Bu qiziq

Оилавий зўравонликка қарши курашиш хусусида

Мамлакатимизда болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликларини ҳамда қонуний манфаатларини оиладаги тазйиқ ва зўравонликдан ишончли ҳимоя қилишнинг институциявий ҳамда ҳуқуқий асосларини тубдан такомиллаштиришга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Оилалардаги маънавий-ахлоқий муҳитни яхшилашга, оилада болаларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олишга, шунингдек мамлакатимизнинг болалар ҳуқуқларини таъминлаш билан боғлиқ халқаро индекслардаги ўрнини яхшилашга эришиш мақсадида, 2024 йил 21 октябрь куни Ўзбекистон Республикасининг “Оилавий (маиший) зўравонликдан ҳимоя қилиш чоралари кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-978-сон Қонуни қабул қилинди.

Ушбу Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига болаларга нисбатан оилавий зўравонлик содир этганлик учун жавобгарликни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилди. Шунингдек Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига оилавий (маиший) зўравонлик билан боғлиқ ишлар юзасидан ярашув тўғрисидаги ариза фақат суд муҳокамаси босқичида берилиши мумкинлигини белгиловчи ўзгартиришлар киритилди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 1261-моддасига иккинчи қисмнинг диспозициясидаги «шахсни ёки» деган сўзлар «шахсни ёки болани, шунингдек» деган сўзлар билан, учинчи қисмнинг диспозициясидаги «шахсга ёки» деган сўзлар «шахсга ёки болага, шунингдек» деган сўзлар билан, тўртинчи қисмнинг диспозициясидаги «шахсга ёки» деган сўзлар «шахсга ёки болага, шунингдек» деган сўзлар билан алмаштирилди. Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 592-моддаси иккинчи қисмининг диспозициясидаги «шахсни ёки» деган сўзлар «шахсни ёки болани, шунингдек» деган сўзлар билан алмаштирилди.

Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодекси 583-моддаси биринчи қисми «Ярашув тўғрисидаги ариза жабрланувчи (фуқаровий даъвогар) ёхуд унинг қонуний вакили томонидан суриштирув ва дастлабки терговнинг, шунингдек суд муҳокамасининг исталган босқичида, аммо суд алоҳида хонага (маслаҳатхонага) киришидан олдин берилиши мумкин, бундан ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар мустасно» деган таҳрирда баён этилди, «Оилавий (маиший) зўравонлик билан боғлиқ ишлар юзасидан ярашув тўғрисидаги ариза суд муҳокамасининг исталган босқичида, аммо суд алоҳида хонага (маслаҳатхонага) киришидан олдин берилиши мумкин» деган мазмундаги иккинчи қисм билан тўлдирилди.

Жавобгарликнинг муқаррарлигини англаш ва қонунлар ҳақида маълумотга эга бўлиш ушбу турдаги ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олишга хизмат қилади.

Сурхондарё вилоят суди

жиноят ишлари бўйича судьяси

М.Маликов

Related Articles

Back to top button