Вояга етмаган фарзандларига таъминот беришдан бўйин товлаган отага нисбатан қамоқ жазоси тайинланди
Ўзбекистон Республикаси қонунларига кўра ота-она вояга етмаган фарзандларига таъминот бериши шарт, вояга етмаган болаларига таъминот бериш мажбуриятини ихтиёрий равишда бажармаган ота ёки онадан суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига асосан алимент ундирилади.
Шўрчи туманида яшовчи Бойматов Ботир (исм-фамилия ўзгартирилган) икки нафар вояга етмаган фарзандларига 2016 йил июн ойидан, яъни алимент ундириш ҳақидаги суд қарори қабул қилинганидан буён бирон марта алимент тўловларини амалга оширмади. Оқибатда 2016 йил 10 июндан 2020 йил1 январгача тўпланиб қолган қарздорлиги 18.460.179 сўмни ташкил этди.
Мажбурий ижро бюроси Шўрчи туман бўлими бир неча марта огоҳлантиришига қарамасдан Б.Бойматов ўз фарзандларига таъминот беришдан бўйин товлади.
Ушбу иш Олтинсой тумани маъмурий суди томонидан 2020 йил 23 январ куни кўриб чиқилди. Ҳуқуқбузар Б.Ботиров содир қилган ҳуқуқбузарлигидан пушаймон эканлигини, оилавий шароити оғирлиги сабабли алимент пулини бирдан тўлай олмаслигини айтиб суддан енгиллик берилишини сўради.
Суд томонларнинг фикрини эшитиб, суриштирув органи тақдим этилган ҳужжатларни ўрганиб Б.Ботировга 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинлади.
Ўзбекистон Республикасининг “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунида ҳар бир боланинг ҳуқуқлари давлат томонидан кафолатланган. Вояга етмаган болаларнинг ота-онасидан таъминот олиши ҳам уларнинг ҳуқуқидир. Болаларнинг ҳуқуқларини бузиш тегишли тартибда жавобгарликка тортилишга асос бўлади.
Қ.Туранов
Олтинсой туман маъмурий суди раиси