O`zbekiston

САЙЛОВЛАРНИНГ ОЧИҚЛИГИ ВА ОШКОРАЛИГИ

Бу жараёнда фуқаролар ва нодавлат нотижорат ташкилотларнинг ўрни

 

Бугунги кунда Ўзбекистонда катта сиёсий жараён – Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман
ва шаҳар кенгашлари депутатлигига ўтказиладиган сайловлар ўзининг ҳал қилувчи палласига кириб бормоқда.

Ушбу муҳим сиёсий воқеликка “Янги Ўзбекистон, янги сайловлар” деган шиор танлангани бежиз эмас. Зеро, сайловлар мамлакатда амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар, яқин ва олис истиқбол учун белгилаб олинадиган стратегик тараққиётнинг дастурий вазифаларини амалга оширишда катта аҳамият касб этади.

Бу йилги сайловлар яқинда қабул қилинган, сайловларни умумэътироф этилган халқаро стандартлар ва принциплар асосида демократик, очиқ-ошкора ўтказишга ҳизмат қиладиган Сайлов кодекси асосида ҳамда юртдошларимизнинг онгу тафаккури ўзгарган, ўзининг ва фарзандларининг келажагига юксак ишонч билан боқаётган бир шароитда ўтмоқда.

Ушбу жараёнда сиёсий онг ва маданият ўсиб бораётгани, жамиятда демократия, очиқлик ва ошкоралик таъминланаётгани янги сайловларда яна бир бор намоён бўлиши шубҳасиз. Бўлажак сайловлардаги ҳар бир овоз эътиборга олинади ва ҳар бир фуқаро давлат ҳокимияти вакиллик органларини шакллантиришда бевосита иштирок этади. Бу эса, ўз навбатида, фуқароларнинг жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш конституциявий ҳуқуқининг ҳаётга татбиқ қилиниши, сайловларнинг адолатли ва холисона ўтишининг кафолати бўлади.

Бир сўз билан айтганда, сайловларнинг натижасидан, юксак демократик тамойиллар ва қонун устуворлиги таъминланиши асосида ўтказилишидан манфаатдор бўлган асосий субъект – бу сайловчилардир. Шундай экан, фуқаролар, улар томонидан ташкил этилган демократик институтларнинг ушбу сайловларни очиқ ва ошкора тарзда ўтказилиши, сайлов жараёнлари устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш масалалари бугунги куннинг энг долзарб масалалари сирасига киради.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, бу йилги сайловлар жараёнида нафақат сиёсий партиялар, балки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакиллари ҳам бевосита фаол иштирок этишини таъминлайдиган жамоатчилик назорати ҳуқуқидан самарали фойдаланишлари учун зарур норматив-ҳуқуқий асослар яратилди.

Жумладан Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси 32 моддасида мамлакатимиз “фуқаролари жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш” ҳуқуқлари ва бундай иштирок этиш “ўзини ўзи бошқариш, референдумлар ўтказиш ва давлат органларини демократик тарзда ташкил этиш, шунингдек давлат органларининг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ривожлантириш ва такомиллаштириш йўли билан” амалга ошириши белгилаб қўйилган.

Бугунги кунда ушбу нормаларнинг сайлов қонунчилигимизга тегишли қисми Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси ва “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонунларида ривожлантирилди. Ҳусусан, Сайлов кодексининг 8-моддасига мувофиқ сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишга доир барча тадбирларда, шунингдек сайлов куни овоз бериш хоналарида ва овозларни санаб чиқишда сиёсий партиялардан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан ҳамда бошқа давлатлар, халқаро ташкилотлардан кузатувчилар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этиш ҳуқуқига эгалиги қонунда тасдиқлаб қўйилган.

Сайлов кодекси фуқаролик жамиятининг энг муҳим институти – маҳалланинг сайловларга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишдаги ролини сезиларли даражада кучайтирганлигини алоҳида таъкидлаш зарур.

Биринчидан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг кузатувчилари сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича барча тадбирларда, шунингдек, сайлов куни ва овозларни санаб чиқишда иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар.

Иккинчидан, Халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашига сайлов ўтказиш бўйича округ сайлов комиссияларининг аъзолари фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг тавсиясига биноан тасдиқланади.

Учинчидан, участка сайлов комиссиялари аъзолигига номзодлар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар томонидан таклиф этилиб, улар халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашлари мажлисларида муҳокама қилинади ва тегишли округ сайлов комиссияси томонидан тасдиқлашга тавсия этилади ва ҳоказо.

