Ўзбекистонда камбағалликнинг чегараси янгиланди
Ўзбекистонда 2023 йил учун ҳисобланган камбағаллик чегараси – минимал истеъмол харажатлари бир ойда бир кишига 568 минг сўмни ташкил қилади. Бу ҳақда Статистика агентлиги маълум қилди.
Мазкур кўрсатгич 2022 йилда 498 минг сўмга, 2021 йилда эса 440 минг сўмга тенг бўлган эди.
Минимал истеъмол харажатлари нима учун муҳим?
Жаҳонда бу кўрсаткичдан камбағаллик чегараси сифатида фойдаланилади. Бу орқали пенсия ва нафақа миқдорларининг энг ками ҳам белгиланади.
Аҳолининг камбағал қатлами ҳам айнан минимал истеъмол харажатлари орқали аниқланиб, уларга моддий ёрдам берилади.
Яъни 2023 йилда Ўзбекистонда бир ойда бир киши 568 минг сўмдан камроқ пул ишлаб топса, демак, бу унинг минимал истеъмол харажатлари учун етмайди ва у расман камбағал ҳисобланади.
Аммо, бу кўрсаткич Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида озиқ-овқат нархига қараб турлича бўлиши мумкин.