Нафс балоси панжара ортига киришга мажбур қилди

Баходиров Бахтиёр Алишер ўғли (исми-шарифи ўзгартирилган) ўзганинг мол-мулкини ўғрилик йўли билан яширин равишда талон-торож қилиш мақсадида, 2026 йил 14 февраль куни соат 09:00да Термиз шаҳри, “Эски шаҳар” маҳалласи ҳудудидаги “Элегант” савдо дўконига харидор сифатида кириб, дўкондан 1 килограмми 77.000 сўмдан бўлган музлатилган мол гўшти маҳсулотларидан 5 килограмм, 1 килограмми 100.000 сўмдан бўлган 3 килограм колбаса маҳсулотини, жами 685.000 сўмлик озиқ-овқат маҳсулотларини яширин равишда ўғирлаб, дўкондан олиб чиқиб кетган.
Бундан ташқари, судланувчи Б.Баходиров содир қилган ўғирлик жинояти учун жиноий жавобгарликка тортилмаганлигидан фойдаланиб, такроран ўзганинг мол-мулкини ўғрилик йўли билан яширин равишда талон-торож қилиш мақсадида, 2026 йил 16 февраль куни соат 08:30да Термиз шаҳри, “Эски шаҳар” маҳалласи ҳудудидаги “Элегант” савдо дўконига харидор сифатида кириб, дўкондан 1 килограмми 77.000 сўмдан бўлган музлатилган мол гўшти маҳсулотларидан 7 килограмм, 1 килограмми 40.000 сўмдан бўлган 2 килограмм товуқ оёғини, жами 619.000 сўмлик озиқ-овқат маҳсулотларини яширин равишда ўғирлаб, дўкондан олиб чиқиб кетган.
Худди шу каби, судланувчи Б.Баходиров содир қилган ўғирлик жинояти учун жиноий жавобгарликка тортилмаганлигидан фойдаланиб, такроран ўзганинг мол-мулкини ўғрилик йўли билан яширин равишда талон-торож қилиш мақсадида, 2026 йил 17 февраль куни соат 09:30да Термиз шаҳри, “Эски шаҳар” маҳалласи ҳудудидаги “Элегант” савдо дўконига харидор сифатида кириб, дўкондан 1 килограмми 77.000 сўмдан бўлган музлатилган мол гўшти маҳсулотларидан 7 килограмм, 1 килограмми 100.000 сўмдан бўлган 3 килограмм колбаса маҳсулотини, 1 килограмми 40.000 сўмдан бўлган 2 килограм товуқ оёғини, жами 919.000 сўмлик озиқ-овқат маҳсулотларини яширин равишда ўғирлашга суиқасд қилиб, дўкондан олиб чиқиб кетаётганлигини дўкон сотувчиси Ахмедов Асқар Фарход ўғли (исми-шарифи ўзгартирилган) кўриб қолиб, уни ортидан бориб, ундан олган маҳсулотларини пулларини тўлаган-тўламаганлигини сўраб тўхтатганида Б.Баходиров дўкон сотувчисига озиқ-овқат пулларини турмуш ўртоғи келиб тўлаб маҳсулотларни олиб кетишини баҳона қилиб ўғирлаган маҳсулотларни дўкон ташқарисида қолдириб, ўзи ҳодиса содир бўлган жойдан қочиб яшириниб, ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолда ўғирлик жиноятини охирига етказа олмаган.
Жиноят ишлари бўйича Ангор туман судининг 2026 йил 1 май кунидаги суд мажлисида Б.Баходировга Ўзбекистон Республикаси ЖК 169-моддаси 3-қисмининг “а” банди билан ЖКнинг 57-моддаси қўлланиб 1 йил 10 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси, ЖКнинг 25,169-моддаси 3-қисмининг “а” банди билан ЖКнинг 57-моддаси қўлланиб 1 йил 10 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси ЖКнинг 59–моддаси тартибида, жиноятлар мажмуи тариқасида тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил–кесил 2 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди ҳамда қонун устувор, жазо муқаррарлиги таъминланди.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, инсоннинг ўз нафсининг қулига айланиши нафақат ўзининг балки оила аъзоларининг ҳам ҳаёти издан чиқишига олиб келди.
Сурхондарё вилоят суди
судья катта ёрдамчиси
Ю.Эшпулатов




