Коронавирус ҳақида биринчи бўлиб хабар берган хитойлик шифокор вафот этди
Коронавирус эпидемияси ҳақида биринчи бўлиб хабар берган Хитойлик 34 ёшли шифокор Ли Вэньлян вафот этди. Бу ҳақда Спутник нашри хабар берди.
Коронавируснинг янги тури ҳақида биринчи бўлиб хабар берган, одамларни эпидемиядан огоҳлантирмоқчи бўлган хитойлик шифокор Ли Вэньлян вафот этди, деб хабар қилмоқда Global Times.
Ухан шаҳри марказий шифохонаси доктори Ли Вэньлян 30 декабр куни WeChat тармоғидаги ўз ҳамкасбларига бир кунда «Хуанань» денгиз маҳсулотлари бозорида 7та SARS инфекцияси юқиш ҳолати қайд этилганини ва улар коронавируснинг янги турига (штаммига) таалуқли эканини хабар қилган.
Ушбу пост тез орада тарқалиб, одамлар орасида ваҳима пайдо бўла бошлаган, чунки одамлар SARS эпидемияси қайтишидан жуда қўрқишган.
Бир неча кундан сўнг Ли Вэньлян ва яна 7 нафар шифокор полиция бўлинмасига чақирилиб, “ёлғон маълумот” тарқатиб одамларни ваҳимага солмаслик ҳақида огоҳлантирилган.
Ли Вэньлян 11 январ куни унинг тана ҳарорати ошиб йўтал пайдо бўлганини хабар қилган. Ўзида коронавирус қайд этилгани ҳақидаги пост шифокорнинг ижтимоий тармоқдаги сўнгги пости бўлган. Бир неча кун даволанишдан сўнг 6 феврал тунда у вафот этган.