Bu qiziq

Кичкина садақа ҳам катта балоларни қайтарар экан

Эри узоқ юртга сафарга кетган аёл ундан дарак бўлмагач, хавотир ола бошлади. У пайтлар қишлоқларда ҳозиргидек телефонлар йўқ эди. У уйқуга кетганда тушида эрини кўрибди: қандайдир қоронғу хонада бошини эгиб ўтирганмиш. Қўрқиб уйғониб кетган аёл тонг отгунча турли фикрларга бориб ухлай олмади, суриштирай деса манзилини билмайди, охири тонг отгач қўшни кампирдан маслаҳат сўради.

-Болам, эринг соғ-саломат келар. Лекин  садақа чиқариб юбор.

-Пулим йўқ-да, нима садақа қилай?

-Уйингда бордир, бўлмаса етмаганини бизникидан ол, ош қил. Болаларинг билан е. Бир товоқ ошни  қўшниларда биронтасига чиқариб бер. Садақани катта-кичиги бўлмайди. Иншаоллоҳ, эринг соғ-саломат қайтиб келади.

Аёл кампир айтганини қилди ва ошнинг аввалидан бир товоқ сузиб, устига битта нон қўйиб кўчага чиққан эди, узоқда ариқ бўйида уч нафар чол дам олиб ўтирганини кўрди. Ўйлаб ўтирмасдан уларнинг олдига бориб ошни қўйиб, дуо қилишларини сўради.

Бир ҳафта ўтиб эри қайтиб келди, озиб кетган бир аҳволда эди.

-Узоқ юртда пулимни ўғирлатиб қўйдим. Қаерга боришни билмай кўчада оч  ўтирганимда иккита йўлтўсар мени тунамоқчи бўлишди. Ҳеч нарсам йўқлигини айтсам ҳам улар мени калтаклашди. Мен ҳам қаршилик қилиб урдим. Улардан бири ҳушидан кетди. Милиция келиб қолди. Шериги қочиб кетди.  Мени қамаб қўйишди. Қамоқхонада туш пайти ухлаб қолибман. Тушимда учта кекса отахонлар келиб: “Хафа бўлма, яқинда бу ердан қутулиб уйингга қайтасан. Мана бу ошни е,-деб бир товоқ ошни олдимга қўйди. Улар билан бирга ошни ебман. Сўнг улар хайрлаша туриб, -уйдагилардан хавотир олма, улар соғ-саломат. Сени кутиб турибди”,-деди. Уйғонсам, қорним тўқ. Ошнинг таъми оғзимда турибди.

Йўлтўсарларнинг ҳушидан кетгани  касалхонада уч кундан сўнг ўзига келибди, сўроқ қилишганда шеригининг исмини айтибди, қочиб кетган  йўлтўсарни ҳам ушлабди, улар охири бўлган воқеани тан олибди. Эртаси куни айбсизлигим учун озод этишди.

Аёл эрининг тушига ош олиб борган кексалар кирган пайт, бир товоқ ош садақа қилганини эслади. Ё, Аллоҳ, чин дилдан қилинган арзимаган садақа ҳам катта балоларни қайтарар экан-а! Баъзида муҳтож танишимиз бирон нарса сўраб келса, уни қайтара олмайди деб бергимиз келмайди. Ахир бандаси қайтармаса Аллоҳ ортиғи билан беради-ку!

Оловжон

Related Articles

Back to top button