Hodisalar

Суд Тошкент шаҳар ҳокимиятига 9 йил олдинги «снос» учун зарарни қоплашни юклади

Яқинда Учтепа туманлараро суди томонидан тадбиркорнинг дўкони бузиб ташланганлиги учун Тошкент шаҳар ҳокимиятидан 1 200 000 000(бир миллиард икки юз миллион) сўм зарар ундириб бериш масаласида суд иши кўриб чиқилаётганлиги ҳақида айтиб ўтгандик. Ишни Олий Мажлиснинг собиқ депутати, айни вақтда судъя Н.Муродов кўриб чиқмоқда эди.

Тадбиркор С.Ногайга бундан тўққиз йил муқаддам Тошкентнинг Навоий кўчасида жойлашган дўкони бузиб ташлангани учун компенсация қоплаб берилиши учун судга Шайхонтохур тумани прокуратураси тадбиркор манфаатини кўзлаб даъво киритган.

Маълум бўлишича, бугун суд иши якунланиб, суд тадбиркор фойдасига 1 198 110 000(бир миллиард бир юз тўқсон саккиз миллион бир юз ўн минг) сўм миқдоридаги зарарни ундириб бериш ҳақида қарор қабул қилибди. Мана буни яхши янгилик деса бўлади.

Суд мажлислари давомида зарарни аниқлаштириш юзасидан мулкни бахолаган эксперт ҳам судга жалб этилган ва барча масалалар ойдинлаштириб олинган.

Эътиборли жиҳати шундаки, суд давомида Тошкент шаҳар ҳокимияти ҳам давони тан олиб, суднинг ушбу қарорига қўшилишини билдирган. Бу жуда камёб ходиса.

Суд шунингдек, Тошкент шаҳар ҳокимиятига давлат божи сифатида 48 миллион сўмга яқин давлат божи ва почта ҳаражатларини қоплашни ҳам юклаган.

Нима ҳам дердик: хусусий мулкларга етказилган зарарни қоплаш масаласида тинимсиз мурожаатлар бўлиб турган вақтда судларнинг бу каби қарорларини эшитиб, келажакка ишонч янада ортади. Менимча бу масалада яхши ўзгаришлар бўлаяпти.

Related Articles

Back to top button