Kasbim-faxrim

ДИҚҚАТ: ХАЙРИЯ АКЦИЯСИ!

Туғма юрак нуқсонли болалар учун бепул тиббий кўрик ўтказилмоқда

Академик В. Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалаий тиббиёт маркази 2-10 ноябрь кунлари (8 ноябрь куни – дам олиш куни) туғма юрак нуқсони бўлган болалар учун бепул тиббий кўрикдан ўтиш акциясини ташкил қилди. Ушбу акция Тиббиёт ходимлари кунига бағишланган бўлиб, унда эхокардиография текшируви, ЭКГ ҳамда малакали шифокорлар консультациялари ўтказилади.

Акция иштирокчилари марказ қошидаги консультатив поликлиникада кўрикдан ўтказилади. Айтиш лозимки, ушбу муассаса йилига 80 минг нафар кишини қабул қилишга мўлжалланган. Жумладан, 2017 йилда 124 минг нафардан ортиқ, 2018 йилда 130 минг нафарга яқин, 2019 йилда 119 минг нафардан ортиқ ва 2020 йилнинг 10 ойи давомида 72 минг нафарга яқин бемор қабул қилинди.

Таъкидлаш жоизки, 2 ноябрдан бошлаб академик В. Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалаий тиббиёт марказининг консультатив поликлиника бўлими икки сменали ишлаш тизимига ўтди, яъни тиббиёт ходимлари биринчи сменада соат 08:00 дан 14:00 гача, иккинчи сменада эса 14:00 дан 18:00 гача фаолият юритишади (аввал улар фақат бир сменада – 08:00 дан 14:00 гача ишлашган).

Шунингдек, акциянинг иккинчи босқичи сифатида ҳудудларга шифокорлар гуруҳи юборилиши режалаштирилмоқда. Улар жойларда тиббий кўриклар ташкил қилиб, беморларга керакли маслаҳатларни беришади. Гуруҳнинг биринчи манзили Қорақалпоғистон Республикаси бўлади.

Муҳими, ҳозирда мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудудига марказдан масъул жарроҳ бириктирилган бўлиб, у доимий тарзда ўз ҳудудида хирургиянинг барча йўналишларида тиббий маслаҳатга муҳтож беморларга ёрдам беради, зарур ҳолларда эса вилоятдаги мутахассислар билан биргаликда жарроҳлик операцияларини ҳам амалга оширади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.

Related Articles

Back to top button