Adabiyot

Янги Конституциянинг эскисидан фарқли жиҳатлари

Барчамизга маълумки, 2023 йил 30 апрель куни ўтказилган Ўзбекистон Республикаси референдумида умумхалқ овози билан қабул қилинган Конституция янгиланиши натижасида ундаги моддалар сони 128 тадан 155 тага, нормалар эса 275 тадан 434 тага ошиб, деярли 65 фоизгаянгиланди. Янги ва эски Конституция ўртасидаги фарқли жиҳатлар булар:

-Конституциянинг 1-моддасидаги “Ўзбекистон — суверен демократик республика” жумласи, “Ўзбекистон — бошқарувнинг республика шаклига эга бўлган суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат” жумласига ўзгартирилди.

-Конституциянинг тўғридан-тўғри амал қилиши белгиланиб, бу15-моддада, “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мамлакатнинг бутун ҳудудида олий юридик кучга эга, тўғридан-тўғри амал қилади ва ягона ҳуқуқий маконнинг асосини ташкил этади.” деб, қайд этилди.

-Конституциянинг 19-моддасида, (эски 18-модда) “Имтиёзлар фақат қонунга мувофиқ белгиланади ва ижтимоий адолат принципларига мос бўлиши шарт.”лиги янгиланган ҳолда белгиланди.

-Конституциянинг 20-моддасида, “Инсон билан давлат органларининг ўзаро муносабатларида юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин этилади.” деб қўшилган янги жумланинг маъноси, барча ноаниқликлар — инсон фойдасига эканлигини англатиб, эндиликда қонунчиликда аниқ белгилаб қўйилмаган масалада зиддият юзага келса, масала давлат эмас, инсон фойдасига ҳал этилади.

-Конституциянинг 20-моддасида,“Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари фақат қонунга мувофиқ ва фақат Конституциявий тузумни, аҳолининг соғлиғини, ижтимоий ахлоқни, бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, жамоат хавфсизлигини ҳамда жамоат тартибини таъминлаш мақсадида зарур бўлган доирада чекланиши мумкин.” деб, янги норма қўшилди.

-Ўқитувчилар алоҳида эътирофда! Конституцияга ўқитувчилар ҳақида янги 52-модда қўшилиб, унда“Ўзбекистон Республикасида ўқитувчининг меҳнати жамият ва давлатни ривожлантириш, соғлом, баркамол авлодни шакллантириш ҳамда тарбиялаш, халқнинг маънавий ва маданий салоҳиятини сақлаш ҳамда бойитишнинг асоси сифатида эътироф этилади.

Давлат ўқитувчиларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилади.” дейилган.

-Конституциянинг 68-моддасида, “Ер қонунда назарда тутилган ҳамда ундан оқилона фойдаланишни ва уни умуммиллий бойлик сифатида муҳофаза қилишни таъминловчи шартлар асосида ва тартибда хусусий мулк бўлиши мумкин.”лиги белгиланди.

-Оммавий ахборот воситалари учун Конституцияда алоҳида 15-боб ажратилиб,бу боб 2 та 81-82-моддалардан иборат бўлиб, якунида оммавий ахборот воситаларифаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши белгиланди.

-Давлат бошқарувидаги ўзгаришлар. Президентнинг ваколат муддати 5 йилдан 7 йилга узайтирилди, Бош вазир номзодини энди Президент тақдим этади, Сенаторлар сони 100 нафардан 65 нафарга туширилди, Коррупцияга ва монополияга қарши курашиш органлари раҳбарларини Президент тақдимига биноан сайлаш Сенатнинг ваколатига киритилди. Сенат, шунингдек, энг юқори рангдаги суд мансабдорларини сайлайди, Бош прокурор ва Ҳисоб палатаси раислигига номзодларни кўриб чиқади, ДХХ раислигига номзод бўйича Президент билан маслаҳатлашув ўтказади, Марказий банк раисини тайинлайди ва лавозимидан озод этади, хориждаги асосий дипломатларни тайинлайди ва лавозимидан озод этади (буларнинг барчаси Президент тақдимига биноан амалга оширилади). Бундан ташқари, Сенат маҳаллий кенгашларнинг қонунга зид қарорларини бекор қилиш ваколатига эга бўлди, Президент муддатидан илгари Президент сайловини тайинлашга ҳақли экани белгиланди, Қонунчилик палатаси ва Сенатга ўзини-ўзи тарқатиб юбориш ваколати берилди, шунингдек, жиддий воқеалар рўй берганида, икки палата қўшма қарор қабул қилган ҳолда парламент текшируви ўтказиши мумкин, Конституциявий суд судьялари 10 йил муддатга сайланади ва қайта сайланиши мумкин бўлмайди.

-Маҳаллий давлат ҳокимиятидаги ўзгаришлар. Вилоят, туман, шаҳар ҳокими лавозимини эгаллаб турган шахс бир вақтнинг ўзида халқ депутатлари Кенгашининг раиси лавозимини эгаллаши мумкин эмас.

Юқоридагилардан ташқари, Конституцияга бошқа кўплаб янги нормалар ҳам қўшилган бўлиб, булар:

-Ўзбекистонда ўлим жазосининг таъқиқлангани;

-Агар шахснинг ўз айбини тан олганлиги унга қарши ягона далил бўлса, у айбдор деб топилиши ёки жазога тортилиши мумкин эмаслиги;

-Қонунни бузган ҳолда олинган далиллардан одил судловни амалга ошириш чоғида фойдаланишга йўл қўйилмаслиги;

-Ҳар ким ўз шахсига доир нотўғри маълумотларнинг тузатилишини, ўзи тўғрисида қонунга хилоф йўл билан тўпланган ёки ҳуқуқий асосларга эга бўлмай қолган маълумотларнинг йўқ қилинишини талаб қилиш ҳуқуқига эгалиги;

-Давлат интернет жахон ахборот тармоғидан фойдаланишни таъминлаш учун шарт-шароитлар яратиши кабилардир.

Мақолани ёзишда интернет маълумотларидан фойдаланилди.

Сурхондарё вилоят суди

судья катта ёрдамчиси

Ж.Маматалиев

Related Articles

Back to top button