Madaniyat

Мен энди янги биноларга киришга қўрқаман

Давлат аҳамиятидаги иншоотларнинг лойиҳа кўринишидан тортиб, «калит топшириш»гача бўлган барча босқичларида қатнашган корхоналар, пудратчи-ю суб пудратчилар, уларга ажратилган бюджет/инвестиция маблағлари ҳақида очиқ ва ойдин онлайн платформа бўлиши шарт.

Кўп қаватли уйми, мактабми у, боғчами, театрми, ёки сув омбори- лойиҳа қиймати қанча бўлишидан қатъий назар социал аҳамиятга эга биноларнинг қурилиш ва эксплуатация жараёнидан аҳоли хабардор бўлиши шарт.

Халқ ўзининг бераётган пуллари ким томонидан, нима учун ва қандай сарфланаётганини билиши шарт.

2 ойга қолмай, трубаси ёрилиб кетганида мактаб директори болалардан пул йиғиб яматмаслиги учун, не ҳасратда бутун умрига татигулик кредитга уй олган ёш оила қоқ дарз кетган деворга қараб, кимни «қарғаб», кимни судга беришни билиши шарт.

«Госприёмлар»- бинодан фойдаланишга рухсат бериш учун давлат томонидан ўтказиладиган экспертизалар ҳақида ҳисоботлар очиқ ресурсларда бўлиши шарт.

Унга ким имзо чекканини халқ билиши шарт.

Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги деган ажойиб бир ташкилот ўзини кўпроқ пиар қилиб, нафақат қурилиш, умуман давлат улуши бўлган барча ташкилотларга юклатилган лойиҳалар қандай бажарилаётгани ҳақидаги ҳисоботларни, тендерларни жамоатчиликка очиқ кўрсатиб бориши шарт.

Ўйин қоидалари аниқ, иштирокчилар маълум, назорат шаффоф бўлса, ҳозирга ўхшаб кимнинг ўғли ким эканини қидириб, гугл титкилаб ўтирмаймиз, ҳужжатларнинг асл нусхасига етолмай, сайтлардаги узуқ-юлуқ фактларни тусмол билан боғлаб юрмаймиз, коррупция бизни еб битириши ва мулкимиз, уйимиз, ҳаётимиз «сув»га чўкишини кутиб ўтирмаймиз.

Дарвоқе, «чўкиш»имиз учун сув омбори олдида яшашимиз шарт эмас, бугунги қурилиш «сценарий»лари исталган жойда бизни тутиб олиши мумкин.

Related Articles

Back to top button