Адлия вазирлиги партияни рўйхатдан ўтказишни рад этди
Адлия вазирлиги томонидан “Ҳақиқат ва тараққиёт” социал-демократик партиясини давлат рўйхатидан ўтказиш юзасидан аризалар ва илова қилинган ҳужжатлар қонунчиликда белгиланган тартибда икки марта ўрганиб чиқилди.
Партияни давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича ҳужжатлар “Сиёсий партиялар тўғрисида” ва “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги қонунлар талабларига риоя қилинмаган ҳолда тақдим қилинганлиги аниқланди.
Хусусан, “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги Қонуннинг 6-моддасига кўра, сиёсий партияни тузиш учун камида 8 та ҳудудий субъектда (вилоятда), шу жумладан Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент шаҳрида яшаётган ҳамда партияга бирлашиш истагида бўлган камида 20 000 фуқаронинг имзоси бўлиши талаб этилади.
Бироқ, партияни давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича бор-йўғи 9 873 та имзо йиғилган.
Жумладан, 2021 йил 7 апрелдаги аризага 7 675 та (қўшимча 944 та) ва 7 июндаги аризага 1 254 та имзо қўйган фуқароларнинг рўйхатлари илова қилинган.
Ўрганиш жараёнида аниқланишича, имзолар рўйхатида кўрсатилган шахсларнинг 42 нафари вафот этган.
Юқорида кўрсатилган имзолар партия тузиш билан боғлиқ бўлмаган ҳолда турли сабаблар асосида йиғилганлиги сабабли, имзоларни ҳисобга олмаслик (бекор қилиш) ҳақида бугунги кунга қадар вазирликка жами 2 292 та мурожаат келиб тушди.
Шунга кўра, “Ҳақиқат ва тараққиёт” социал-демократик партиясини давлат рўйхатидан ўтказиш рад этилди.
Шунингдек, “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги Қонуннинг 6-моддасига асосан, ташкилий қўмита тузилган кундан бошлаб узоғи билан уч ой фаолият кўрсатиш ҳуқуқига эгалиги ва шу муносабат билан, белгиланган муддат ўтгандан кейин ташкилий қўмита ўз фаолиятини тугатиши, имзолар йиғиш тўхтатилиши ҳақида эслатиб ўтилади.
Жамоатчилик билан
алоқалар бўлими