Madaniyat

Ҳуқуқий хулқ тушунчаси

Маълумки, инсонларнинг фаолияти, хулқ-атвори бир хил эмас. Ҳуқуқ инсоннинг ҳуқуқий таъсир доирасига кирадиган хатти-ҳаракатини тартибга солади. Ҳуқуқ билан тартибга солинувчи хулқ-атвор ҳуқуқий хулқ деб номланади.

Айни пайтда ҳуқуқий хулқнинг юридик белгилари ҳам мавжуд:

а)   ҳуқуқий тартибга солинганлиги;

б)   давлат назорати остидалиги;

в)   юридик оқибатларга олиб келиши.

Ижтимоий муносабатлар иштирокчиларининг мутлақ кўпчилиги ҳуқуққа мос равишда, яъни мамлакат қонунларига риоя қилиб, уни бузмасдан, ўз ҳуқуқ ва эркинликларидан фойдаланган ҳолда ва мажбуриятларни бажариб нормал хулқ-атворни амалга оширадилар. Бу индивидуал ва жамоавий хулқ-атвор субъектларининг асосий ва умумий хулқ шаклидир.

Ҳуқуқий хулқ энг аввало аҳолининг онгли қисмини, яъни қонунга итоаткор фуқароларни қамраб олади. Қонунни ҳурмат қилиш эса ҳуқуқий давлат ва унинг умумий юқори маданиятининг муҳим хусусиятидир. Бундай хулқ уюшган кишилик жамиятининг, ўзаро мақбул ва маърифий муносабатларнинг зарур шартидир. Римликлар фикрича: «Кимки қонунлар асосида яшаса, у ҳеч кимга зарар етказмайди».

Демак, ҳуқуқий хулқ — бу юридик нормалар талабларига мос келувчи хулқдир. Бунда ҳуқуқий қоидаларга бўйсуниш кўп ҳолларда соф механик (рефлектор) эмас, балки индивиднинг бутун ҳаётий тажрибаси, унинг маданий, ахлоқий ва ҳуқуқий қарашлари билан белгиланади. «қонун билан ман этилмаган нарсаларга рухсат берилади» деган машҳур принципга асосланган ҳуқуқий хулқ презумпцияси мавжуд.

Ҳуқуқий хулқнинг хусусиятлари қуйидагиларда намоён бўлади:

  • у ижтимоий зарур ва ижтимоий фойдали ҳодиса;
  • инсон иродаси эркинлигини ифодалайди ва амалга оширади;

3)     ҳам индивид, ҳам давлат манфаатлари ва эҳтиёжларини
қаноатлантиради;

  • жамиятда зарурий ҳуқуқий-тартиботни таъминлайди;
  • шахснинг позитив жавобгарлиги билан боғлиқ;
  • ҳуқуқий давлат ҳуқуққа зид хулқни жамият ҳаётидан сиқиб чиқариш орқали ҳуқуқий муносабатлар доирасини кенгайтиришга интилади, яъни ҳуқуқий хулқ оммавий ҳисобланади;
  • ихтиёрий ва онгли равишда амалга оширилади.

Ҳуқуқий хулқ — бу ҳуқуқ нормаларига мос келадиган, юридик оқибатларни келтириб чиқарадиган, ижтимоий фойдали аҳамият касб этувчи ҳуқуқ субъектларининг онгли ва ихтиёрий хулқидир.

Моҳиятига кўра, ҳуқуқий хулқ шакллари ҳуқуқни амалга ошириш шаклларига тўла мос келади, яъни ҳуқуқий хулқ ҳуқуқ нормаларини амалга оширилишини ифода этади, ҳуқуққа риоя қилиш, уни бажариш, ундан фойдаланиш ва уни қўллаш каби шаклларда намоён бўлади. Ҳуқуқ нормаларига амал қилиш, юридик мажбуриятларни бажариш, ўрнатилган ҳуқуқлардан фойдаланиш, махсус субъектлар томонидан ҳуқуқни қўллаш — булар ҳаммаси биргаликда ҳуқуқий хулқнинг моҳиятини ифодалайди.

Бу ерда субъектнинг хулқи қандай ҳолатларда ҳуқуқий, бироқ жамият учун исталмаган ва зарарли бўлишини фарқлаш зарур. Масалан, субъект арзимас сабаблар билан бир неча марта никоҳни бузиб ва уни бекор қилса, бу ҳол расман неча марта уйланиш мумкинлигини белгиламаган қонунга зид келмаса-да, бироқ бу давлат ва жамиятнинг оилани мустаҳкамлашга бўлган интилишига тескари. Шунга ўхшаш сайловларда овоз беришда иштирок этмаслик ҳуқуққа зид ҳаракат эмас, бироқ ижтимоий-сиёсий нуқтаи назардан субъектнинг бундай хулқини фойдали деб бўлмайди, чунки давлат ва жамият барибир барча сайловчиларнинг ўз фуқаролик бурчларини бажаришлари, ўз эркларини у ёки бу тарзда ифодалашларидан манфаатдор бўлади.

Ҳуқуқий хулқ таркибига қуйидаги элементлар киради:

субъект (ҳуқуқ лаёқатли шахс);

  • объект (ижтимоий фойдали натижа);
  • объектив томони (ҳуқуққа зид бўлмаган ҳаракат ёки ҳаракатсизлик);

4)   субъектив томони (позитив мақсадлар, мотивлар, қоидалар).
Субъектив томон ҳуқуқий хулқнинг ички томонини ифодалаб, у

ҳуқуқ субъектларининг масъулиятлилик даражаси билан белгиланади.

Ҳуқуқ назариясида ҳуқуқий хулқнинг турли жиҳатлари, белгилари, тавсифи, хусусиятлари етарлича ёритилган. Юристлар асосан инсонларнинг ҳуқуққа хилоф ножўя ҳаракатлари билан иш кўрадилар, бироқ улар шунингдек қонунларга риоя этувчилар қандай мотивларга асосланадилар, нормал хулқ эталони қандай, қандай ҳолатни ундан четга чиқиш деб ҳисоблаш мумкинлигини билишлари лозим. Ҳам ҳуқуқий, ҳам ноҳуқуқий хулқнинг руҳияти ва технологиясини, уларнинг механизми ва сабабларини, ички ва ташқи омилларини билиш, тушуниш муҳим.

Хулқнинг ижтимоий аҳамиятига кўра қуйидаги турлари мавжуд:

-объектив равишда зарурий хулқ (йўл қоидасига риоя этиш, солиқларни тўлаш, Ватанни ҳимоя қилиш);

-жамият учун исталган ҳуқуқ (сайловларда қатнашиш, партияга аъзо бўлиш, никоҳга кириш);

-ижтимоий жиҳатдан йўл қўйиш мумкин бўлган хулқ (иш ташлаш, ажралиш, ишини тез-тез ўзгартириш);

-ижтимоий зарарли, жамият учун исталмаган хулқ (жиноятлар, ножўя ҳаракатлар).

Ҳуқуқий хулқни субъектларига, объектив ва субъектив томонлари, юридик оқибатларига қараб таснифлаш мумкин.

Субъектига қараб: индивидуал ва гуруҳий ҳуқуқий хулқ.

Объектив томонига қараб: фаол ҳаракат ва ҳаракатсизлик билан боғлиқ ҳуқуқий хулқ.

Сурхондарё вилоят суди

жиноят ишлари буйича судлов ҳайъати судя катта ёрдамчиси

Ж.Убайдуллаев

Related Articles

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Back to top button