Боботоғликларнинг ҳаёт даражасини юксалтиришга хизмат қиладиган тарихий ҳужжат қабул қилинди
Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов боботоғликлар билан учрашиб, уларни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2021-2023 йилларда Сурхондарё вилояти Узун тумани Боботоғ ҳудудини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мазмун-моҳияти ва ундан келиб чиқадиган вазифалар билан таништирди.
Кеча, 2021 йилнинг 17 февраль куни қабул қилинган ушбу тарихий ҳужжат Узун туманининг Боботоғ ҳудудида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида истиқболли инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда янги иш ўринларини яратиш, янги боғ ва узумзорларни ташкил этиш, пиллачилик ва чорвачилик озуқа базасини мустаҳкамлаш, наслчилик ишларини ва ветеринария хизматини янада ривожлантириш, шунингдек, электр энергияси таъминотини яхшилаш, тиббий ва алоқа хизматлари сифатини оширишни кўзда тутади.
Қарорга мувофиқ, ҳудудда тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида 2024 йилнинг 1 январига қадар янги ташкил этиладиган тадбиркорлик субъектлари, шу жумладан кластер ташкилотлари, жисмоний шахслар солиқларнинг 50 фоизини тўлашдан озод қилинади.
Тадбиркорлик субъектларининг бизнес лойиҳаларини молиявий қўллаб- қувватлаш мақсадида 10 миллиард сўмдан компенсация бериш, ҳудудда туну-кун хизмат кўрсатувчи навбатчи ҳамширалик гуруҳини ташкил этиш, 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб келгуси уч ўқув йили давомида ёшларни олий таълим билан қамраб олиш даражасини ошириш, вилоятдаги педагогика ва тиббиёт йўналишларидаги олий таълим муассасаларига улар учун қўшимча махсус квоталар ажратилиши таъминланади.
Қарор билан тасдиқланган “2021-2023 йилларда Сурхондарё вилояти Узун тумани Боботоғ ҳудудини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари дастури”га мувофиқ, 2021-2023 йиллар давомида Боботоғ ҳудудида 2882 гектар ер майдони фойдаланишга киритилиб, сабзавот, полиз ва дуккакли дон экинлари жойлаштирилади, боғ, узумзор, тутзор ва пистазорлар ташкил этилади. Мавжуд каналларни гидротехник иншоотлари билан биргаликда реконструкция қилиш, насос станцияларини модернизация қилиш ва янгиларини ўрнатиш орқали ҳудудда қишлоқ хўжалигига мўжалланган ер майдонларини қайта фойдаланишга киритиш ва ерларнинг сув таъминотини яхшилаш чоралари кўрилади.
– Боботоғ ҳудудида саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида жами 75 та инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши, шунингдек, қатор ижтимоий, энергетика ва телекоммуникация объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишлари ҳудуд қиёфасини тубдан ўзгартириб, 15 минг нафарга яқин аҳолининг муносиб турмуш кечириши, ёшларнинг сифатли таълим олишлари учун қулай муҳит яратади, – деди вилоят ҳокими.