Adabiyot

Эзоп. Масаллар

БУРГУТ БИЛАН ТУЛКИ

Бургут билан Тулки дўст тутинишди ва қўшни бўлиб яшашга аҳд қилишди. Бургут бир азим дарахтнинг қир учига уя қурди, Тулки эса, шу дарахт тагида буталар орасида болалади. Орадан бир қанча вақт ўтиб, кунларнинг бирида Тулки овга чиқди. Шунда ўз палапонларини нима билан боқишни билмай, очиқиб ўтирган Бургут пастга учиб тушиб, буталар орасида ётган тулкиваччаларни чангалига илиб уясига олиб чиқди-да, уларни ўз палапонлари билан баҳам кўрди. Мана, Тулки инига қайтиб келди, келди-ю, бир қарашда не ҳол юз берганини фаҳмлади. У жуда қаттиқ қайғурди — нафақат болаларининг нобуд бўлганидан, балки қотилдан қасос ололмаслигидан ич-этини еб изтироб чекди, зеро ердаги ҳайвон осмондаги қушни тута олмаслигини у яхши билар эди. Нотавон ва ночор ҳайвон нима ҳам қила оларди? Ғанимини фақат узоқдан туриб қарғашгагина кучи етарди унинг. Бироқ орадан кўп ҳам вақт ўтмай, Бургут дўстлик аҳдига хиёнат қилгани учун жазосини олди. Бир одам далада эчки сўйиб, худолар йўлига қурбонлик қилди; Бургут буни кўриб, учиб келди-да, қурбонгоҳда лаққа чўғ бўлиб ёнаётган ичак-чавоқларни ўғирлаб уясига олиб чиқиб кетди. Худди шу пайт бирдан қаттиқ шамол туриб, нозик шох-шаббалардан қурилган уя бояги ичак-чавоқлар орасидаги чўғлардан “пов” этиб аланга олди. Ҳали учишни ўрганмаган темирқанот, жиш палапонлар кабоб бўлиб ерга тушди; шунда Тулки югуриб келиб, Бургутнинг кўзи олдида унинг палапонларини ямламай ютиб юборди.
Масалдан ҳисса шуки, дўстликка хиёнат қилган одам дили оғриган дўстининг қасосидан қутулиб қолган тақдирда ҳам худолар қаҳридан қочиб қутула олмагай.

БУРГУТ, ЗОҒЧА ВА ЧЎПОН

Бир Бургут баланд қоя бошидан учиб тушиб, яйловда ўтлаб юрган қўзичоқни чангалига илиб учиб кетди. Буни кўрган Зоғча Бургутга ҳасад қилди ва у ҳам шундай иш тутмоқчи бўлди. Мана, у ҳаммаёқни бошига кўтарганча қағиллаб, бир қўчқорга ташланди. Бироқ унинг тирноқлари қўчқорнинг қалин юнгига илашиб, нуқул қанот қоқиб қағиллайверди-ю, аммо ҳеч учиб кетолмади. Бу ҳолни кўрган Чўпон масала нимада эканлигини тушунди: югуриб келиб Зоғчани ушлаб олди-да, қанотларини кесиб, кечқурун болаларига олиб бориб берди. Болалари: “Бу қанақа қуш?” — деб сўрашди. Чўпон бўлса: “Мен-ку бунинг Зоғча эканини биламан, лекин у ўзини бургут деб ҳисоблаётибди-ёв”, — деди.
Иқтидорли одамлар билан тенглашмоқчи бўлганлар ҳеч нимага эриша олмайдилар, аксинча, уларнинг ношудлиги бошқаларнинг кулгисини келтиради.

БУРГУТ БИЛАН ҚЎНҒИЗ

Бургут бир қуённинг пайига тушди. Жон сақлаш учун кимдан ёрдам сўрашини билмаган қуён йўлида рўпара келган ягона жонзодга — гўнг қўнғизига ёлборди. Қўнғиз унга далда берди ва қаршисида пайдо бўлган йиртқич қушга, мендан паноҳ излаб келган жонворга тегма, дея илтижо қилди. Бургут бу жинқарча ҳимоячининг гапига парво ҳам қилмай қуённи тутиб еди. Лекин Қўнғиз бу разилона таҳқирни унутмади: энди у кун-уззу кун Бургутнинг уясини қидириб, ҳар сафар у тухум қўйган пайтда тухумларини думалатиб ерга тушириб синдираверди. Ниҳоят, ҳеч ердан паноҳ топа олмаган Бургут олий тангри Зевсга илтижо қилиб, тухум қўйиб бола очиши учун бехавотирроқ жой кўрсатишни сўради. Зевс Бургутнинг бола очиши учун ўз қўйнини очиб берди. Буни кўрган Қўнғиз бир парча гўнгни думалатиб соққа қилди-да, Зевс олдига — арши аълога учиб чиқиб, ўшал соққани бузург тангрининг қўйнига ташлаб юборди. Зевс қўйнидаги гўнг парчасини қоқиб юбориш учун бирданига ўрнидан туриб кетди ва Бургутнинг тухумларини тушириб юборди. Турган гапки, барча тухумлар синган эди. Айтишларича, шу пайтдан бошлаб бургутлар қўнғизлар тухумдан чиққан чоғда уя қурмайдиган ва тухум очмайдиган бўлишганмиш.
Масалдан ҳисса шуки, кичкиналарни менсимаслик яхши эмас, зеро ўзини таҳқирлагандан ўч олмоқчи бўлган жониворни заиф деб бўлмайди. Ахир айтганларку: “Ўзингни эр билсанг, ўзгани шер бил”, — деб.

