Bu qiziq

ҒАЛЛА МАЙДОНЛАРИНИ КАСАЛЛИК, БЕГОНА ЎТЛАР ВА ЗАРАРКУНАНДАЛАРДАН ҲИМОЯ ҚИЛАЙЛИК

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги томонидан   Бошоқли дон экинларини занг ва бошқа касалликлари, бегона ўтлар ҳамда зараркунандаларнинг тарқалишини олдини олиш юзасидан жорий йилнинг  12-мартидан 21 — апрелигача “Долзарб 40 кунлик” эълон қилинди. Унга кўра ғалла майдонларида сариқ занг, қўнғир занг ва бошқа касалликлар, бир йиллик икки паллали, кўп йиллик икки паллали бегона ўтлар, бошоқли бегона ўтлар, зарарли хасва, шилимшиқ қурт, шира, трипс ва бошқа зараркунандаларнинг тарқалишини олдини олиш ҳамда зарарли организмлар кузатиладиган майдонларда қарши зарурий кураш чоралари кўрилмоқда.

Хўш, бошоқли дон экинлари касалликлари қай даражада хавфли?

Республикамиз  бошоқли  дон  экинлари  майдонларида  10  дан  ортиқ  турдаги касалликлар  зарар  етказади.  Улар  сариқ  занг,  қўнғир  занг,  ун  шудринг,  сариқ доғланиш,  септориоз  ва  бошқа  касалликлар  зарар  беради.  Ғалланинг  энг  хавфли офатларидан  бири  бу  занг  касалликларидир.  Занг  касалликлари  учрайдиган  барча мамлакатларда улар ҳар доим қатъий  назорат остига олинади, чунки пайдо бўлган занг жуда тез (ёнғин сингари шиддат билан) тарқалиб, қисқа муддатда (3-4 ҳафтада) ўсимлик баргларининг аксариятини қуритади ва дон ҳосилига жиддий зарар етказади. 1 кеча-кундузда занг споралари шамол тезлигига қараб 100-1000 км гача  масофага  тарқалади.  Ўсимликларнинг  соғлом  баргларига  тушган  споралар  уларни зарарлайди,  тўқима  ичида  ривожланади  ва  7-9  кундан  кейин  янги  иккинчи  авлод споралари  етилади, уларнинг босими туфайли эпидермис ёрилади  ҳамда  споралар эркин ҳолатда чиқиб атрофга тарқалади. Бир мавсумда занг 7-10 авлод бериб, ривожланади.

Сариқ  занг  касаллиги.  Сариқ  занг  споралари  (уруғлари)  0°C  да ўсишни бошлаши ва ҳаво ҳарорати  8-13°C  га  етганда тўқималар ичига кириб, 12-15°C ҳароратда янги споралар ҳосил қилиши аниқланган. Занг  замбуруғлари  зарарланган  баргларининг  эпидермис қатлами остида жойлашган ва қуруқ, кукун шаклли  споралар  массасидан  ташкил  топган ёстиқчаларни  ҳосил  қилади.  Буғдой  баргида  битта ёстиқчада  сариқ  занг  14-18  мингта  спорани  ҳосил қилиши  мумкин.  Агар  баргда  сариқ  занг  узунлиги 10  см  келадиган  битта  чизиқчаси  бўлса,  уларда 1,0-1,2 млн. дона спора, 20 сантиметрлик ёстиқчалар  билан  тўлиқ  қопланган  баргда  эса  тахминан  30-40 млн.  дона  спора  бўлади.  Сариқ  занг  туплаш-найчалаш  фазасида  пайдо  бўлиб, 20-30%, айрим ҳолларда 50-60%, ҳатто 100% ҳосил йўқотилади.

Қўнғир занг касаллиги.   Ушбу  занг  касаллиги  ҳам  ўта  хавфли  ҳисобланади.  Касаллик  буғдойнинг  баргларини,  баъзан  барг  қинини  зарарлайди.  Буғдой баргида битта ёстиқчада қўнғир занг 16-37 мингта спорани  ҳосил  қилиши  мумкин.  Касаллик  таъсирида 25-50%  ҳосил  йўқотилади.  Бугунги  кунда  Ўзбекистонда  буғдойни  занг  касалликларидан ҳимоя  қилишнинг  фақат битта ишончли  усули  мавжуд  бўлиб, бу  –  фунгисид пуркашдир.

