Madaniyat

Коррупция –даҳшатли иллатдир

Бугунги кунда коррупция муаммосига жаҳоннинг деярли ҳар бир мамлакатида дуч келиш мумкин.

Коррупция – давлат ва жамиятнинг ривожига, халқнинг адолатга бўлган ишончига жиддий путур етказадиган хавфдир. Ушбу иллат ҳар қандай давлат ва жамиятнинг турли соҳаларига, хусусан сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ривожланишига жиддий путур етказиш билан бир қаторда инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг поймол бўлишига олиб келади. Шу боис унга қарши кураш халқаро аҳамият касб этиб, жаҳон сиёсатининг муҳим масалалари қаторидан жой олган.

Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш ҳамда ушбу турдаги жиноятларни содир этилишини олдини олишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар тизимли равишда амалга оширилмоқда. давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупция омилларини келтириб чиқараётган тизимли муаммоларни бартараф этишга қаратилган бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, амалий ҳаётга татбиқ этилмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг 2020 йил 24 январь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига қилган Мурожаатномасида  “Жамиятимизда коррупция иллати ўзининг турли кўринишлари билан тараққиётимизга ғов бўлмоқда. Бу ёвуз балонинг олдини олмасак, ҳақиқий ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яратиб бўлмайди, умуман, жамиятнинг бирорта тармоғи ривожланмайди” деб таъкидлаган эдилар.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 6 июлидаги “Коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва бунда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармон билан “Коррупцияга оид жиноятларни содир этишда айбдор деб топилган шахсларнинг очиқ электрон реестри” юритилиши ҳамда 2022 йил 1 январдан давлат хизматчилари, уларнинг турмуш ўртоғи ва вояга етмаган фарзандларининг даромадлари ва мол-мулкини декларация қилиш тизими жорий этилиши белгиланди.

Жаҳон одил судлов лойиҳаси халқаро ноҳукумат ташкилотининг Ҳуқуқ устуворлиги индексидаги “Коррупциядан ҳолилик” индикаторида (Absence of Corruption) мамлакатимиз 2020 йил бўйича 128 давлат орасида 0,40 балл билан 89-ўринни эгаллаган бўлса, 2021 йилда 139 давлат орасида 0,46 балл билан 70-ўринни эгаллади. Бу кўрсаткич билан мамлакатимиз 2020 йилдаги 89-ўриндан 19 поғонага юқорилаган.

Бундан ташқари, 2020 йилнинг декабрь ойида “Open Data Watch” халқаро нотижорат ташкилоти томонидан эълон қилинган очиқ маълумотлар рейтингида Ўзбекистон 63 балл билан жаҳон бўйича 187 мамлакат орасидан 44-ўринни, Марказий Осиёда эса 1-ўринни эгаллади.

Халқаро ташкилотлар рейтингларидаги бундай кўрсаткичлар малакатимизда коррупцияга қарши тизимли олиб борилаётган ислоҳотларнинг самарасидир.

Одил судловни ва суд тизиминининг мустақиллигини таъминлаш ўз навбатида мамлакатимизнинг халқаро рейтинглардаги ўрнини мустаҳкамловчи асосий индикаторлардан бири ҳисобланади.

Афсуски,суд ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини оширишга, жамиятда коррупцияга қарши муросасиз муносабатни шакиллантиришга қаратилган тарғибот ва ташвиқот ишлари доимий равишда олиб борилишга қарамасдан, коррупция билан боғлиқ жиноятлар содир қилинмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш Агентлиги маълумотларга кўра, судлар томонидан 2020 йил давомида коррупция билан боғлиқ (ЖК 205-214, 243-моддалари) жами 2 270 нафар шахсга нисбатан1 502 та жиноят иши кўриб чиқилган. Шундан 2 203 нафар шахсга нисбатан1 457 та жиноят иши бўйича ҳукм чиқарилган.

2021 йилнинг 6 ойи мобайнида 2544 нафар мансабдор шахсга нисбатан коррупция ҳолатлари билан боғлиқ бўлган 1676 та жиноят ишлари тергов қилиниб, судларга юборилган.

Ушбу маълумотлар бу иллатга қарши жиддий ва муросасиз курашни янада кучайтириш зарурлигини кўрсатмоқда.

Бу бўйича БМТ махсус маърузачиси Диего Гарсия-Саяннинг билдирган тавсияларини ва бошқа халқаро ҳужжатлардаги нормаларни ҳаётга татбиқ этиш масаласини ҳам ҳамкорликда кўриб чиқиш масаласи таъкидланди. Мазкур тавсиялар мамлакат рейтинг кўрсаткичларини яхшилаш билан бирга, соҳада коррупциоген ҳолатни бартараф этишга қаратилгани билан аҳамиятли эканлиги қайд этилган.

Эътироф этилганидек, суд тизимида, умуман барча соҳаларда коррупцияга қарши курашнинг самарали воситаси бу очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, инсон омилини чеклаш ҳисобланди. Бу борада ҳам суд тизими биринчилардан бўлиб фаолияти очиқлигини таъминлаган, соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларни жалб этган тузилма ҳисобланади. Бунда “Е-суд” «Адолат» платформаси, видекоконфренцалоқа орқали ташкил этилаётган суд жараёнлари бунга мисол бўла олади.

Шунингдек, барча учун судларга электрон мурожаат қилиш, аризалар ҳолатини онлайн тарзда кузатиш, тарафларга маълумотларни электрон шаклда юбориш имкониятини яратучи янги тизим ишга туширилаётгани ҳамда барча судларни видеоконфренц алоқа тизими бўйича олиб борилаётган ишлар ҳам суд жараёнларида коррупция омили камайишига сабаб бўлади.

Суд соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар натижасидаги ижобий ўзгаришларни эътироф этган ҳолда, ҳали фуқаролар розилигига эришиш учун қиладиган ишлар етарли эканлигини, сўнгги вақтда суд тизимида ҳам айрим коррупциоген ҳолатлар учраб турганлигини, коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан суд тизимида содир этилаётган коррупцион ҳатти-ҳаракатларни таҳлил қилинганда пора олиш-бериш билан боғлиқ жиноятлар, манфаатлар тўқнашуви ҳамда судьялар томонидан одоб-аҳлоқ қоидаларини бузиш ҳолатлари кузатилганлиги ажинарли ҳолдир.

Шу каби салбий ҳолатларни камайтириш мақсадида тадбир давомида Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьялар олий кенгаши билан биргаликда суд тизими ходимлари ўртасида одоб-аҳлоқ қоидаларига амал қилиш, коррупцияга тоқатсиз муносабатни ва унга қарши курашиш маданиятини шакллантиришда, коррупцияга қарши кураш соҳасида фаолият юритувчи кадрлар малакасини оширишга кўмаклашиш масалалари муҳокама қилиниб, чора тадбирлар белгиланиб келинмоқда.

Термиз туманлараро маъмурий суди

судьяси Н.С.Бобомуратова

Related Articles

Back to top button