Madaniyat

Экология соҳасидаги муносабатлар: ҳуқуқ ва мажбурият

Маълумки, экологияни, жумладан, атроф-муҳитни, она табиатни асраб-авайлаш – барчамизнинг умумий ва бирламчи бурчимиз ҳисобланади. Бошқачароқ қилиб айтганда, экологияни ҳимоя қилиш ва унга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш – бу, нафақат ҳар бир инсоннинг индивидуал, балки, оммавий маънода ҳам умумбашарий мажбурияти ҳамдир.

Шу сабабли ҳам, она табиатимиз, хусусан, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалаларига Ўзбекистон Конституцияси даражасида эътибор қаратилмоқда.

Бош Қомусимизнинг муқаддима қисмидаёқ “мамлакатимизнинг бебаҳо табиий бойликларини кўпайтиришга ҳамда ҳозирги ва келажак авлодлар учун асраб-авайлашга ҳамда атроф-муҳит мусаффолигини сақлаш” ҳам асосий мақсадларимизнинг қаторидан жой олган.

Экология ва атроф-муҳитга оид нормалар Конституциямизнинг қатор нормаларида ўз аксини топган бўлиб, эътиборли жиҳати шундаки, ушбу қоидалар жипс ҳолда ва айнан битта конституциядаги айни бир норматив тузилмада акс эттирилмаган.

Ушбу нормаларнинг мазмунига ва уларнинг мазмунини ўрганиб чиқамиз.

Бунда, экологияга доир нормалар айрим ҳолларда ҳуқуқ сифатида кўрсатилган бўлса, бошқа ҳолларда эса бурч ва мажбурият тарзида келтирилганлигини қайд этиш жоиз.

Масалан, Конституциямизнинг IX бобидаги 49-моддада барчанинг қулай атроф-муҳитга ва унинг ҳолати ҳақида ишончли ахборотга эга бўлиш ҳуқуқига эгалиги эътироф этилган бўлиб, ушбу ҳуқуқларнинг таъминланиши бўйича давлатнинг мажбуриятлари ҳам кўрсатилган. Хусусан, давлат фуқароларнинг экологик ҳуқуқларини таъминлаш бўйича шаҳарсозлик фаолияти борасида жамоатчилик назоратини олиб бориш учун шароитлар яратиш, атроф-муҳитни яхшилаш, тиклаш ва муҳофаза қилиш, экологик мувозанатни сақлаш бўйича чоралар кўриш ва ҳатто алоҳида тарзда Оролбўйи минтақасининг экологик тизимини муҳофаза қилиш ҳамда тиклаш бўйича чора кўриши мажбуриятлар қаторида кўрсатилган.

Давлатнинг, жумладан, алоҳида органларининг экологик ҳуқуқларни таъминлашдаги мажбуриятлари бошқа моддаларда ҳам ўз аксини топган.

Масалан, XIV бобдаги 79-модданинг биринчи қисмига кўра, давлат ёшларнинг …экологик ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлаши, XX бобдаги 115-модданинг 4-бандида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий бойликларни ва биологик хилма-хилликни сақлаш, иқлим ўзгаришига, эпидемияларга, пандемияларга қарши курашиш ҳамда уларнинг оқибатларини юмшатиш соҳаларида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлаш”и,
XXI бобдаги 123-модданинг 2-бандида вилоятлар, туманлар, шаҳарлар ҳокимларининг “ҳудудларни … экологик жиҳатдан ривожлантиришни таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш” ваколати белгилаб қўйилган.

Юқорида айтилганидек, фуқароларнинг бу борадаги мажбуриятлари ҳам кўрсатилган. Зеро, инкор этиб бўлмайдиган ҳуқуқ назарияси ва амалиёти тамойилларига кўра, ҳуқуқдан фойдаланиш учун, аввало, бу борадаги мажбуриятларга ҳам сўзсиз итоат этиш лозим.

Шу сабабли ҳам, Конституциямиз XI бобининг 61-моддасида фуқаролар Ўзбекистон халқининг табиий меросини асраб-авайлаши шартлиги, табиий мероснинг давлат томонидан муҳофаза қилиниши кўрсатилган бўлса, 62-моддасида фуқаролар атроф табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга мажбурликлари, XII бобдаги  68-моддада эса “ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий ресурслар умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасидадир” деб қатъий белгилаб қўйилган.

Юқоридагилардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, экология борасидаги умумий барқарорлик ва тараққиётни таъминлаш учун гарчи тарқоқ ҳолда бўлса ҳам, Конституциямизда бу борадаги зарур ҳуқуқ ва мажбуриятлар аниқ белгилаб қўйилган.

Ушбу қоидаларни бузганлик бўйича эса тегишли қонунчиликда жавобгарлик чоралари ҳам белгилаб қўйилган.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тўртинчи бўлими ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг VIII бобида айнан экология ва атроф-муҳит билан алоқадор ҳуқуқбузарликлар учун жиноий ва маъмурий жазолар белгилаб қўйилган. Ушбу нормаларнинг мавжудлиги давлатимизнинг табиатни асраш ва муҳофаза қилиш борасидаги ҳимоя функцияларини бажаришга ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.

Шу билан биргаликда, бизнингча, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш чораларини ушбу муносабатларни фақатгина Конституцияда ҳуқуқ ва мажбурият сифатида белгилаш ёки соҳада содир этилиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш учун жазо қоидаларини белгилаш орқали тўлақонли амалга ошириб бўлмаслиги мумкин. Шу сабабли ҳам, табиатни асраш вазифасига давлатимиз раҳбарияти даражасида юксак эътибор қаратилиб, у борада қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳам қабул қилиниб, амалиётга татбиқ қилинмоқда.

Масалан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 30.01.2025 йилда “«Ўзбекистон — 2030» стратегиясини «Атроф-муҳитни асраш ва «яшил иқтисодиёт» йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги
ПФ-16-сонли Фармони (кейинги ўринларда — Фармон) қабул қилинган бўлиб, унда БМТнинг Иқлим ўзгариши тўғрисидаги ҳадли конвенциясининг Киото протоколи ва Париж битими доирасида мамлакатнинг глобал ҳамжамият олдида олган мажбуриятларини бажаришда тармоқ ва соҳаларнинг уйғун «яшил трансформация»сини амалга ошириш, уларнинг рақобатбардошлиги ва ресурс тежамкорлигини таъминлаш, иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш ва унга мослашиш ҳамда аҳолининг яшаш сифатини яхшилаш ва иқтисодий ўсишнинг янги «яшил ривожланиш» моделига ўтиш каби устувор мақсадларга эришиш учун кўплаб вазифа ва мақсадлар белгиланган.

Бугунги кунда ушбу Фармонда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш борасида бугунги кунга қадар қатор қонунчилик ҳужжатлари ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий қилинмоқда ва экология соҳасидаги ислоҳотлар изчил давом эттирилмоқда.

Сариосиё туманлараро иқтисодий суди раиси                   

А.Н.Сатторов

                                                                                                                                                                                                 

Related Articles

Back to top button