Bu qiziq

Суд мажлиси баённомасини юритиш тартиби

Ўзбекистон Республикаси МСИЮтКнинг 175-моддасига асосан суд мажлиси чоғида, шунингдек суд мажлиси залидан ташқарида айрим процессуал ҳаракатлар бажарилганда баённома юритилади.

Суд мажлисининг баённомасида қуйидагилар кўрсатилади:

1) суд мажлиси ўтказилган йил, ой, сана ва жой;

2) ишни кўраётган суднинг номи, суд таркиби ва суд мажлисининг котиби;

3) ишнинг номи ва рақами;

4) ишда иштирок этувчи шахслар ва суд процессининг бошқа иштирокчилари келганлиги тўғрисидаги маълумотлар;

5) ишда иштирок этувчи шахсларга ва суд процессининг бошқа иштирокчиларига суд томонидан уларнинг процессуал ҳуқуқ ва мажбуриятлари тушунтирилганлиги тўғрисидаги маълумотлар;

6) суд томонидан алоҳида хонага (маслаҳатхонага) кирмасдан жойида чиқарилган ажримлар;

7) ишда иштирок этувчи шахсларнинг оғзаки арзлари ва илтимосномалари;

8) ишни кўриш чоғида судга тақдим этилган барча ёзма ва ашёвий далиллар, экспертларнинг ёзма хулосалари ҳақидаги маълумотлар;

9) ишда иштирок этувчи шахсларнинг тушунтиришлари, гувоҳларнинг кўрсатувлари, экспертларнинг ўз хулосаларини оғзаки тушунтиришлари, мутахассисларнинг маслаҳатлари (тушунтиришлари), ашёвий ва ёзма далилларнинг кўздан кечирилганлиги, олиб қўйилганлиги, схемалар тузилганлиги, видео ва фототасвирга олинганлиги ҳақидаги маълумотлар;

10) алоҳида процессуал ҳаракатларни амалга ошириш чоғида олинган маълумотлар;

11) суд музокараларининг мазмуни ва прокурорнинг фикри;

12) суднинг ҳал қилув қарори, ажрими ёки қарори ўқиб эшиттирилганлиги ҳақидаги маълумотлар.

Суд мажлиси баённомасида бошқа маълумотлар ҳам кўрсатилиши мумкин.

Суд мажлиси аудио- ёки видеоёзувга олинган тақдирда, суд мажлиси баённомасида фақат мазкур модда иккинчи қисмининг 1 — 4, 6 — 8, 11-бандларида назарда тутилган масалалар юзасидан ёзув киритилади, ишда иштирок этувчи шахслар берган тушунтиришларнинг бошланган ва тугаган вақти, гувоҳларнинг кўрсатувлари, экспертларнинг ўз хулосалари юзасидан берган оғзаки тушунтиришлари, музокаралар ва прокурорнинг фикри акс эттирилади, шунингдек суд мажлисини ёзиб олишнинг техник воситаларидан фойдаланилганлиги тўғрисида белги қўйилади. Электрон ёхуд бошқа аудио- ёки видеоёзувлар жамланган воситалар суд мажлиси баённомасига қўшиб қўйилади.

Суд мажлиси видеоконференцалоқа режимида ўтказилган тақдирда, суд мажлиси баённомасида ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилганлардан ташқари қуйидаги маълумотлар ҳам кўрсатилиши керак:

суд мажлиси видеоконференцалоқа режимида ўтказилганлиги тўғрисидаги;

суд мажлисини видеоконференцалоқа режимида ўтказишга кўмаклашган суднинг номи ҳақидаги;

суд мажлисини видеоконференцалоқа режимида ўтказишга кўмаклашаётган судга келган ишда иштирок этувчи шахслар ва суд процессининг бошқа иштирокчилари тўғрисидаги;

суд мажлисини видеоконференцалоқа режимида ўтказишга кўмаклашаётган суднинг ҳамда ишни кўраётган суднинг ахборот-коммуникация технологиялари ходимлари ҳақидаги.

Ўзбекистон Республикаси МСИЮтКнинг 176-моддасига асосан баённома суд мажлиси котиби томонидан суд мажлисининг ўзида ёки алоҳида процессуал ҳаракат бажарилганида суд мажлиси залидан ташқарида юритилади.

Баённома суд мажлиси тугаганидан ёки алоҳида процессуал ҳаракат амалга оширилганидан сўнг уч кундан кечиктирмасдан раислик қилувчи ва суд мажлиси котиби томонидан имзоланиши керак.

Ўзбекистон Республикаси МСИЮтКнинг 177-моддасига асосан суд процесси иштирокчилари суд мажлисининг баённомаси билан танишиб чиқишга ҳақли ва у имзоланган кундан эътиборан беш кун ичида баённома юзасидан баённомада йўл қўйилган хатоликларни ёки ундаги маълумотларнинг тўлиқ эмаслигини кўрсатган ҳолда ёзма фикр-мулоҳазалар бериши мумкин.

Суд мажлисининг баённомаси юзасидан ёзма фикр-мулоҳазалар улар берилган кундан кейин беш кун ичида суд процесси иштирокчиларини чақирмасдан кўриб чиқилиши керак.

Суд мажлисининг баённомаси юзасидан берилган ёзма фикр-мулоҳазаларни раислик қилувчи кўриб чиқади ва ушбу фикр-мулоҳазаларга қўшилса, уларни қабул қилади, қўшилмаган тақдирда эса уларни рад этади.

Суд мажлисининг баённомаси юзасидан ёзма фикр-мулоҳазалар қабул қилинганлиги ҳақида ёки рад этилганлиги тўғрисида ажрим чиқарилади.

Суд мажлисининг баённомаси юзасидан судга беш кунлик муддатни ўтказиб тақдим этилган ёзма фикр-мулоҳазалар суд томонидан кўриб чиқилмайди ва ишга қўшиб қўйилади, бу ҳақда ёзма фикр-мулоҳазалар берган шахсга маълум қилинади.

Суд процесси иштирокчилари суд мажлисининг аудио- ёки видеоёзуви билан танишиш ҳуқуқига эга.

Суд мажлисининг аудио- ёки видеоёзувининг кўчирма нусхалари суд процесси иштирокчиларига ишни кўриб чиққан суднинг рухсати билан берилади.

Термиз туманлараро маъмурий

суди архив мудири                                                            

М.Жумаев

Related Articles

Back to top button