Madaniyat

Қўчқор кўтариш бўйича рекорд

Арисда Шаҳар куни арафасида шаҳар “Ёшлар имконият маркази” ташаббуси билан миллий спорт турларидан мусобақалар уюштирилди. Беллашувларда Шимкент шаҳри ва Қазиғурт, Ўрдабоши туманининг спортчилари ҳам иштирок этишди. Улар арқон тортиш, қўл кураши, қўчқор ва тош кўтариш баҳсларида омадларини синашди.

Айниқса, қўчқор кўтариш беллашуви томошабинларни ўзига кўпроқ жалб этди. Унда 43 кг. қўчқорни 1111 марта кўтарган Азамат Мақулбеков бош совринни қўлга киритди. Қўчқорни 160 марта кўтарган Мажит Архат – иккинчи, 150 марта кўтарган Данияр Айтбек эса учинчи ўринга сазовор бўлди.

Мусобақа ғолиби Азамат Мақулбековга ўзи кўтарган қўчқор соврин сифатида берилса, бошқа совриндорларга қимматбаҳо совғалар тақдим этилди.

Қизиғи, полвон йигитлардан кейин қўчқорни 64 марта кўтарган арислик қиз – Адил Ақнурнинг чиқиши олқишларга сазовор бўлди. Мусобақа ғолиб ва совриндорларига совға-саломлар, маиший техникалар топширилди.

Арис шаҳрининг равнақи ва соғлом турмуш тарзини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшаётган ёшларга фахрий ёрлиқ ва ташаккурномалар тақдим этилди.

Related Articles

Back to top button