ДХХ ва ИИВ тузилмалари томонидан 8-9 февраль кунлари мамлакатимиз миқёсида “Ориат” кенг кўламли тадбирлари ўтказилди
![](https://nor.uz/wp-content/uploads/2025/02/333.jpg)
Тезкор-профилактик тадбирлари давомида жамоат хавфсизлиги ва саломатлигини таъминлашга масъул бўлган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда соғлиқни сақлаш муассасалари вакилларидан иборат ишчи гуруҳлар ҳудудларда фаолият олиб борди.
Ахлоқ ва соғлиққа қарши қаратилган жиноятларни аниқлаш, ОИВ (ОИТС), тери-таносил ҳамда бошқа турдаги юқумли касалликларни аҳоли орасида тарқалишининг олдини олиш мақсадида сауналар, СПА салонлар, массажхоналар, караоке барлар, меҳмонхоналар, хостеллар ва тунги клублар каби жами 362 та масканларда 506 та рейд тадбирлари ўтказилди.
Текширилган объектларда аҳоли саломатлигига хавф солиши мумкин бўлган жами 2.469 нафар шахслар билан тушунтириш ишлари олиб борилди ва уларнинг 968 нафари мобил тарзда шифокор кўригидан ўтказилиб, тегишли тиббий хулосалар олинди.
Аниқланган ҳолатлар бўйича қўзғатилган 155 та жиноят ишлари доирасида 159 нафар шахслар жиноий жавобгарликка тортилди. 437 нафар шахслар маъмурий жавобгарликка тортилиб, 1.236 нафар шахслар билан профилактик суҳбатлар ўтказилди ҳамда уларнинг 624 нафари расмий огоҳлантирилди.
Кенг кўламли тадбирлар доирасида 2005 йилда туғилган аёл ОИТСга қарши курашиш марказида рўйхатда туриб, бошқа шахслар билан тартибсиз жинсий алоқа қилган тақдирда, Жиноят Кодексининг 113-моддаси билан жиноий жавобгарликка тортилиши ҳақида огоҳлантирилишига қарамасдан 5 нафар шахс билан жинсий алоқа қилганлиги аниқланди. У турли миқдордаги пул эвазига хизмат кўрсатиб, ушбу шахсларни ОИВ инфекцияси юқиши хавфи остида қолдирганлиги учун Жиноят Кодексининг 113-моддаси тартибида хужжатлар расмийлаштирилди.
Хоразм вилоятида ўтказилган рейд тадбирлари давомида Янгибозор туманидаги тунги клуб иш бошқарувчиси бўлган 2004 йилда туғилган шахс клубда мижозларга гиёҳвандлик воситаларини сотиш билан шуғулланиб келаётганлиги аниқланди. Ҳодиса жойидан гиёҳвандлик воситаси, 2 дона бита, 2 дона пичоқ ва 1 дона электрошокер ашёвий далил сифатида олинди.
1986 йилда туғилган шахс эса 2 нафар жиноий шериклари билан бирга Тошкент шаҳри Юнусобод туманидаги хонадонда синтетик гиёҳвандлик воситасини игна орқали қабул қилиб, “бангихона” ташкил этганлиги аниқланган. Ўтказилган шахсий тинтувлар жараёнида улардан бирининг ёнида қора рангли пакетга ўралган синтетик гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида олинди.
Жамоат хавфсизлиги ва саломатлигини таъминлаш йўналишидаги тезкор-профилактик тадбирлар давом эттирилади.