Халқаро ҳуқуқда ҳудуд тушунчаси ва давлат ҳудуди

Ҳар қандай давлат муайян чекланган ҳудудда жойлашади ва ўз ҳудудини қўриқлаш учун чегаралар ўрнатади. Шу ҳудудда унинг фуқаролари истиқомат қилади. Давлат ўз ҳудуди доирасида ички ва ташқи фукцияларни амалга оширади. Бу ҳудуднинг дахлсизлигини ҳимоя қилиш унинг энг муҳим вазифаларидан ҳисобланади. Ҳар бир давлатнинг яхлит ҳудуди муайян тарзда, албатта, маълум қисмларга, бўлинмаларга бўлинган бўлади. Давлат ҳудудини бундай бўлиш уни бошқаришни осонлаштириш, самарали бошқариш мақсадларини кўзлайди.
Давлатнинг ҳудуди қандай тарзда ташкил этилганлигини, яъни марказ билан ҳудудий бирликнинг ўзаро муносабати қандай, қанақа маъмурий ҳудудий бўлинмаларга бўлинган каби масалалар «давлатнинг тузилиш шакли» деган атама билан анча вақтдан бери ифодаланиб келган. Бироқ тузилиш деган ибора жуда сермаъно бўлганлиги туфайли, кейинги пайтларда конституциявий юридик адабиётда «ҳудудий-сиёсий тузилиш», сиёсий ҳудудий тузилиш каби атамаларни қўллаш кенг тарқалмоқда.
Давлатнинг ҳудудий тузилиши – давлат тузилиши тушунчасининг таркибий қисми бўлиб, давлат ўз вазифа ва функцияларини бажариши учун, муайян чекланган ҳудудини маълум бир ҳудудий (маъмурий-ҳудудий) бирликларга бўлинишини, уларнинг маҳаллий органлари билан марказий органлари ўртасидаги ўзаро алоқаларнинг хусусиятлари тушунилади. Ушбу ҳудудий бирликларда, давлат аппарати маҳаллий органларининг структураси тузилади. Шунинг учун давлатнинг ҳудудий тузилишини маъмурий-ҳудудий тузилиш деб аташ мақсадга мувофиқ.
Маъмурий – ҳудудий бирлик – давлат маъмурий –ҳудудий тузилиши тизимининг мустақил таркибий қисми бўлиб, бир неча поғонада ташкил этилиши мумкин.
Тегишли маъмурий ҳудудни алоҳида маъмурий-ҳудудий бирлик сифатида эътироф этиш учун фақат давлат ҳокимияти маҳаллий органларни ташкил этиш билан чегараланмасдан, балки маҳаллий ҳудуднинг иқтисодиймаданий ривожланганлиги даражаси, аҳолининг ҳудудий уюшиши билан ҳам боғлиқдир.
Ҳудуд ҳар қандай давлатнинг моддий асоси бўлиб хизмат қилади, унинг мавжудлигининг муҳим шарти ҳисобланади. Барча табиий захиралар давлат ҳудудининг таркибий қисмлари ҳисобланади. Модомики, ҳудуд тўлиқ дахлсиз экан, демак унинг қисмлари, яъни табиий захиралари ҳам дахлсиздир. Уларни хорижий шахслар ёки давлатлар ҳудудий суверен ижозатисиз ишлатиши давлат ҳудудий дахлсизлигининг бузилиши сифатида эътироф этилади. Шу боис, давлатлар унинг яхлитлигини таъминлашга жиддий эътибор беради. Анча илгари, Миллатлар Лигаси статутидаёқ ҳар қандай ташқи хуружларга қарши ўлароқ, аъзо давлатларнинг ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилиш ва сақлаб қолиш мажбурияти қайд этилганди. Ушбу принцип 1945 йилда БМТ Устави қабул қилиниши билан ўз тасдиғини топди.
Баъзан давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги принципи давлатга тегишили ҳудудлар яхлитилиги принципи ёхуд давлатга тегишли ҳудудлар дахлсизлиги принципи, деб ҳам юритилади, аммо бу ўринда асосий мазмун-моҳият битта — хорижий давлат учун ҳудудини тажовузкорлик билан босиб олиш, қўшиб олиш ёки бўлиб ташлашни ман этишдир.
Агар давлат ўз ҳудуди доирасида ягона ҳокимиятни амалга оширар экан, демак у ана шу ҳудудда содир бўладиган барча воқеа-ҳодисалар учун тегишли равишда жавобгарликни ҳам зиммасига олади. Давлат ҳудуди доирасида амалга ошириладиган фаолият бошқа давлатларга зиён етказмаслиги керак. Бунда, авваламбор, атроф муҳитга етказиладиган зарар кўзда тутилмоқда.
Суверен эгалик деганда, давлат ҳудуди ва захираларини тасарруф қилиш, шу жумладан унинг муайян қисмини хорижий давлатга бериш ҳуқуқи тушунилади. Ер бўйича мулк ҳуқуқини қўлга киритиш, ҳаттоки хорижий давлат бундай мулк ҳуқуқини қўлга киритган тақдирда ҳам, унинг давлат ҳудуди таркибидан чиқишига олиб келмайди.
Сурхондарё вилоят суди
суд статистикасини тизимли таҳлил қилиш бўлими
бош консултанти Ж.Х.Примов



