Bu qiziq

Безорилик жинояти, унинг ўзига хос хусусияти

Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 277-моддаси “Безорилик” жинояти деб номланиб, унга кўра, безорилик, яъни жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимаслик, уриш-дўппослаш, баданга енгил шикаст етказиш ёки ўзганинг мулкига шикаст етказиш ёхуд нобуд қилиш анча зарар етказиш билан боғлиқ ҳолда содир этилган жиноят назарда тутилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Суди Пленумининг “Безориликка оид ишлар бўйича суд амалиёти ҳақида”ги қарорида, безорилик жамоат тартибига қарши қаратилган жиноят бўлиб, жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасликда ифодаланган ҳаракатлар шахсни уриш-дўппослаш, унга енгил тан жароҳати етказиш ёки ўзганинг мулкига анча миқдорда шикаст етказиш ёхуд уни анча миқдорда нобуд қилиш билан боғлиқ ҳолда содир этилади. Қилмишни Жиноят кодекси 277-моддасининг 1-қисми билан квалификация қилиш учун юқорида кўрсатилган оқибатларнинг барчаси бир вақтда мавжуд бўлиши талаб этилмайди, деб тушунтириш бериб ўтилган.

Жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимаслик деганда эса, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, одоб ва ахлоқ нормалари, урф-одат, анъаналар билан белгиланган жамоат тартибини (одамлараро муносабатлар, юриш-туриш қоидалари, шаклланган ижтимоий турмуш тарзини) қўпол тарзда бузиш тушунилади. Жамоат тартиби қўпол тарзда бузилиши шахс томонидан ЖК 277-моддаси биринчи қисми диспозициясида назарда тутилган ҳаракатлардан бирортаси содир этилишида ифодаланади.

Шунингдек, ушбу Пленум қарорида безорилик жиноятини майда безорилик жиноятидан фарқли жиҳатини ҳам кўрсатган.

Хусусан, майда безорилик тушунчаси Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 183-моддасида берилган бўлиб, унинг мазмунига кўра, ушбу ҳуқуқбузарлик жамоат жойларида уятли сўзлар айтиш, беҳаё қилиқлар кўрсатиш, фуқароларга нисбатан ҳақоратомуз шилқимлик қилиш ҳамда жамоат тартиби ва фуқаролар осойишталигини бошқача тарзда бузиш каби жамиятда юриш-туриш қоидаларини менсимасликда ифодаланади. Бунда Жиноят кодекси 277-моддаси

1-қисмида назарда тутилган жиноий оқибатлар мавжуд бўлмаслиги керак.

Агарда майда безорилик ҳаракатлари давом этиб, айбдорнинг кейинги ҳаракатлари шахсни уриш-дўппослаш, унга енгил тан жароҳати етказиш ёки мулкка анча миқдорда шикаст етказиш ёхуд нобуд қилиш билан содир этилган бўлса, шахс маъмурий жавобгарликка тортилмасдан, фақат жиноий жавобгарликка тортилади, деб тушунтириш бериб ўтилган.

Хулоса сифатида шуни айтиш керакки, айбдор қасдининг моҳияти ва у нимага қаратилганлигидан, содир этилган ҳаракатнинг мотиви, мақсади ва муайян ҳолатларидан келиб чиққан ҳолда безориликни бошқа жиноятлардан фарқлай олиш керак.

Вилоят суди судья катта ёрдамчиси Б.Нормуродов

 

 

 

 

Related Articles

Back to top button