Hodisalar

ГИЁҲВАНДЛИКНИНГ ОЛДИ ОЛИНДИ

Ўхшаш сурат

Гиёҳвандлик-бутун маъноси билан “оғир хасталик”дир. Аввал ишқибозлик учун гиёҳванд моддани татиб кўрган киши унга боғланиб қолади ва аста-секин одамийлик қиёфасини йўқотиб, инсонийлик обрў-эътиборидан маҳрум бўлади, ҳам руҳан, ҳам жисмонан тансиҳатлигини йўқотиб, оиласи ва атрофдагилар учун хавф туғдиради.  Шунинг учун гиёҳвандлик билан шуғулланувчилар жиноий жавобгарликка тортилади.

Сурхондарё вилоят  Узун туманида яшовчи  “эндигина”  59 ёшга етган А.А. 2019 йил апрел ойида ҳовлисига  4 кг дан ортиқ “наша” ўсимлиги уруғларини экиб, парвариш қила бошлади. Август ойларига бориб унинг “деҳқончилиги” авж олди. Парваришлаётган гиёҳвандлик моддалари кун сайин бўй кўрсатиб, анвойи ҳидлар тарата бошлади. Ундан хавотир олган А.А. парваришлаган гиёҳванд моддаларини август ойининг охирида йиғиштириб олиб, оғилхонасига киритиб қўйди, аммо Ички ишлар  органлари томонидан ўтказилаётган “Қорадори-2019” тадбири доирасида фуқароларнинг яшаш уйлари кўздан кечирилганда, унинг оғилхонасидан 4 кг дан ортиқ “морихуана”сини топиб олишди. Бу ҳақда тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб,  тергов ишлари олиб борилди. А.А. судда “моризуана” гиёҳванд моддаларини ўзи истеъмол қилиш учун экканлигини, бу “заҳри қотил”ни сотмаслигини, қилмишидан пушаймонлигини   айтиб, енгилроқ жазо тайинланишини сўради.

Жиноят ишлари бўйича Сариосиё тумани суди томонидан ушбу иш 2019 йил 21 декабр куни кўриб қўриб чиқилиб,  А.А.га нисбатан 4 йилга озодликни чеклаш жазоси тайинлади.

Суд адолат қилди, қонун адолат қилди, А.А.нинг тўрт нафар фарзандлари борлигини, улардан иккитаси вояга етмаганлигини инобатга олиб, енгилроқ жазо тайинлади.  Аммо 60 ёшга етган, оқ-қорани таниган А.А.бундан қандай хулоса чиқариш ўзига ҳавола.

Энг муҳими,  бир оила муқаррар ҳалокатдан сақлаб қолинди. Гиёҳвандлик домига тушиб, ўзини ҳам,  оиласини  ҳам хонавайрон қилиб, маҳалла-кўйда юзи қора бўлиб, қарилик гаштини сурмай бевақт ҳаётдан кўз юмганлар ҳақида эшитганимизда беихтиёр “Наҳотки шу воқеаларнинг олдини олиб бўлмасди?” деган фикрга борамиз.

Шу  каби воқеаларнинг гувоҳи бўлганлар ўз вақтида тегишли органларга хабар берса, орамизда гиёҳвандликка ружу қилганлар бўлмасди.

Related Articles

Back to top button