Давлат раҳбарлари Қўшма баёнот имзоладилар ва музокаралар натижаларидан мамнунлигини билдирдилар
Музокаралар якунида ҳужжатларни имзолаш маросими бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон Қўшма баёнот имзоладилар. Унда эришилган асосий келишувлар мустаҳкамлаб қўйилган ҳамда икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали ўзаро манфаатли ҳамкорлик ва стратегик шерикликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш бўйича узоқ муддатли вазифалар белгиланган.
Давлат раҳбарлари ҳузурида ташриф доирасида имзоланган Ўзбекистон-Тожикистон инвестиция компаниясини ташкил этиш тўғрисида, саноат ва янги технологиялар соҳасида, тоғ-кон саноатида ҳамкорлик тўғрисида, Зарафшон дарёсида ГЭС қуриш лойиҳаси бўйича қўшма акциядорлик жамияти ташкил этиш тўғрисида, Юклар транзити тўғрисидаги битимлар, шунингдек, Дипломатик ваколатхоналар учун ер майдонларини ўзаро тақдим этиш тўғрисидаги битимга ўзгартиришлар киритиш, Фуқароларнинг ўзаро қатновлари тўғрисидаги битимга қўшимчалар киритиш тўғрисидаги баённомалар, икки мамлакат ташқи сиёсий идоралари ўртасидаги ҳамкорлик Дастури ва қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича “йўл харитаси” алмашилди.
Умуман, энергетика, транспорт, автомобилсозлик, электротехника, тоғ-кон ва енгил саноат, фан, таълим, спорт ва бошқа соҳаларни қамраб олган жами 35 та ҳужжат имзоланди.
Ушбу салмоқли ҳужжатлар тўплами биродар мамлакат ва халқларимиз ўртасидаги ўзаро манфаатли муносабатларни янада, ҳар томонлама ривожлантириш, кўп қиррали шерикликни чуқурлаштириш йўлида янги натижаларга эришиш учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилади.
Оммавий ахборот воситалари учун брифингда Шавкат Мирзиёев ва Эмомали Раҳмон музокаралар ҳар доимгидек очиқ, ишончли ва дўстона руҳда ўтганини таъкидладилар.
— Биз муштарак тарих ва маданият, дин, маънавий қадриятлар ва анъаналар билан чамбарчас боғланган халқларимизнинг кўп асрлик дўстлигини жуда қадрлаймиз.
Шу ерда ўтирган оммавий ахборот воситалари вакиллари ва делегациялар аъзолари кейинги бир неча йилда Ўзбекистон-Тожикистон муносабатлари тараққиётида рўй берган улкан ўзгаришлар гувоҳидир.
Тожикистон билан яхши қўшничилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш – Ўзбекистон ташқи сиёсатининг бош ва ўзгармас устувор йўналиши, — деди давлатимиз раҳбари. – Биз кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг барча масалаларини диққат билан кўриб чиқдик. Шуни қайд этмоқчиман: ҳеч бир йўналиш эътибордан четда қолмади.
Музокаралар чоғида томонлар янги ўсиш нуқталарини белгилаб олдилар, келгуси йилда товар айирбошлашни икки баробар оширишни мақсад қилиб белгиладилар. Етакчилар икки мамлакат ҳудудларининг имкониятларини максимал даражада ишга тушириш, уларни туманлар даражасида “боғлаш”га келишиб олдилар.
Давлат раҳбарлари ташриф арафасида ўтказилган Ҳудудлар форуми ва Ишбилармонлар кенгаши йиғилишининг самарали якунларини, шунингдек, ташриф доирасида умумий қиймати 1 миллиард доллардан зиёд бўлган шартномалар ва инвестиция келишувларлари имзоланганини мамнуният билан қайд этдилар.
Ўзбекистон ва Тожикистон транспорт ва транзит соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор. Музокараларда етакчилар темир йўл, автомобиль ва ҳаво транспортида ташишларни кўпайтириш учун бундан буён ҳам қулай шароит яратиш тўғрисида келишувга эришдилар.
Президент Эмомали Раҳмон, ўз навбатида, аграр тармоқ, енгил, озиқ-овқат ва тоғ-кон саноатида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш товар айирбошлашнинг кўпайиши ва янги иш ўринларининг яратилишига хизмат қилишини қайд этди. У таълим ва тиббиёт соҳаларида, коронавирус пандемиясига қарши биргаликда курашишда шериклик кенгайиб бораётганини мамнуният билан қайд этди.
Бундан ташқари, Президентлар маданият, фан, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларидаги алмашинувларни фаоллаштиришга келишиб олдилар.
— Биз мамлакатларимизда барпо этилган ҳамда бугун мустаҳкамланиб бораётган дўстлик ва шерикликнинг янги рамзларига айланган тиббиёт маркази ва ўқув муассасаси фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаймиз, — деди Шавкат Мирзиёев.
Бу масалаларнинг барчаси икки мамлакат Бош вазирлари раҳбарлик қилаётган икки томонлама Ҳукуматлараро комиссиянинг бевосита назоратида бўлиши қайд этилди.
Президентимиз Тожикистон раҳбарининг 2025 йилни Халқаро музликларни муҳофазалаш йили деб эълон қилиши ва Музликларни асраш халқаро фондини ташкил этиш тўғрисидаги ташаббусларини Ўзбекистон тўлиқ қўллаб-қувватлашини таъкидлади.
— Бугунги музокаралар кўп асрлик дўстлик, ишонч, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш борасида ниятимиз жиддий ва қатъий эканини яна бир бор намойиш этди, — деди сўзининг якунида Президент Шавкат Мирзиёев. – Биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги ҳамкорликда икки биродар халқларнинг равнақи йўлида аниқ, сезиларли натижаларга эришишга қаратилган.