Яъни, маҳалла институти бир пайтнинг ўзида сайловни ташкил этувчи (участка сайлов комиссиялари, округ сайлов комиссияларини тузиш) ва кузатувчи сифатида иштирок этиши кўзда тутилган. Бу эса, ўз навбатида, фуқароларнинг ушбу институт орқали сайлов жараёнлари устидан бевосита назорат ўрнатиш ҳуқуқларини рўёбга чиқаришда муҳим омил бўлиб хизмат қилади. 

Илгари маҳалладан кузатувчилар фақат халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сайловидагина иштирок этиши назарда тутилган эди. Энди маҳалла кузатувчилари барча сайловларда қатнашиши мумкин.

Шунингдек, аввал участка сайлов комиссияларининг аъзолари жамоатчиликнинг обрўли вакиллари орасидан тайинланади, деб белгилаб қўйиш билан чекланилган бўлса, эндиликда Сайлов кодекснинг 23-моддасига асосан, участка сайлов комиссияси аъзолигига номзодлар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар томонидан таклиф этилиши назарда тутилди.

Бундан ташқари, Сайлов кодекснинг 14-моддасида Марказий сайлов комиссияси жамоат бирлашмалари вакилларининг сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ масалалар бўйича ҳисоботларини тинглайди ва 15-моддада уларнинг Марказий сайлов комиссияси йиғилишларида иштирок этишини таъминлайди.

Сайлов кодекснинг 39-моддасига асосан, имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текширувчи Эксперт гуруҳи таркибига фуқаролик жамияти институтларининг вакиллари ҳам жалб этилади.

Бошқача айтганда, Ўзбекистон қонунчилигида фуқаролар
ва жамоат бирлашмаларининг сайловларни кузатиш ҳуқуқи тўла таъминланган.

Шундан келиб чиқиб, Марказий сайлов комиссияси мамлакатимизнинг етакчи фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликни йўлга қўйгани сайловларнинг аввало қонунчилигимиз, қолаверса энг юқори демократик талаблар ва тамойилларга тўла жавоб берадиган равишда очиқ ва ошкора ўтказилишига хизмат қилади, дейишга тўла асослар мавжуд. Хусусан, бугунги кунда Марказий сайлов комиссияси ва Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси ўртасида хотин-қизларнинг сайловда қатнашиш бўйича конституциявий ҳуқуқларини амалга оширишни таъминлашга қаратилган ҳамкорлик тўғрисида битим имзоланган.

Жорий йилнинг 5 октябрь куни Марказий сайлов комиссиясининг 951-сонли қарори билан “Сиёсий партиялар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан кузатувчилар тўғрисидаги Низом” тасдиқланди. Ушбу Низом сиёсий партиялар, шунингдек, фуқароларнинг ўзини бошқариш органлари кузатувчиларининг ҳуқуқий мақомини, ҳуқуқ ва мажбуриятларини ҳамда уларнинг ҳужжатларини расмийлаштириш тартибини белгилайди.

Юқоридагиларни ҳисобга олган ҳолда Марказий сайлов комиссияси ва Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши, Фуқаролик жамиятини ривожлантириш маркази, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ўртасида сайлов жараёнларини янада демократлаштиришга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш мақсадида ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандум тайёрланди. Унга асосан томонлар:

– фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакилларининг ҳуқуқий маданияти ва сайлов ташкилотчиларининг касбий малакаси даражасини юксалтириш бўйича ҳамкорликда тадбирлар ташкил этади;

– сайлов қонунчилигини янада либераллаштириш моҳиятини очиб беришга қаратилган тадбирлар, семинарлар, конференциялар, тренинглар, “давра суҳбатлари” ўтказади, лойиҳаларни амалга оширади, тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқади;

– оммавий ахборот воситалари имкониятларидан кенг фойдаланади, биргаликда тадбир ва лойиҳалар ўтказишда очиқлик
ва ошкоралик тамойилига риоя қилади.

Сайлов кодекси ва ушбу ҳужжатлар сайловларнинг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлашда ҳар бир фуқаро ва ташкилотнинг ролини оширишга хизмат қилишини алоҳида қайд этиш зарур.

Муҳтасар қилиб айтганда, Ўзбекистон қонунчилигида фуқаролар ва жамоат бирлашмаларининг сайловларни кузатиш ҳуқуқи кафолатланган.

Аён бўляптики, республикамизнинг ҳар бир фуқароси, шунингдек, ҳар бир ташкилот сайловларнинг очиқ-ошкоралиги ва шаффофлиги таъминланишига муайян ҳисса қўшиши учун ҳуқуқий асос яратилди. Фуқаролар ушбу имкониятлардан тўлиқ фойдаланиб, янги Парламент ва маҳаллий Кенгашларни шакллантиришда фаол қатнашишларига ишончимиз комил.

 

Маруфжон УСМАНОВ,

Насимжон АЛИМОВ

Related Articles

Back to top button