқат маҳсулотлари, ичимлик сув ва бошқа халқ истеъмоли товарлари сақланадиган жойлардан изоляцияланган хўжалик қурилмаларида (ёрдамчи хоналарда) сақланиши шарт. Республика ишчи гуруҳи мутахассислари кластер эгаларининг минарал ўғитларни сақлаш ва ишлатиш борасидаги қизиқтирган саволларига ҳам жавоб беришди.
Айтиш муҳимки, минерал ўғитлар ерга кузда ёки эрта баҳорда (асосий ўғитлаш), экиш вактида ва ўсув даврида (ўсимликларни озиқлантириш) солинади. Минерал ўғитларни нотўғри қўллаш эса биоценозга катта зарар келтириши, атроф муҳитнинг ифлосланишига сабаб бўлиши мумкин. Минерал ўғитлар тупрокда ҳар хил ўзгаришларга учрайди, бу ўзгаришлар озиқ моддаларнинг эрувчанлигига, тупрокда ҳаракатланиши ва ўсимликларга сингишига таъсир кўрсатади. Бу борада ҳам Сурхондарё вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси ходимлари томонидан қатъий кўрсатмалар ва муҳим маслаҳатлар берилди.
Акрам Абсаматов,
Сурхондарё вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси бошлиғи ўринбосари
Раҳмиддин Қодиров,
Сурхондарё вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси бўлим бошлиғи