Фунгисид  нима ? Бу  ўсимлик  касалликларига қарши қўлланиладиган кимёвий восита.  Занг  касалликларига  қарши  об-ҳавонинг  келишига  қараб  феврал  ойининг  охири,  март  ойида  касаллик  белгилари пайдо бўлиши билан дунё тажрибасидан келиб  чиқиб,  профилактик  ишловлар  амалга  оширилади. Профилактик ишловдан кейин  ҳудудда  “Инфекция босими” кучли бўлса ёки далада занг билан бирга бошқа касалликлар ҳам учраса,  ёғингарчилик кўп бўлиб, нам  ҳаво сақланиб турса,  об-ҳаво башоратини ҳисобга  олган ҳолда  20-30 кун ўтгач,  иккинчи ва яна  лозим бўлса  учинчи марта ишлов бериш талаб этилиши мумкин. Ушбу тизим қўлланилганда касалликнинг олди олиниб, ҳосил асраб қолинади.

Занг ва бошқа касалликларга қарши кураш чоралари.

Касалликларга  қарши  таъсир  этувчи  моддаси  Пропиконазол+тебуконазол бўлган  препаратларни  гектарига  0,2-0,3  л/га,  таъсир  этувчи  моддаси  Пропиконазол+сипроконазол  бўлган  препаратларни  гектарига 0,3 л/га,  Пропиконазол асосли  препаратларнинг  25%  лисини  0,5  л/га,  39%  фунгитсидларни                 0,26  л/га  сарфмеъёрда қўллаш лозим.  ОВХ ва штангали пуркагич билан 1 гектар майдонга 0,2-0,3 литр препарат  сарфи  ҳисобида  600  литр  сувга  0,4-0,6  литр  миқдорда  қўшиб,  2  гектар  майдонга  қўллаш тавсия этилади. Моторли  қўл  пуркагичи  билан  10  литр  сувга  5-7,5  мл  ҳисобида  қўшиб, 2,5 сотих майдонга қўллаш керак. ОВХ ва штангали пуркагич билан 1 гектар майдонга 0,4 литр препарат сарфи  ҳисобида  600  литр  сувга  0,8  литр  миқдорда  қўшиб,  2  гектар  майдонга  қўллаш  мақсадга мувофиқ. Моторли  қўл  пуркагичи  билан  10  литр  сувга  10  грамм  ҳисобида  қўшиб, 2,5 сотих майдонга қўллаш лозим.

