Bu qiziq

АҚШ ЭЛЧИСИ БИЛАН УЧРАШУВ

Бугун Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши билан яқиндан танишиш ҳамда ўзаро ҳамкорлик масалаларини муҳокама этиш учун воҳамизга ташриф буюрган Америка Қўшма Штатларининг фавқулодда ва мухтор элчиси Даниел Розенблюм бошчилигидаги делегация билан учрашди.
Ҳозирда Сурхондарё вилоятида АҚШ бизнес вакиллари сармояси иштирокида 2 та корхона фаолият юритмоқда. Хусусан, 2020 йилда “Ҳаётбахш замин” Ўзбекистон – АҚШ қўшма корхонаси томонидан 4,5 млн. доллар миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ўзлаштирилиб, Термиз туманида 8,5 гектар майдонда интенсив боғ ташкил этилди.
Вилоятнинг АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) билан ҳамкорлиги йилдан-йилга кенгайиб бормоқда.
Жумладан, 2019 йилинг декабрь ойида Термиз шаҳрида Қозоғистон, Туркманистон, Тожикистон, Афғонистон, Покистон, Ҳиндистон, Эрон ва Украина сингари 17 та давлат вакиллари иштирокида минтақавий форум ўтказилиб, Марказий Осиё транспорт-транзит салоҳиятини ривожлантириш, савдо ва инвестиция алоқаларни кенгайтириш юзасидан зарур чора-тадбирлар белгилаб олинди.
USAID фонди билан ҳамкорликда Тошкент давлат аграр университетининг Термиз филиалида қишлоқ хўжалигида қиймат занжири лойиҳаси доирасида мева-сабзавотларни сақлашга мўлжалланган совуқхона (ўқув мақсадларида) қурилди.
Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим марказида 3 ойлик дастурлаш курсларини ташкил этиш режалаштирилган.
АҚШ фавқулодда ва мухтор элчиси Даниел Розенблюм бошчилигидаги делегация билан бўлган учрашув чоғида вилоят ҳокими Тўра Боболов Сурхондарёнинг иқтисодий, ижтимоий, жуғрофий имкониятлари ҳамда ўзига хос инвестициявий хусусиятлари, қўшни Афғонистоннинг Балх вилояти билан фаол ҳамкорлик алоқалари, чегара олди ҳудудда барпо этилаётган “Термиз” эркин иқтисодий зонаси ва “Термиз” халқаро савдо марказида яратилаётган замонавий шароит ва қулайликлар тўғрисида сўз юритди. Меҳмонларни қизиқтирган саволларга жавоб берди.
Ўз навбатида, Даниел Розенблюм мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолаб, Сурхондарё вилояти билан савдо-иқтисодий, инвестицион, туризм, таълим ва бошқа соҳаларда ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш, хусусан, Термиз шаҳрида бепул инглиз тилини ўрганиш, ушбу тилдаги ўқув ва маданий материаллардан фойдаланиш, АҚШда таълим бўйича маслаҳат олиш имкониятини берувчи “Америка бурчаги”ни очиш юзасидан таклифларини баён этди. АҚШ элчисининг таклифлари қўллаб-қувватланди.
АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси делегациясининг вилоятимизга 3 кунлик сафари давомида ТерДУ, ТДАУ Термиз филиали, музейлар, шунингдек, қатор тарихий қадамжолар ва туризм объектларига ташрифи кўзда тутилган.

Related Articles

Back to top button