Madaniyat

Бурчини унутаётган алиментчи оталарга 15 суткадан қамоқ жазоси тайинланди

Амалдаги қонунларимиз ҳам, дину-диёнатимиз ҳам фарзанд тарбияси ва унинг вояга етгунча моддий таъминотини оталар зиммасига юклайди. 

Бироқ, жамиятда бу мажбуриятни тан олмай, фарзандининг моддий таъминотига бефарқ бўлаётган алиментчи оталар ҳам йўқ эмас. Бундай шахслар суд қарорини назар-писанд қилмай, фарзандларининг моддий таъминоти учун берилиши лозим бўлган алимент пулларини ўз вақтида тўлаб қўйишдан бўйин товлаётгани ачинарлидир.

Алимент тўловларини ўз вақтида тўламасдан фарзандларининг моддий таъминотига бефарқ бўлаётган алиментчи оталарга суд тартибида қонуний чора кўрилди.

Жумладан, Шеробод туманида яшовчи Отабек Алиқулов 2 нафар вояга етмаган фарзандининг моддий таъминоти учун 13 миллион 821 минг сўм алимент пулини тўлашдан бўйин товлаб келаётган эди. Мажбурий ижро бюроси Шеробод тумани бўлими томонидан тўпланган ҳужжатлар очиқ суд мажлисида кўриб чиқилиб, қарздор отага нисабатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддасига асосан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

Худди шунингдек, Туманнинг “Меҳробод” маҳалласида яшовчи Абдуқодир Саматовдан ҳам суд қарори билан икки нафар вояга етмаган фарзандининг моддий таъминоти учун алимент ундириш белгиланган. Бироқ, у 14 миллион 98 минг сўм алимент пулларини тўламагани учун ўн беш сутка маъмурий қамоқ жазосини ўтайдиган бўлди.

Эндиликда улар белгиланган маъмурий қамоқ жазосини ўтаб бўлгач, икки ой давомида фарзандлари олдидаги алимент қарзларини тўламаса, жиноий жавобгарликка тортилиб, янада жиддийроқ жазо олишига тўғри келади.

 

Мажбурий ижро бюроси Сурхондарё вилоят бошқармаси

Related Articles

Back to top button