O`zbekiston

Ёшлар келажаги — давлат эътиборида Президент фармони – юртнинг истиқболини мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадам

Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 14 февраль куни ёшлар билан ўтказган очиқ мулоқоти мамлакат ҳаётида катта ижтимоий-сиёсий воқеа сифатида тарихга кирди. Бу мулоқотда Президент томонидан илгари сурилган ғоя ва ташаббуслар, айниқса, ёш авлодга бўлган юксак ишонч, уларнинг муаммоларини эшитиш ва ҳал этишга бўлган интилиш ҳар бир юртдошимизни руҳлантирди.

Айнан шу учрашувда билдирилган фикр ва вазифалар асосида қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 15 февралдаги ПФ–25-сонли Фармони — “Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёшлар билан очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида” — давлатнинг ёшларга бўлган ғамхўрлиги, масъулиятли муносабати ва келажакка қаратилган стратегик ёндашувининг ёрқин ифодасидир.

Фармоннинг мазмунидан кўринадики, бу ҳужжат орқали ёшларнинг илмий ва амалий ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, сифатли таълим олиш имкониятларини кенгайтириш, ёшларни касб-ҳунарга йўналтириш ва уларни бандлик билан таъминлаш, инновация ва стартап лойиҳаларни ривожлантиришга шароит яратиш, илм-фанни оммалаштириш ва ёшлар ўртасида тадқиқотчилик муҳитини шакллантириш мақсад қилинган.

Фармонда белгиланган чора-тадбирлар ижроси натижасида талабалар, аспирантлар ва ёш олимларнинг илмий изланишларига молиявий ва ташкилий ёрдам кўрсатилади. Ёшларга мўлжалланган янги инновацион таълим дастурлари ишлаб чиқилади. Ҳар бир ҳудудда ёшлар марказлари фаолияти кучайтирилиб, замонавий инфратузилмалар яратилади. Касб-ҳунар коллежлари ва университетлар ўртасида ҳамкорлик кенгайтирилиб, амалиётга йўналтирилган таълим тизими йўлга қўйилади. Ёшларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида янги иш ўринлари ташкил этилади, айниқса, маҳаллий тадбиркорлик орқали.

Президентнинг ёшлар билан бевосита мулоқоти ва ундан сўнг қабул қилинган ушбу Фармон мамлакатимизда халқ билан, айниқса, ёшлар билан яқин мулоқотга асосланган халқчил бошқарувнинг ҳаётга татбиқ этилаётганини намоён этмоқда.

Мамлакатимизда ёшларга нисбатан бундай ижобий муносабат, уларнинг фикрини эшитиш ва фаолиятларига кенг имконият яратиш уларнинг Ватанга бўлган садоқатини янада оширади. Бу эса Ўзбекистоннинг барқарор ва порлоқ келажаги учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилади.

Мазкур Президент фармони — бу шунчаки ҳужжат эмас, балки ёшлар ҳаётини тубдан яхшилашга қаратилган дастурий ғоялар мажмуасидир. Унга кўра, ҳар бир ёш инсон ўз қобилияти ва билимлари билан юртимиз тараққиётига ҳисса қўшиши мумкин. Демак, келажак бугундан бошланади!

Сурхондарё вилоят судининг судяси

Рахимов Соҳиб Хайитмуротович

Related Articles

Back to top button