Одам ўғрилаш
Одам ўғрилашнинг бевосита объекти одамларнинг истаган ерда бўлиш эркинлигини кафолатловчи ижтимоий муносабатлар ҳисобланади. Мазкур жиноий қилмишнинг факультатив объекти жабрланувчининг ҳаёти ёки соғлиғи хавфсизлиги бўлиши мумкин.
Объектив томондан жиноят ЖК 245-моддаси (Шахсни гаров сифатида тутқунликка олиш)да назарда тутилган аломатлар мавжуд бўлмаган ҳолда одам ўғрилашда ифодаланади.
Одамни ўғрилаш деганда, одамни яширинча, ошкора ёки алдаш ёхуд ишончини суиистеъмол қилиш йўли билан ушлаш ва кейинчалик уни доимий яшаш жойидан бошқа ўғриланган одам зўрлик ишлатиб муайян мақсадда ушлаб туриладиган айбдор истаган жойга жойлаштириш тушунилади.
Агар одам ўғрилаш вақтида жабрланувчининг баданига енгил ёки ўртача оғир шикаст етказилган бўлса, қилмиш жабрланувчининг соғлиғига шикаст етказганлик учун жавобгарлик назарда тутилган моддалар бўйича қўшимча квалификацияни талаб қилмайди, жиноят ЖК 137- моддаси 1-қисми билан баҳоланади.
Айбдорлар ҳаракатларини ЖК 137-моддаси бўйича квалификация қилишда, шунингдек, ўғирланган шахс ушлаб турилган жой (турар жой ёки турар жой бўлмаган иншоот, автотранспорт воситаси, маҳаллий ер участкаси) ва у ушлаб турилган муддат аҳамиятга эга эмас.
Агар «жабрланувчи» «ўғри» билан келишиб, ўз турар жойини тарк этса ва ўзининг озод қилиниши учун «ўғри» ундан пул сўраса, қилмиш
ЖК 137-моддаси билан квалификация қилинмайди. Мазкур ҳолатларда жиноятнинг объектив томони – шахсни эгаллаб олиш, зўрлик билан ушлаб туриш ва кўчириш мавжуд бўлмай, товламачилик (ЖК 165-моддаси) ёки фирибгарлик (ЖК 168-моддаси) жиноятларининг таркиби мавжуд бўлади.
Шунингдек, шахснинг ўз боласи ёки фарзандликка олинган боласини бошқа ота-онаси ёки яқин қариндошлари қўл остидан уларнинг хоҳиш-иродасига қарши олиш одам ўғрилаш сифатида баҳоланиши мумкин эмас.
Одам эркинлигидан маҳрум қилинган пайтдан эътиборан жиноят тугалланган деб ҳисобланади. Ўғриланган одамнинг озодликка қандай чиққанлиги — ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан озод қилинганлиги ёки ўғриларнинг ўзлари томонидан қўйиб юборилганлиги қилмишни ЖК 137-моддаси билан квалификациясига таъсир кўрсатмайди.
Субъектив томондан одам ўғрилаш тўғри қасд билан содир этилади.
Агар айбдор одам ўғрилаш орқали моддий жиҳатдан бойиш ёки моддий харажатлардан қутулишни ёхуд жиноятни содир қилишда бошқа паст ниятларда (жинсий ниятлар, жабрланувчи ёки унинг яқин қариндошларига маънавий ва моддий зарар етказиш ва бошқ.) ҳаракат қилса, қилмиш
ЖК 137-моддаси 2-қисми «б» банди билан квалификация қилиниши лозим.
Ушбу жиноятнинг субъекти 14 ёшга тўлган ҳар қандай ақли расо шахс бўлиши мумкин.
Одам ўғрилашда:
а) вояга етмаган шахс ўғриланган бўлса:
б) жиноят тамагирлик ёки бошқа паст ниятларда содир этилган бўлса;
в) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса;
г) такроран ёки хавфли рецидивист томонидан содир этилган бўлса, айбдорнинг қилмиши мазкур модданинг 2-қисми билан квалификация қилинади.
Агар айбдор болани ўғрилаб, уни алмаштириб қўйган бўлса ва бунда тамагирлик ёки бошқа паст ниятни кўзлаган бўлса, унинг қилмиши ЖК
124-моддаси ва 136-модданинг 2-қисми «а», «б» бандлари билан жиноятларнинг жами бўйича квалификация қилиниши лозим.
Одам ўғрилаш:
а) ўта хавфли рецидивист томонидан содир этилган;
б) оғир оқибатларга олиб келган бўлса, айбдор шахс ЖК 137-моддаси
3-қисми билан жавобгарликка тортилади.
Сурхондарё вилоят суди
жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати
судья катта ёрдамчиси Ф.Мирзақулов