Hodisalar

СУРИЯДАН ҚАЙТГАН АЁЛ: ДУНЁДАГИ ҲЕЧ БИР ДАВЛАТ ПРЕЗИДЕНТИ ЎЗБЕКИСТОН ПРЕЗИДЕНТИ КАБИ ҲАР БИР ФУҚАРОСИНИНГ СОҒЛИГИ, ТИНЧЛИГИ ВА КЕЛАЖАГИ УЧУН ҚАЙҒУРМАС ЭКАН

Тақдир экан бундан 10 йиллар муқаддам Россияга чиқиб кетишга мажбур бўлдим. Чунки отам, ака-укаларим  диндор бўлгани учун бирин-кетин қамалиб кетишди. Эрим вазиятдан фойдаланиб мени уйдан ҳайдаб юборди ва ўртадаги никоҳни ажратиш учун судга ариза берди. Никоҳни  ажратишга асос қилиб менинг беш вақт намоз ўқишим ва ислом ақидаларига риоя қилишим, бу эса фарзандларим келажагига таҳдид қилиши мумкинлигини кўрсатди. Суд ҳам чўзилмади, менинг намоз ўқишим ҳақида сўради, мен тасдиқладим. Шу билан никоҳни ажратди ва фарзандларимни эримнинг қарамоғида қолдирди. Ҳеч ким мени ишга қабул қилмади. Сабаби у пайтда қариндошлари диний экстремизмда айбланиб қамалган диндор аёлни ишга қабул қилишга ҳеч кимнинг юраги дов бермасди.

Энди навбат оиламиз аёлларига етиб келди. Мени ҳам таъқиб қила бошлашди. Ўйлай-ўйлай Россияга йўл олдим. Россияда амакиваччаларим ҳам қамалгани ҳақида совуқ хабар олдим. Шу пайтда бир ўзбекистонлик аёл бизга Туркияда яхши иш ҳақи тўланадиган иш борлиги ҳақида айтиб қолди. Россияда қолиш бизга хавфли бўлиб қолди, чунки ўзбекистонлик диндорларни Россиядан ҳам ушлаб Ўзбекистонга олиб кетишаётгани ҳақида хабар тарқалиб турарди. Ноилож Туркияга кетишга рози бўлдим, лекин бизни Туркия орқали Сурияга олиб ўтиб кетишди. У ёғи сарсонгарчилик, дарбадарлик бошланди. Сурияда мени ўзбекистонлик кишига никоҳлаб беришди, бир нафар фарзандли бўлдим. Кеча-кундуз тинимсиз жанглар, ҳар куни ўлим. Эрим ҳам жанглардан бирида ҳалок бўлди. Шундан сўнг мен ҳам Суриянинг Ҳасака музофатидаги «Ал-Ҳол» қочқинлар лагерига жойлашдим. Шу лагерда фарзандим билан 3 йилдан ортиқ қолиб кетдим. Бу ерда Франция, Буюк Британия, Туркия, Тунис, Саудия Арабистони, Россия, Белгия, Туркманистон ва бошқа давлатлар фуқаролари жуда кўп эди.

Лагерда  минг-минглаб қочқинлар бор эди. Улар орасида ёш болалар, аёллар кўп эди. Лагерда озиқ-овқат етишмас, тиббий ёрдам, дори-дармонлар топилмас эди. Болалар ва касалманд кексалар орасида ўлим кўп учраб турарди.

Кутилмаганда Ўзбекистон фуқароларини олиб кетармиш деган гап тарқалди. Кимдир ҳадиқ, қимдир қўрқув ва яна кимдир қувонч билан бу хабарни кутиб олди. Ўзбекистонга қайтгач, узоқ муддатга қамаб юборилади деган миш-миш тарқалди. Орадан кўп ўтмасдан Ўзбекистон фуқароларининг рўйхатини тузишди. Лекин  аёлларнинг паспорти йўқ қилинган, исмлари ўзгартирилган, болаларнинг ҳам ҳеч қандай ҳужжатлари йўқ эди. Шундай бўлса-да 2019 йил 30 май куни 107 нафар бола ва 48 нафар аёллар Ватанга қайтишди. Уларга нисбатан Ўзбекистонда жиноий иш қўзғатилмаганлиги ва биронтаси қамалганини эшитиб Сурияда қолган ва Ватанга қайтишини кутаётган инсонлар беҳад севинишди. 2020 йил 8 декабр куни яна Суриядан 98 нафар фуқаро Ўзбекистонга қайтарилди.

Дунёнинг бой давлатлари Франция, Туркия,  Буюк Британия каби давлатлар фуқаролари Ўзбекистон фуқароларига  ҳавас қилардилар. Чунки уларнинг буюк давлатлари фуқароларини олиб кетмади, баъзи давлатлар эса бор-йўғи саноқли фуқароларини олиб кетишди. Улар биз билан хайлашар экан: “Ўзбекистон қандай қудратли давлатки,фуқароларни жаҳаннамдан олиб кетяпти? Бизнинг Европадаги “демократик” давлатлар раҳбарлари эса бирон марта хабар олмадилар! Сизлар қандай бахтлисизлар, Президентларинг билан ҳар қанча фахрлансаларинг арзийди!”дейишди кўзларида ёш билан.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг одилона, қатъийлик билан олиб борган сиёсати туфайли, мен ва мен каби адашиб ҳаёти барбод бўлган юзлаб фуқаролар юртимизга қайтишди, давлатимиз ўз фарзандининг билиб-билмай қилган гуноҳини кечирган ота каби бизни кечириб, меҳрибонлик  билан бошимизни силади.

2021 йил 30 апрел куни “Меҳр-5” операциясида мен ҳам фарзандим билан юртимизга қайтиш бахтига муяссар бўлдим. Отам ҳам, ака-укаларим ҳам, қариндошларимиз ҳам озод этилиб, оилалари бағрига қайтибди. Яна оиламиз жам бўлиб, уйимиз нурга тўлди.

Ижтимоий тармоқлар орқали Президентимизга тош отаётан шахсларга айтар сўзим шу: дунёдаги ҳеч бир давлат президенти Ўзбекистон Президенти каби ҳар бир фуқаросининг соғлиги, тинчлиги ва келажаги учун қайғурмас экан, мен буни ўз ҳаётимда кўрдим ва гувоҳи бўлдим.

Суриядан қайтган аёл суҳбатини ОЛОВЖОН ёзиб олди.

Related Articles

Back to top button