Hodisalar

НОҚОНУНИЙ РАВИШДА МЕҲНАТ ШАРТНОМАСИ БЕКОР ҚИЛИНГАН ТУМАН ХОКИМЛИГИ ХОДИМИ ЎЗ ИШ ЎРНИГА ТИКЛАНДИ

Даъвогар Мансур Омонов (исм-фамилия ўзгартирилган) жавобгар Денов туман хокимлигига нисбатан “қарорни ғайриқонуний деб топиш, ишга тиклаш, мажбурий прогул юрган кунлари учун иш ҳақи ва етказилган маънавий зарарни ундириш ҳақида”ги  даъво аризаси билан судга мурожаат этган.

Мазкур даъво аризаси бўйича қўзғатилган фуқаролик иши суд мажлисида кўрилиб, даъвогарнинг даъво аризаси қаноатлантирилди.

Аниқланишича, даъвогар Мансур Омонов вилоят ҳокимининг тегишли фармойишига асосан туман хокимлиги “Фаровон” маҳалла фуқаролар йиғинида тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчиси лавозимига ишга қабул қилинган.

Денов туман ҳокимининг қарорига асосан даъвогар Мансур Омонов Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 100-моддаси ҳамда суднинг ҳал қилув қарорига асосан туман хокимлиги  “Фаровон” маҳалла фуқаролар йиғинида тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчиси лавозимидан озод этилган.

Иш ҳужжатлари ва судда аниқланган ҳолатларга кўра, иш берувчининг  даъвогарни ишдан бўшатишга розилик беришни сўраб касаба уюшмасига киритган тақдимномаси касаба уюшмаси аъзолари томонидан даъвогарнинг иштирокисиз кўриб чиқилган.

Шунингдек, 02.06.2023 йилда ўтказилиши режалаштирилган касаба уюшмаси қўмитасининг йиғилиши вақти ва жойи ҳақида даъвогар Мансур Омонов тегишли тартибда хабардор қилинмаган.

Туман хокимлигининг 2022 йил 25 февралда тасдиқланган “Ички меҳнат тартиби қоидалари”нинг 2.35-бандига кўра, меҳнат шартномаси бекор қилинишига олиб келувчи меҳнат вазифаларини бир марта қўпол равишда бузишларни рўйхати келтириб ўтилган.

Жавобгар туман хокимлиги даъвогар Мансур Омоновни ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмаган қоидалар киритилган 25.02.2022 йилдаги “Ички меҳнат тартиби қоидалари”нинг 2.35-бандини асос қилиб асоссиз ишдан бўшатган.

Суд, норматив ҳужжат талаблари ва ишдаги аниқланган ҳолатлардан келиб чиқиб, даъвогарнинг даъво аризасини қаноатлантириб, жавобгар туман ҳокимининг 05.08.2023 йилдаги тегишли қарорини ғайриқонуний деб топиб бекор қилиш, даъвогар МАНСУР ОМОНОВни ишга тиклаш, жавобгар туман хокимлигидан даъвогарнинг фойдасига мажбурий прогул юрган кунлари учун иш ҳақи ва маънавий зарар ундириш ҳақида ҳал қилув қарори қабул қилди.

Хулоса қилиб айтганда, Бош қомусимизда ҳамда меҳнат қонунчилигида белгиланган барча нормалар ҳар бир шахснинг меҳнат қилиш, эркин касб танлаш ва адолатли меҳнат шароитларида ишлашга тўла ҳақлилиги таъминлаб берилганлигидан далолат беради.

 

НУРАЛИ МУМИНОВ,

Фуқаролик ишлари бўйича Денов туманлараро суди судьяси

 

 

Related Articles

Back to top button