Hodisalar

Судья бўлиш хавфлими?

Сўнгги кунларда Сурхондарё ва Сирдарё вилоятларида юз берган судьялар билан боғлиқ воқеаларни кузатиб туриб, наҳот бугунги кунда судья бўлиш шарафлик касбдан кўра, ўз эҳтиётини қилиб юрадиган ва бошқа алоҳида тоифадаги шахсларни нафрати нишонига айланаётган шахс тоифасига ўтиб қолаяпти, деган асосли саволлар пайдо бўлмоқда.

Судья ким? Қонунга кўра одил судловни амалга оширадиган мансабдор шахс. Халқни орасида эса, судья бу энг аввало оқни оқ, қорани қора дейдиган, қўлига топширилган ишни фақат қонунга асосан, ҳиссиётларга берилмаган ва бошқа шахсларнинг “қош-кўзларига” қарамай ҳал қиладиган адолатли, инсофли шахс гавдаланади. Ҳар холда шундай шахсни кўришни истайди оддий одамлар.

Очиғини айтиш керак, судьяни шахси жамиятда ўзига хос тарзда кўтариб қўйилган. Нима мақсадда? Чунки судья ҳам мансабдор, ҳам оддий шахс сифатида мустақил бўлса, унинг мустақиллиги кафолатланса, ундан шундагина адолатни талаб қилиш мумкин бўлади. Судьяни мустақиллиги ва шахси дахлсизлигини кафолатламай туриб ундан қонуний, асосли ва адолатли қарорларни қабул қилишни талаб қилиш мантиқсиз ва имконсиз.

Қонунчилигимизда судьяларнинг мустақиллиги кафолатларини таъминлаш мезонлари белгилаб берилган.

— Судьянинг шахси дахлсиздир.

— Судьянинг дахлсизлиги унинг турар жойига, хизмат хонасига, фойдаланадиган транспорти ва алоқа воситаларига, хат-хабарларига, унга тегишли ашёлар ва ҳужжатларга тааллуқлидир.

— Судьяга нисбатан жиноят иши фақат Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори томонидан қўзғатилиши мумкин.
— Судья Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг хулосаси олинмасдан ва Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг розилигисиз жиноий жавобгарликка тортилиши, қамоққа олиниши мумкин эмас.
— Судья Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг хулосаси олинмасдан маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкин эмас.
— Судьянинг турар жойига ёки хизмат хонасига, фойдаланадиган транспортига кириш, уларни кўздан кечириш, уларда тинтув ўтказиш ёки улардан ашёни олиш, телефондаги сўзлашувларини эшитиш, судьяни шахсан кўздан кечириш ва уни шахсий тинтув қилиш, шунингдек унинг хат-хабарларини, унга тегишли ашёлар ва ҳужжатларни кўздан кечириш, олиб қўйиш ёки олишга фақат Қорақалпоғистон Республикаси прокурорининг, вилоят, Тошкент шаҳар прокурорининг, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокурорининг рухсати ёки суднинг қарори билан йўл қўйилади.

Юқоридагилардан кўришимиз мумкинки, Қонун судьяларни мустақиллигини кафолатлаш учун барча имкониятларни ва имтиёзларни берган. Ўзбекистоннинг энг чекка қисмидаги туманда ишлаётган судья ва вилоятдаги судга раислик қилаётган судьянинг мақоми ҳам дахлсизлиги ҳам бир хил. Бу дахлсизликни бузишга эса ҳеч кимнинг хаққи йўқ.

Шундай экан, ҳар қандай мансабдор шахс ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган вакиллари судьяни бирор бир ҳуқуқбузарлик ёки ижтимоий хавфли қилмишни содир этгани ёхуд содир этаётгани, худди шунингдек қонунга бўйсунмаслиги ҳолати юзасидан тўғридан-тўғри муносабатга кириша олмайди, токи юқоридаги жараёнлардан ўтмас экан. Унга нисбатан жисмоний куч ишлатиш ёки бошқача тарзда таъсир ўтказиш эса фавқулодда ҳолат деб топилиши лозим.

Бўлиб ўтган воқеалар юқоридаги қонун нормаларида белгиланган қоида ва тартибларни очиқчасига бажармаган ёки бажаришни истамаган ёхуд бу қоидалар борлигини амалда билмаган шахсларни савияси қандай даражада эканлигини кўрсатади.

Мақсадимиз қонунларни монеликсиз бажарилишига асосланган ҳуқуқий демократик давлатни қуриш экан, бунга суд тизимини мустақил ва судьяларни дахлсиз қилмасдан эриша олмаймиз. Бу қоидани бузганларга эса жавобгарликнинг муқаррарлиги таъминланиши шарт.
Судьянинг дахлсизлиги судья учун қадрият, бошқалар учун ноқонуний тарзда бузиб бўлмас қўрғон бўлиши керак. Бу қадриятни ўрнатишда судьялар бир бўлиб қонун устуворлигини таъминлашда биргаликда ҳаракат қилишимиз шарт.

Аброрхон Акрамов,
Тошлоқ туман маъмурий судининг раиси

Related Articles

Back to top button