Hodisalar

ФИРИБГАРЛИК- ЁМОН ИЛЛАТ

Инсон, унинг шаъни, қадр-қиммати ҳакида ўйлаганимизда ёшлари улуғ отахон, онахонларнинг ўтмиш хотиралари тарихнинг рад этиб бўлмас манбаларига асосланиб ҳали ҳеч қайси жамиятда, ҳеч қачон инсон манфаатлари бу қадар улуғланиб, давлат томонидан ҳимояланмаганлигининг гувоҳи бўламиз. Кундан-кунга чирой очиб бораётган юртимиз, меҳнаткаш, мард ва танти халкимиз, кўзни қувонтираётган бунёдкорлик ишлари, илм-фан, иқтисодиёт ва туризм борасидаги салоҳиятимиз, қўлга киритаётган ютуқларимиз шу жаннатмакон юртга муҳаббат ва яратиш иштиёқини оширади. Оқ коғозда қора нуқта дарров кузга ташланганидай ҳаётимизда учраб қоладиган баъзи товламачи, алдов йўли билан ишонувчан кишиларнинг пул ва бойликларини ўзлаштириб юрган юртдошларимиз ҳам борлиги жамиятимизга тушган доғ каби xунук кўринади.

Аммо бундай кишиларнинг қилмиши жазосиз қолмайди. Энди фикримизнинг асоси сифатида яқинда қуриб тамомланган бир жиноят иши тафсилотига тўхталиб ўтайлик.

Бозоров Шокир Раҳматиллоевич 1976 йил 21 август куни Пешку туманида туғилган, миллати ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, оилали 4 нафар фарзанди отаси, маълумоти ўрта, ишламайди, муқаддам айнан фирибгарлик жинояти бўйича судланган бўлсада, яна фирибгарлик жиноятига қўл урди, яъни, у 2022 йил 24 октябрь куни қасддан жиноят содир қилиш йўлига ўтиб, алдаш ва ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини қўлга киритиш мақсадида Пешку туман “Навоий” МФЙ Аллаёр қишлоғида яшовчи Баҳронов Халилнинг яшаш уйига бориб, уни ишончига кириб, бир бош қора молини 9.000.000 сўмга сотиб олишини, пулларини эса “10” кун ичида келтириб беришини ваъда қилиб, уни ишонтириш мақсадида олдиндан (аванс) 100.000 сўм пул маблағларини бериб, бир бош қора молини алдов йўли билан қўлга киритиб, жабрланувчига моддий зарар етказиб, такроран фирибгарлик жиноятини содир қилган.

Шунингдек, у 2022 йил 03 ноябрь куни у ўз жиноий ҳаракатларини давом эттириб, Пешку туман Малишояк МФЙ Кўсаравон қишлоғида яшовчи Туйев Хавас Мардоновични яшаш уйига бориб, уни ишончига кириб, уч бош чорва молларини жами 67.000.000 сўмга сотиб олишини, пулларини эса 1 ой ичида келтириб беришини ваъда қилиб, уни ишонтириш мақсадида олдиндан (аванс) 100.000 сўм пул маблағларини бериб, уч бош чорва молларини алдов йўли билан қўлга киритиб, келишилган пулларни ҳозирги кунга қадар бермасдан жабрланувчига анча миқорда моддий зарар етказиб, такроран фирибгарлик жиноятини содир қилган.

Бундан ташқари, у ўз жиноий ҳаракатларини давом эттириб, 2022 йил 22 декабрь куни Ромитан туманидаги “Қўрғон” мол бозорида, Ромитан тумани Ромитан МФЙ Мўзадўзон қишлоғида яшовчи фуқаро Бердиев Содиқ Холмирзаевични ишончига кириб, бир бош сигир ва боласини жами 11.000.000 сўмга сотиб олишини, пулларини эса “20” кун ичида келтириб беришини ваъда қилиб, уни ишонтириш мақсадида олдиндан (аванс) 300.000 сўм пул маблағларини бериб, бир бош сигир ва боласини алдов йўли билан қўлга киритиб, жабрланувчига моддий зарар етказиб, такроран фирибгарлик жиноятини содир қилган.

Шунингдек, у ўз жиноий ҳаракатларини давом эттириб, 2023 йил  28 январь куни Ромитан туман Ҳазортут МФЙ Ҳазортут қишлоғида яшовчи Асадов Эли Набиевични яшаш уйига бориб, уни ишончига кириб, уч бош қора молларини жами 12.000.000 сўмга сотиб олишини, пулларини эса “1” ҳафта ичида келтириб беришини ваъда қилиб, уни ишонтириш тариқасида олдиндан (аванс) 10.000 сўм пул маблағларини бериб, уч бош қора молларини алдов йўли билан қўлга киритиб, келишилган пулларни ҳозирги кунга қадар бермасдан жабрланувчига моддий зарар етказиб, такроран фирибгарлик жиноятини содир қилган.

Ҳеч қандай жиноят жазосиз колмайди. Адолатли суд тизимининг саъй-харакатлари билан судланувчи Ш.Бозоровнинг қилмишлари ўрганилди, у айбларига тўлиқ икрор булиб, фуқароларни алдаб, уларга тегишли молларини сўйиб тез кунларда пулини беришни айтиб, уларни алдаб, содир қилган фирибгарлик жиноятини тан олди ва чин кўнгилдан пушаймонлигини билдирди.

Суд, судланувчи А.Бозоровга нисбатан жазо тайинлаш масаласини муҳокама килиб, жабрланувчиларнинг моддий даъвоси борлигини, етказилган зарарлар қопланмаганлигини эътиборга олиб, Жиноят ишлари бўйича Қоровулбозор туман суди 20.04.2023 йилдаги ҳукмига кўра уни Жиноят кодекси 168-модда 3-қисмининг “б” банди билан айбдор деб топиб, 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлаш билан биргаликда судланувчи Ш.Бозоровдан жабрланувчи Х.Тўйев фойдасига 66.900.000 сўм, жабрланувчи Х.Бахронов фойдасига 1.500.000 сўм, жабрланувчи С.Бердиев фойдасига 5.720.000 сўм ва жабрланувчи Э.Асадов фойдасига 11.990.000 сўм ундириш белгилади.

“Бирни куриб фикр қил, бирни куриб шукур қил”-дейди доно халқимиз. Чунки бир кишининг қилган хатоси минглаб кишиларга сабоқ бўлиши албатта тайин. Нафс, текин даромад, бошқаларнинг мулкини ўзлаштириш муқаддас Қуръонда, ҳадиси шарифларда хам қораланган. “Бир нафснинг ишини етмиш шайтон қилолмайди”-дейилади “Қиссаси Рабғузий”да.

Дарҳақиқат, нафс барча ёмонларнинг онасидир. Зеро, барча ноқонуний ишларнинг илдизи унга бориб тақалади.

Қолаверса, янги таҳрирдаги Конститутциянинг 54-моддасида “Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мақсадидир. Давлат инсон ҳамда фуқаронинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамланган ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлайди”-деб бежизга кўрсатилмаган албатта.

Фирибгар-ку жазосини олди, аммо унинг ноғорасига ўйнаганлар-чи? Улар ҳам бу воқеадан керакли хулоса чиқариб, хушёрликни оширсалар мақсадга мувофиқ бўларди.

Абдулло Аллаев,

Бухоро вилоят суди раиси ўринбосари – жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси

Махмуд Арипов,

Жиноят ишлари бўйича Қоровулбозор туман суди раиси

Related Articles

Back to top button