Hodisalar

«Аслида, бу — жиноят». Вазир ўзининг касаллигини била туриб ўнлаб кишиларга вирус юқтираётганларни танқид қилди

Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов «Ўзбекистон 24» телеканалидаги чиқишида Ўзбекистон томонидан амалга оширилган чоралар халқаро ҳамжамият томонидан юқори баҳоланаётганини айтиб ўтди.

«Ўзбекистон дунёдаги тавсияларни биринчилардан бўлиб бажарган ва мамлакат нуқтайи назаридан барча тавсияларга итоат этган мамлакатлар қаторида эътироф этилди. Яъни биз керакли тавсияларни, айрим ҳолатларда ортиғи билан чораларни кўрдик. Буёғи халқимиз, унинг маданияти, сабр-тоқати, айтилаётган гигиена қоидалари ва чеклов чораларига амал қилишига боғлиқ бўляпти», деди Шадманов.

Соғлиқни сақлаш вазири аҳоли ҳаракатланишининг чекланмаслиги касаллик жуда тез тарқалиши ва мамлакатнинг иқтисодиёти, соғлиқни сақлаш тизимига ўз таъсирини кўрсатиб, уни шок ҳолатига келтириши ва ёрдам бериш имкониятини йўқ қилаётгани, бу каби ҳолатлар Европанинг қатор мамлакатларида кузатилаётганини қайд этиб ўтди.

Вазир шу кунгача аниқланган беморлар орасида талаблар ва тавсияларга қулоқ солмаганлар борлигини афсус билан таъкидлади ва ўзининг коронавирус билан зарарланганини била туриб вақтида мурожаат қилмаган шахслар бошқаларга қараганда кўпроқ одамга вирус юқтирганини маълум қилди.

«Ҳозиргача аниқланган беморлар орасидан талаб ва тавсияларга амал қилмаётганлари жуда кўп. Масалан, 15 март куни коронавирус аниқланган бемор бутун оиласига ва иш жойидаги жами 15 нафар кишига вирус юқтирган.

27 март куни Андижонда касаллиги аниқланган шахсдан ота-онасига коронавирус юққан. Унинг отаси яна 36 ҳамкасбига коронавирус юқтирган. Ҳамкасбларидан бири 4 нафар қариндошига юқтирган. Ундан ташқари яна мулоқотда бўлганлардан 3 кишига касаллик ўтган. Бир кишидан жами 46 нафар одамга коронавирус тарқалган. Афсуски, бу беморимиз касаллик белгилари кўрина бошлаганда ҳам шифокорларга хабар бермаган.

Тошкент шаҳридаги беморимиз турмуш ўртоғи билан Туркияга бориб келган. У оила аъзолари бўлган 8 кишига касаллик юқтирган. Уларнинг барчасини ҳозир даволаяпмиз.

Тошкент вилоятидаги яна бир беморимиз эса 26 мартда касаллик бошланганига қарамай 5 кун давомида уйида ётган. У фақат 30 март куни шифокорларга мурожаат қилган ва уни даволашга олдик. Айни вақтда уни сунъий нафас берувчи (ИВЛ) аппаратига улаб қўйишга мажбур бўлганмиз.

Тошкент вилоятидан бошқа бир беморимиз эса йўталиш, тана ҳарорати кўтарилиши ва нафас сиқишига қарамай тўртта ташкилотга борган. Биз мажбур бўлдик ўша ташкилотларнинг барчасини ёпишга. Бу бемор 52 кишига касалликни юқтирган.

Яна бир бемор учта ташкилотда ишлаётган бўлган. У ўзида касалликни сезиб туриб ишлашда давом этган ва 46 нафар кишига вирус юқтирган.

У сабабли 100дан ортиқ инсонларни кузатувга олишга мажбур бўлдик. Касаллик бошланганини билгани ҳолда шунча одам билан мулоқотда бўлган

Аслида, бу каби ҳолатлар жиноят. Била туриб шунча одамга касални юқтириш хиёнатдир», дейди Шадманов.

Вазир коронавирус тарқалишининг олдини олишда интизомга риоя этилиши муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

«Қачонки интизом бўлса, барча тартиб-қоидага бўйсуниб, икки ҳафта уйимизда ўтирсак, ҳаммаси ўтиб кетади. Шунда биринчи навбатда оила аъзоларимизни сақлаб қолган бўламиз», деди Алишер Шадманов.

У карантин қоидаларига оилада ҳам риоя этиш кераклиги, яқинлар билан қучоқлашиб кўришмаслик, улар билан мулоқотда масофани сақлаш кераклигини таъкидлади.

Related Articles

Back to top button