Madaniyat

Глобал аксилтеррор стратегияси ва Янги Ўзбекистон стратегияси

БМТнинг 2006 йил 8 сентябрда қабул қилинган Глобал аксилтеррор стратегиясининг тўртта асосий қисмидан биттаси инсон ҳуқуқлари мавзусига бағишланган. Ушбу бўлим “Инсон ҳуқуқларининг умумжаҳон миқёсида ҳурмат қилиниши ва қонун устуворлигини терроризмга қарши курашнинг асосий таянчи сифатида таъминлаш бўйича чора-тадбирлар” деб номланганини қайд этиш лозим.

Глобал аксилтеррор стратегиясида эътироф этилганидек, терроризмга қарши курашиш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида амалга ошириладиган таъсирчан чора-тадбирларнинг бири бошқасини асло инкор этмайди. Аксинча, улар ўзаро бир-бирини тўлдириб, терроризм жабрдийдаларининг ҳуқуқларини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш учун ниҳоятда зарур ҳисобланади.

Шуни ҳам таъкидлаш керакки, “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси”даги олтинчи устувор йўналиш “Миллий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда умумбашарий муаммоларга ёндашиш” деб номлангани бежиз эмас.

Айниқса, ушбу устувор йўналишнинг “Экстремизм ва терроризмга қарши курашишнинг самарали механизмаларини шакллантириш” сарлавҳали 82-мақсади муҳим аҳамият касб этади. Ҳозирги вақтда Тараққиёт стратегияси доирасида, жумладан:

  • экстремизм ва терроризмни келтириб чиқарувчи омилларнинг олдини олишга қаратилган превентив механизмларни такомиллаштириш, ижтимоий-маънавий муҳитни яхшилаш, ёт ғоялар таъсирининг олдини олиш ва бундай таъсирга тушиб қолганлар билан тизимли ишлаш орқали уларнинг муаммоларини бартараф этиш;
  • аҳоли, айниқса ёш авлодда терроризм ва экстремизм мафкурасига қарши қатъий ва барқарор иммунитетни шакллантириш;
  • экстремизм ва терроризмга қарши курашишнинг халқаро-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш ҳамда хорижий давлатлар, минтақавий ва халқаро ташкилотлар билан экстремизм ва терроризмга қарши курашиш соҳасидаги ҳамкорликнинг шартномавий-ҳуқуқий асосларини кенгайтириш;
  • дипломатик ваколатхоналар ва консуллик муассасалари, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги, шунингдек, чет элга узоқ вақтга кетаётган ҳамда яшаб келаётган фуқаролар билан шуғулланувчи бошқа идораларнинг кадрлар салоҳияти ва ресурсларини мустаҳкамлаш;
  • хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан экстремизм, терроризм ва уларни молиялаштиришга қарши кураш соҳасида ахборот ҳамда тажриба алмашиш;
  • фаолияти экстремизм ва терроризмга қарши курашишга қаратилган халқаро ва минтақавий ташкилотларда фаол иштирок этиш;
  • Марказий Осиёда БМТнинг Глобал аксилтеррор стратегиясини амалга ошириш бўйича ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатларни биргаликдаги ҳаракатлар режаси доирасида мувофиқлаштириш;
  • Марказий Осиёда экстремизм ва терроризмга қарши курашиш бўйича биргаликдаги ишлар доирасида ахборот алмашинуви ва ҳамкорликни ривожлантиришга ёрдам берувчи халқаро ташаббусларни амалга оширишда Ўзбекистоннинг ролини кенгайтириш;
  • дунё ҳамжамияти ва минтақавий ташкилотлар эътиборини Афғонистонда тинчлик ва ҳамжиҳатликни таъминлашга жалб қилиш борасидаги ташаббусларни жадаллаштириш ва ушбу мамлакатни минтақавий ҳамкорлик жараёнларига, шу жумладан экстремизм ва терроризмга қарши курашишга жалб қилиш каби муҳим масалалар доирасида изчил ишлар бошлаб юборилган.

Халқаро конференцияда инсон ҳуқуқлари масалаларига катта эътибор қаратилаётгани, таъбир жоиз бўлса, Президент Шавкат Мирзиёевнинг Янги Ўзбекистонни бунёд этиш йўлида илгари сурган “Инсон қадри учун” тамойили билан ўзаро уйғун ва ҳамоҳангдир. Буни анжуман доирасида “Инсон ҳуқуқларининг умумжаҳон миқёсида ҳурмат қилиниши ва қонун устуворлиги таъминланиши – терроризмга қарши курашнинг асосий таянчи” мавзуси алоҳида сессия мажлисида муҳокама қилиниши кўзда тутилаётгани ҳам яққол тасдиқлайди.

Мамлакатимиз БМТнинг Глобал аксилтеррор стратегиясини қўллаб-қувватлаган, терроризм ва диний экстремизмга қарши курашиш бўйича 14 та халқаро конвенция ҳамда протоколни ратификация қилган.

Бундан ташқари, бу борада мамлакатимизда “Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида”, “Терроризмга қарши кураш тўғрисида”, “Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида”ги қонунлар ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган.

Хулоса қилиб айтганда, Тошкент халқаро конференциясида БМТ Глобал аксилтеррор стратегиясини амалга ошириш бўйича Марказий Осиё мамлакатлари ҳамкорлигининг ноёб тажрибаси тақдим этилади.

Сурхондарё вилоят суди

девонхона катта консультанти                                                                

А.Каршиев

Related Articles

Back to top button