Hodisalar

Оилавий зўравонликка қарши курашиш хусусида

Мамлакатимизда фуқароларни оиладаги тазйиқ ва зўравонликдан ишончли ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асослари мавжуд.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 1261-моддаси “Оилавий (маиший) зўравонлик” деб номланиб, ушбу моддада оилавий (маиший) зўравонлик учун алоҳида жиноий жавобгарлик белгиланган.

Шундай бўлса-да, баъзида ушбу қонун талабларига риоя этмасдан, жиноят содир этаётганлар учраб турибди.

Масалан, Шўрчи туманида яшовчи фуқаро Т.Боқиев (исм, фамилияси ўзгартирилган) 2023 йил 20 май куни ўзининг яшаш уйида турмуш ўртоғи Ж.Қобилова (исм, фамилияси ўзгартирилган) билан ўзаро тортишиб қолиб, жаҳл устида оёғи билан унинг қорин соҳасига тепиб, унга ҳаёти учун оғир тан жароҳати етказган, натижада Ж.Қобилова касалхонага ётқизилган, аммо тиббий муолажага қарамасдан Ж.Қобилова касалхонада вафот этган.

Суд ҳукми билан Т.Боқиевга Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 1261-моддаси 8-қисми “г” банди билан 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси, ЖКнинг 60,61-моддалари тартибида узил-кесил 11 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Сурхондарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг ажрими билан ҳукм ўзгаришсиз, апелляция шикояти қаноатлантирмасдан қолдирилган.

Жавобгарликнинг муқаррарлигини англаш ва қонунлар ҳақида маълумотга эга бўлиш ушбу турдаги ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олишга хизмат қилади.

Сурхондарё вилоят суди

жиноят ишлари бўйича судьяси

М.Маликов

Related Articles

Back to top button