БУЛБУЛ ВА ҚАРЧИҒАЙ

Булбул дарахт шохига қўниб олиб, ўз одати бўйича хониш қиларди. Уни қорни оч бир Қарчиғай кўриб қолди ва “шув” этиб учиб келиб, бечора қушчани чангалига олди. Шунда куни битиб ажали етган Булбул Қарчиғайга ёлвориб деди: “Жон ака, мени еманг, ахир мен зиғирдаккинаман — тишингизнинг кавагида йўқ бўлиб кетаман. Агар қорнингиз очган бўлса, яхшиси, йирикроқ қушларни тутиб енг”. Лекин Қарчиғай унга эътироз билдириб деди: “Агар чангалимдаги ўлжани ташлаб, қорасиям кўринмаган ўлжани қидирадиган бўлсам, ғирт аҳмоқ бўлган бўлардим”.
Бу масал, аҳмоқ одамларгина мавҳум каттакон ўлжа илинжида ўз қўлига туширган бойликдан воз кечади, демоқчи. Ахир айтганлар-ку: “Эртанги товуқдан бугунги тухум яхши” — деб.

ҚАРЗДОР

Афинада бир одам бошқа бир одамдан қарз олади. Мана, фурсат етиб қарз берган одам, қарзни тўла, деб талаб қила бошлайди. Қарздор аввалига, ҳозирча ёнида пули йўқлиги сабабли қарзни тўлаш учун яна бир оз муҳлат сўрайди. Лекин илтимоси ерда қолади. Шунда қарздор одам биттаю битта сигирини бозорга олиб чиқиб сотмоқчи бўлади ва қарз берган одамнинг кўзи олдида сигирини харидорларга мақтай бошлайди. Бир харидор келиб ундан: “Сигиринг қисир эмасми?” — деб сўрайди. “Йўқ, — дейди қарздор, — ҳар йили қиш чилласида танача туғиб беради, ҳайит кунларига борганда буқача туғади”. Харидор бу гапни эшитиб ҳайрон қолади. Шунда қарз берган одам қарздорнинг гапини илиб кетиб дейди: “Нега ҳайрон бўляпсиз? Шошмай туринг, ҳали бу сигир айёми ажузга бориб қўзичоқ ҳам туғиб беради”.
Ҳа, шундай одамлар борки, улар ўз фойдаларини кўзлаб, ҳар қандай ёлғон-яшиқ гапларни қасам ичиб тасдиқлашдан ҳам тоймайдилар.

ЭЗОП КЕМАСОЗЛИК КОРХОНАСИДА

Масалнавис Эзоп кунларнинг бирида сайр қилиб юриб, кемасозлик корхонаси олдига бориб қолади. Кемасозлар унинг беўхшов важоҳатини, тасқара башарасини кўриб, мазах қилиб кула бошлайдилар. Шунда Эзон уларга жавобан дейди: «Даставвал оламда фақат ғайримуташаккил — Хаос ва сув бўлган экан. Кейин тангри Зевс яна бир табиат янгилиги — Ерни яратишни ихтиёр қилибди. Ерни яратибди-ю, унга уч ҳўплашда дунёдаги барча сувни ичиб битиришни амр этибди. Ва Ер Зевснинг амрини бажаришга киришибди: бир марта ҳўплаган экан — тоғлар пайдо бўлибди; иккинчи марта ҳўплаганида — дала-даштлар намоён бўлибди; шуни билингларки, агар Ер учинчи марта ҳўпласа, бу касб-корингизнинг ҳеч кимга кераги бўлмай қолади».
Масалдан хулоса шуки, яхши одамлар устидан кулган ёмон одамлар бир кун келиб, ўзларининг бутун эл олдида шарманда бўлганларини сезмай қоладилар.

ТУЛКИ БИЛАН ТАКА

Бир Тулки бехосдан қудуққа тушиб кетди ва у ердан чиқолмай, ноилож жим ўтираверди. Шу пайт қудуқ бошига чанқаган бир Така келди; у қудуқ ичида турган Тулкини кўриб ундан, сув қалай экан, муздайми, деб сўради. Айёр Тулки сувни оғиз кўпиртириб мақтай кетди ва уни ҳам қудуқ ичига таклиф қилди. Чанқоғини қондиришдан ўзга нарсани ўйламаган Така қудуққа сакраб тушди ва мириқиб сув ичди. Ана шундан кейингина бу ердан қандай қутулиб чиқиш ҳақида Тулки билан маслаҳатлаша бошлади. Тулки: «Менда ажойиб бир фикр пайдо бўлди, агар уни амалга оширсак, иккаламиз ҳам бу ердан эсон-омон қутулиб чиқиб кетамиз, — деди. — Бундай қиламиз: сен олдинги оёқларингни кўтариб деворга тирайсан ва шохларингни эгиб турасан. Мен сенинг елкангдан тирмашиб юқорига чиқаман; кейин сени ҳам тортиб оламан». Тулкининг бу таклифини ҳам Така ўйлаб-нетиб ўтирмай қабул қилди; Тулки Таканинг думғазасига, кейин елкасига чиқиб, орқа оёқларини унинг шохларига тиради-да, олд оёқлари билан қудуқ оғзига тирмашиб, бир ирғишда юқорига чиқиб олди ва орқасига қайрилиб ҳам қарамай, ўз йўлида кетаверди. Така лафзида турмаган Тулкини бўралаб сўка бошлади, Тулки эса орқасига ўгирилиб деди: «Вой овсар-е! Агар миянгда соқолингнинг тукичалик ақл бўлганида, қудуққа тушишдан олдин, у ердан қандай чиқишни ўйлаган бўлардинг».
Шунингдек, ақли расо одам ҳам бир ишни бошлашдан олдин унинг оқибати нима билан тугаши ҳақида ўйлаб кўриши керак.

Related Articles

Check Also
Close
Back to top button