Бегона ўтларга қарши кураш

Ўзбекистонда  бегона  ўтларнинг  72  та  оилага  мансуб  бўлган  841  тури учрайди.  Шундан  519  тури  бир  йиллик,  322  тури  эса  кўп  йиллик  ўсимликлардир. Бегона  ўтлар  қишлоқ  хўжалигига  катта  зарар  етказади.  Улар  ҳосил  миқдори ва  сифатини  пасайтиради.  Республикамиз  ғаллазорларида  бегона  ўтларнинг  200 га яқин тури учрайди. Бегона  ўтлар  кўпгина  зараркунанда  ва  касалликларнинг  манбаи  ҳисобланади ва  экинларга  соя  солиб,  ўсишдан  орқада  қолдиради.  Тупроқ  ҳароратини  2 -4  C°га  пасайтириши натижасида фойдали микроорганизмлар ривожланишига тўсқинлик қилади. Фотосинтез  жараёнини  издан  чиқариши  оқибатида  экинларнинг  ётиб  қолишига  сабаб  бўлади.  Ернинг  асл  фарзанди  бўлган  бегона  ўтлар  ғалла  ниҳолларига нисбатан ўта  агрессив  бўлиб,  илдизидан  ажраладиган холин ва бластохолин кимёвий моддалари таъсирида экинларнинг уруғларини униб чиқиш даражаси пасайиб, ўсишдан орқада қолади. Тупроқдаги намлик (сувни 330-1900 марта) ва минерал озуқаларни маданий  ўсимликка  нисбатан  10  марта  кўп  истеъмол  қилади.  Ҳосилни  йиғиб-териб олишга  тўсқинлик  қилади,  ўрим  йиғим  техникаси  самарадорлигини  пасайтиради. Қўшимча  харажатлар  (ҳайдов,  гербитсид,  уруғларни  тозалаш,  минерал  ўғит ва бошқалар) орқали рентабеллик даражасини камайтириб юборади. Ҳосилнинг сифатини 20-25 фоизгача пасайтириб юборади. Бегона  ўтларнинг  зарарини  олдини  олиш  мақсадида  буғдой  2-3  та  барг  чиқаргандан найчалаш давригача, униб чиққан  бегона ўтларнинг  бўйи  10-15 см  бўлган  даврда  (тахминан  феврал  ойининг  охиридан  апрел  ойигача)  кимёвий ишловлар ўтказилади, яъни гербитсидлар белгиланган меъёрларда қўлланади. Бир  йиллик  икки  паллали  бегона  ўтлар    (жағ-жағ,  ёввойи  сабзи,  юлдузўт, олабута, итузум, банги-девона, исмалоқ, лолақиз-ғалдоқ, рапс, чумчуқтил, шўра, мойчечак  ва  бошқа)га  қарши   Трибенурон-метил  асосли  препаратлар  гектарига 20 гр ҳисобида препаратлар қўлланади. ОВХ  ва  штангали  пуркагич  билан  сепилганда,  1  гектар  майдонга 20 грамм препарат ҳисобида 600 литр сувга 40 грамм миқдорда қўшиб, 2 гектар майдонда ишлов ўтказилади. Моторли қўл пуркагичи билан сепилганда, 10 литр сувга 0,5 грамм ҳисобида  қўшиб 2,5 сотих майдонга қўлланади. Кўп йиллик икки паллали бегона ўтлар (қўйпечак, отқулоқ ва бошқалар)га  қарши  Флуроксипир  асосли  препаратлар  гектарига  0,75-1,0  литр  ҳисобида,  Флуметсулам+флорасулам асосли препаратлар гектарига 0,05 — 0,06 литр ҳисобида; Трибенурон  метил+тифенсулфуронметил  асосли  препаратлар  гектарига  30  гр  ҳисобида препаратлар қўлланади. ОВХ  ва  штангали  пуркагич  билан  сепилганда,  1  гектар  майдонга  0,5  литр препарат сарфи ҳисобида 600 литр сувга 1 литр миқдорда қўшиб,  2 гектар майдонга  қо’ллаш тавсия этилади. Моторли  қўл  пуркагичи  билан  10  литр  сувга  12,5  мл  ҳисобида  қўшиб,2,5 сотих майдонга қўллаш керак. Бошоқли  бегона  ўтлар  (ёввойи  сули)га  қарши  кураш  таъсир  этувчи  моддаси  Пиноксаден  +  антидот  клоквинтотсет  мексил  бўлган  препаратлар  гектарига  0,75-1,3  литр ҳисобида, Клодинафоп-пропаргил асосли препаратлар гектарига 0,3-0,4 литр  ҳисобида,  Клодинафоп,  24%  эм.к.,  ва  бошқа  гербисидларни  0,15  л/га  меъёрда  қўллаш тавсия этилади. Чумчуқтил    Шўра Мойчечак  Ёввойи сули    Райграс  Олабута    ОВХ ва штангали пуркагич билан ишлов ўтказилганда 1 гектар майдонга 0,4  литр  препарат  сарфи  ҳисобида  600  литр  сувга  0,8  литр  миқдорда  қўшиб, 2 гектар майдонга қўллаш мақсадга мувофиқ Моторли  қўл  пуркагичи  билан  10  литр  сувга  10  мл  ҳисобида  қўшиб, 2,5 сотих майдонга қўллаш лозим. Бир йиллик икки паллали ва бошоқли (райграс) бегона ўтларга қарши  таъсир  этувчи  моддаси  Пиноксаден  +  антидот  клоквинтотсет  мексил  асосли  препаратлар  гектарига  0,75-1,3  литр  ҳисобида,  Мезосулфурон-метил,  3%  +  ёдосулфурон-метил, 0,6%  таъсирчан  моддали  гербисидларни  гектариг  0,25-0,3  л/га  меъёрда  қўллаш тавсия этилади. ОВХ ва штангали пуркагич билан 1 гектар майдонга 0,3 литр препарат сарфи  ҳисобида  600  литр  сувга  0,6  литр  миқдорда  қўшиб,  2  гектар  майдонга  қўллаш тавсия этилади. Моторли қўл пуркагичи билан 10 литр сувга 7,5 мл ҳисобида қўшиб, 2,5 сотих  майдонга қўллаш лозим.

Қадрли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчилари! Экинларингизга  ҳар қандай  ҳолатда кимёвий ишлов  беришдан олдин, албатта, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги мутахассислари билан маслаҳатлашинг! Бу  олтин  қоида.  Препаратларни  қўллашдаги  биргина  хатойингиз  сизнинг  бутун мавсум  учун қилинган  режаларингизни  барбод  қилиши,  пировардида  ҳосилингизни бутунлай йўқотишингизга олиб келиши мумкин.

Шу ўринда шуни эслатиб ўтишимиз керакки, туманимизда занг касаллигига қарши профлактик ишлов бермаган, бегона ўтлатга қарши гербитсидлар сепмаган кластер ва фермер хўжаликлари мавжуд.  Ўсимликлар карантини тўғрисидаги қонунининг 19-20-моддаларига асосан кластер ва фермер хўжаликларининг ўсимлик касалликлари, бегона ўтлари, зараркунандаларига қарши кураш мажбурияти мавжуддир. Карантиндаги касалликлар, зараркунандалар, бегона ўтларга қарши кураш ишларини олиб бормаган кластер ва деҳнон фермер хўжаликлари МЖТК нинг 107-108-моддалари билан маъмурий жавобгарликка тортилиши тўғрисида огохлантирамиз.

Сурхондарё вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси Қумқўрғон туман бўлими инспекторлари

Related Articles

Back to top button