САНАБ КЕЙИН САККИЗ ДЕДИК…
Халқимизда “Санамай саккиз дема” деган нақл бор. Аслида бу ибора сўзловчининг ўзи айтаётган хабар хақида аниқ ва ишончли манбага эга бўлмаганида, тахминларга асосланган фикрига нисбатан айтилади. Аммо, бугун биз сўз юритмоқчи бўлган мавзу доирасида, саккиз рақамини қўллаш учун тўла ҳақлимиз. Мисол учун, жаҳон банкининг “Бизнес юритиш” рейтингида Ўзбекистон 7 поғона кўтарилиб, бизнесни рўйхатга олиш кўрсаткичи бўйича дунёнинг 190 та давлати орасида 8-ўринни эгаллади ва энг яхши ислоҳотчи давлатлар қаторидан жой олди. Дунёдаги етакчи таҳлилчилар, мустақил ва халқаро экспертларнинг хулосаси шундай экан буни тан олмасликнинг иложи йўқ. Аслида тўғрисиям шу, нега деганда авваллари тадбиркорликни бошламоқчи бўлган киши ҳафталаб ойлаб сарсон бўлган бўлса, бугун жойлардаги Давлат хизматлари марказларида соат эмас, дақиқаларда рўйхатдан ўтмоқда. Тадбиркору, фуқароларга кенг имкониятлар эшигини очган Давлат хизматларида яратилган шарт-шароитлар энди бу яна бир алоҳида мавзу.
Ёруғ ва кенг майдонда фуқароларга давлат хизматларини кўрсатиш, айниқса ушбу жараённи электрон навбат орқали барчанинг кўз ўнгида очиқ ва шаффоф тарзда амалга оширилаётгани юртдошларимизга манзур бўлаяпти. Энг муҳими одамлар ва давлат идоралари ўртасидаги масофа яқинлашмоқда.
\Бир варақ қоғоз ёки, бир имзо учун вақтини, анчагина маблағни сарфлаб вилоят марказига шошган одамлар энди ана шундай замонавий масканда осон ва тезкорлик билан ишларини битириш имкониятига эга. Бугун қумқўрғонликлар ана шундай имкониятга эга бўлдилар, аниқроқ айтадиган бўлсак, Термиз шаҳри, Узун, Қизириқ, Музработ, Олтинсой, Шеробод ва Бойсун туманларидан сўнг бугун Сурхондарёда саккизинчи Давлат хизматлари маркази биноси янгидан қурилиб фойдаланишга топширилди. Ушбу марказда кунига 300-350 нафардан ортиқ фуқароларга 130 дан ортиқ давлат хизматлари кўрсатиш имконияти яратилган. Аниқроқ айтадиган бўлсак, Сурхондарё халқига тезкор ва самарали хизмат кўрсатишга қодир бўлган саккизинчи давлат хизматлари маркази ҳам энди одамлар хизматида.
Мисол учун, 2019 йилнинг ўзида Қумқўрғон туман Давлат хизматлари маркази томонидан жами 41 мингдан ортиқ фуқароларга 76 турдаги давлат хизматлари кўрсатилган бўлса, жорий йилнинг шу кунигача 6 минг 485 нафар юртдошларимизнинг мурожаатлари қаноатлантирилган.
Бир сўз билан айтганда аҳоли эҳтиж ва талабларига монанд равишда қад ростлаган Қумқўрғон туман Давлат хизматлари марказининг янги биноси туман аҳлининг мушкулини осон, оғирини енгил қилишга хизмат қилувчи маскан бўлишига шубҳа йўқ.
ДХА Сурхондарё вилояти бошқармаси