Синовли кунларни биргаликда енгамиз!
Бугун барчамизга аёнки бутун дунё давлатлари коронавирус пандемияси билан курашмоқда. Ер шарининг исталган минтақасида ушбу касаллик кириб бормаган давлат деярли қолмади. Қайси ривожланган давлатларни олмайлик, иқтисодий қудрати ва тиббиёт соҳаси ривожланганлигига қарамасдан ушбу давлатларни ҳам эсанкиратиб қўйди.
Муҳтарам Президент айтиб ўтганидек, коронавирус тарқаб кетмаслиги учун давлат барча чораларни кўриши, аммо шу синовли дамларда ҳар бир Ўзбекистонлик, ҳар бир идора, жамоатчилик вакиллари бир мушт бўлиб, ҳаракат қилиши кераклиги, касалликни маҳаллага, уйга, оилага олиб кирмаслик учун, энг аввало, ўзимиз масъул бўлишимиз лозимлиги кўрсатиб ўтилди.
Шунингдек, давлат раҳбари ўз мурожаатида “Бизнинг буюк ва танти халқимиз кўп асрлик тарихида не-не бало-қазоларни, урушлар ва очарчиликларни мардонавор енгиб ўтган. Бу синовдан ҳам муносиб ўтиб олишимизга қатъий ишонаман. Ҳаммамиз янада жипслашиб, сабр-матонатли бўлсак, шифокорлар тавсияларига тўлиқ амал қилсак, албатта, бу касалликни тезроқ енгиб ўтамиз!”, дея таъкидлади.
Президентимизнинг 2020 йил 19 мартдаги “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги ва 2020 йил 3 апрелдаги “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 мартдаги “Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ пандемиянинг иқтисодий оқибатларини енгиллаштириш мақсадида халқ хўжалиги тармоқларидаги фаолият ҳам карантин талаблари асосида ташкил этилмоқда. “Ўзбекистон темир йўллари”АЖ томонидан дизенфекция ва зарарсизлантириш тадбирлари мунтазам амалга ошириб келинмоқда.
Жумладан Корхонада коронавирус тарқалишининг олдини олиш ва унинг профилактикасини таъминлаш мақсадида Термиз темир йўл Санитария-эпидемиологик станцияси томонидан дезинфекция ишлари амалга оширилмоқда.
Термиз минтақавий темир йўл узели ва унинг тасарруфидаги барча корхона ва ташкилотларда кириш ва чиқишда қатъий назорат ўрнатилган, ишчи ходимларга ишхоналарга киришидан аввал тиббий ниқоб ва қўлқоблар тарқатилмоқда, қўллари антисептик воситалар билан дизенфекция қилинмоқда ҳамда тана ҳароратлари ўлчаниб ишга рухсат берилмоқда.
Меҳнат фаолият йўналиши ва лавозим йўриқномасига асосан баъзи ишчи-ходимлар масофавий ишлаш тизимига ўтказилган. Асосий фаолиятдан ташқари харакат хавфсизлигига таъсир этмайдиган ишчи ходимларга меҳнат таътиллари бериб борилмоқда. Устоз шогирд анъаналарини давом эттириш мақсадида масофавий ўқитиш тизими ҳам жорий қилинган.
Ҳар кунлик ишга келувчи шахар ва шахар атрофидаги ишчи ходимлар учун корхонанинг махсус дизенфекция қилинган автобуси йўлга қўйилган, бундан ташқари туманлардан қатнаб ишловчи ишчи ходимлар учун Термиз-Дарбанд-Термиз йўналишида махсус Санитария-эпидемиологик талаблари бўйича дизенфекция қилинган поезд қатнови йўлга қўйилган.
Коронавирус пандемияси даврида маҳаллий ва халқаро миқёсида юк ташиш, зарур озиқ-овқат ва дори-дармон воситаларини жойларга етказишда темир йўл тизими ходимлари самарали фаолият юритишмоқда.
Афғонистонда фаолият юритаётган темир йўлчиларга хавфсизлиги ва саломатлигини таъминлаш мақсадида Афғонистондан қайтган темир йўлчилар учун карантин чоралари кўрилмоқда.
Термиз темир йўл бош шифокори Чори Қурбоновнинг айтишича, 31 март куни Афғонистон ҳудудида фаолият юритувчи “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ ишчи-ходимларининг 73 нафари Сурхондарё вилояти Бойсун туманидаги Омонхона даволаниш комплексига карантинга олиниб, уларга 14 кун давомида сифатли тиббий хизмат, дори-дармон ва озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланиб, мароқли дам олишлари учун барча шарт-шароитлар яратиб берилган ва карантин муддати тугагандан сўнг уйларига соғ-саломат оиласи даврасига қайтарилган.
Инсоният учун умумий офатга айланган ушбу касалликка барча давлатлар баҳамжиҳат бўлиб курашса, хавфу хатарни тезроқ бартараф этиш мумкин, Бу масалага ҳукуматимиз алоҳида эътибор билан қарамоқда. Ён қўшниларимизга кўрсатилган ёрдам ҳам ана шундай эзгу мақсадга йўналтирилгани билан аҳамиятлидир.
Президентимиз ташаббуси билан қўшни Қирғизистон Республикаси, Тожикистон Республикаси, Афғонистон Ислом Республикаларига коронавирус “COVID-19” касаллигини бартараф этишга кўмаклашиш мақсадида инсонпарварлик ёрдами юборилди. Бу каби эзгуликка ундовчи инсонпарварлик ёрдамини беришда “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ хусусан “Термиз минтақавий темир йўл узели” ҳодимлари ҳам астойидил меҳнати билан ўз хиссаларини қўшиб келмоқдалар.
Пандемия даврида “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати ташкил этилгани халқимизнинг меҳр-саховат, химмат каби юксак фазилатларини янада жўш урдирмоқда. Бу ҳаракат, айниқса, давлатимизнинг беқиёс ғамхўрлигини чуқур хис қилиб турган темирйўлчиларни эхтиёжманд аҳолига саховат кўрсатишга чорламоқда. Хусусан Термиз минтақавий темир йўл узели бошланғич касаба уюшмаси қўмитаси томонидан 17 та оилага, яъни боқувчисини йўқотган, ногирон ва ижтимоий муҳтож пенсионерларга озиқ-овқат маҳсулотлари, 1 нафар ишлаб чиқариш ногирони бўлган фуқаронинг 2 нафар фарзандига ўқув қуроллари олиб берилган. Булардан ташқари 36 нафар ижтимоий муҳтож ходимларга моддий ёрдамлар кўрсатилган.
Халқимиз яхши кунларда ҳам оғир қийинчилик кунларда ҳам ўзаро меҳр-оқибат, инсонпарварлик хайр-саховат намоён этиб келган. Нафақат юртимиз балки бутун дунёни ташвишга солиб келаётган пандемия шароитида қийинчиликларни албатта ҳамжихатликда соғлом фикр ва оқилона ҳатти-харакатларимиз билан енгиб ўтамиз, муҳими бугун барчамиз ҳукумат даражасида катта ғамхўрликларни хис қилиб, улардан бахраманд бўлиб турибмиз.
Давлат бошқаруви академияси тингловчиси
Хошбаков Б.А.