Ўзбекистон Республикасининг ЎРҚ–1032-сон Қонуни Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги Қонун, 2025 йил 16 январ

Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар инсон қадрини улуғлаш, адолат тамойилларини мустаҳкамлаш ва жиноятчиликнинг олдини олишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Айниқса, маҳкумларни ахлоқан тарбиялаш, уларни жамиятга қайта мослаштириш ҳамда қайта жиноят содир этилишининг олдини олиш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан бири ҳисобланади.
Шу мақсадда қабул қилинган мазкур Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал ва Жиноят-ижроия кодексларига қатор муҳим қўшимча ҳамда ўзгартиришлар киритилди. Қонуннинг асосий мазмун-моҳияти маҳкумларнинг тузалиш йўлига ўтганлигини инобатга олган ҳолда уларга нисбатан инсонпарварлик тамойилларини кенг қўллашдан иборатдир.
Эндиликда жазони ўтаётган шахснинг хулқ-атвори, меҳнатга муносабати, ички тартиб-қоидаларга риоя қилиши, таълим ва тарбиявий жараёнлардаги иштироки ҳамда тузалиш йўлига ўтганлиги асосий мезон сифатида баҳоланади. Мазкур ҳолатлар инобатга олинган ҳолда маҳкумнинг жазо муддатини қисқартириш имконияти яратилиши назарда тутилмоқда.
Бу эса, ўз навбатида, маҳкумларни қонунга ҳурмат руҳида яшашга, интизомли бўлишга ва ўз хатоларидан тўғри хулоса чиқаришга ундайди.
Чунки инсонга ишонч билдириш ва уни рағбатлантириш унинг келажакда тўғри ҳаёт кечиришида муҳим омил ҳисобланади. Жазо муддатининг қисқартирилиши маҳкум учун нафақат енгиллик, балки унга берилган ишонч сифатида ҳам аҳамият касб этади.
Қонун билан киритилаётган мазкур ўзгартиришлар жазони ижро этиш тизимида адолат ва инсонпарварлик тамойилларини янада кучайтиришга хизмат қилади. Зеро, жазодан кўзланган асосий мақсад инсонни жазолаш эмас, балки уни тузатиш, жамиятга қайта қайтариш ва келгусида ҳуқуқбузарлик содир этилишининг олдини олишдан иборатдир.
Шунингдек, мазкур қонун нормалари жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтиришга, жиноятчиликка қарши курашиш тизимини янада самарали ташкил этишга ҳам хизмат қилади. Бу орқали инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, фуқароларнинг адолатга бўлган ишончини мустаҳкамлашга эришилади.
Шунингдек, мазкур Қонун мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг муҳим босқичларидан бири бўлиб, инсонпарварлик, адолат ва қонунийлик тамойилларининг амалдаги ифодаси сифатида алоҳида аҳамият касб этади.
Фуқаролик ишлари бўйича
Сариосиё туманлараро суди раиси
Номозов Музаффар Эргашович



