Сурхондарёликларни ичимлик суви билан таьминлайдиган йирик лойиҳани бошлашга старт берилди
Сурхондарё вилояти аҳолисини тоза ичимлик суви билан таьминлайдиган йирик лойиҳани бошлашга старт берилди. Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов, вилоят ҳокими Тўра Боболов, алоқадор вазирлик ва идоралар, вилоят, шаҳар ва туманлар секторлари раҳбарлари, соҳа мутахассислари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида ўтказилган видеоселектор шаклидаги йиғилишда мазкур лойиҳанинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти атрофлича тушунтирилди.
Бугунги кунда Сурхондарё вилояти аҳолисининг 44,6 фоизи марказлашган ичимлик суви билан таъминланмаган. 218 та сув иншооти ва 3 минг километрдан зиёд тармоқлар таъмирга муҳтож. Вилоятнинг жанубий туманлари ва Термиз шаҳрида сув минерализацияси миқдори ошган.
Шу боис Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 1-2 июнь кунлари вилоятимизга ташрифи чоғида “Тўпаланг” сув омборидан ичимлик суви тармоғи тортиш бўйича кўрсатма берган эди. Шунга мувофиқ дастлабки лойиҳа ишлаб чиқилди.
Лойиҳага кўра “Тўпаланг” сув омборининг қуйи қисмида босимни сўндириш, сувни тозалаш ва тарқатиш иншоотлари қурилади. У ердан туманлардаги сув тақсимлаш узелларигача жами 361 километр қувур тортилади. Бу тизим самарасида Сариосиё, Денов, Шўрчи, Қумқўрғон, Жарқўрғон, Бандихон, Қизириқ, Шеробод, Ангор, Музработ, Термиз туманлари ва Термиз шаҳридаги 1 миллион 700 минг аҳолининг сув таъминоти яхшиланади.
Лойиҳанинг умумий қиймати 138 миллион доллар бўлиши ҳисоб-китоб қилинган. У маҳаллий “Toʼpalang HPD Platinum” корхонаси томонидан 2021-2023 йиллар давомида босқичма-босқич ишга туширилади.