Ошиб бораётган жиноятлар хусусида
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Конституциясида, Ўзбекистон Республикасида барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилиги ва ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиниши таъминланиши белгилаб қўйилган.
Бундан ташқари, Жиноят кодексида ўғирлик жинояти учун жиноий жавобгарлик белгилаб қўйилган.
Бироқ, ўзганинг мулкини ўғирлик йўли билан қўлга киритишни ўзига касб қилиб олганлар ҳам орамизда учрамоқда.
Хусусан, фуқаро Ж.М ўғирлик йўли билан моддий бойлик орттириш мақсадида, 2024 йил 20 февраль куни соат 2300ларда, Термиз шаҳридаги кўп қаватли уй олдида турган А.Нга тегишли, “Дамас” русумли автомашина орқа юкхонаси эшиги очиқ қолганлигидан фойдаланиб, юкхона эшиги орқали автомашина ичига ноқонуний равишда кириб, олд йўловчи ўриндиғи қаршисидаги ашёлар солиш қутисида турган ҳамёндан 2.000.000 сўм миқдордаги пулларни олиб, воқеа жойидан яширинган.
Бундан ташқари, Ж.М 2024 йил 29 июнь кунига ўтар кечаси соат 0100ларда Термиз шаҳридаги уй ёнида турган фуқаро С.Жга тегишли “Нексия-2” русумли автомашинанинг орқа ойнаси очиқ қолдирилганлигидан фойдаланиб, автомашина ичида бўлган 120.000 сўм пулларини яширин равишда талон-торож қилган.
Шу каби, Ж.М 2024 йил 3 июль кунига ўтар кечаси соат 0230ларда Термиз шаҳридаги клиника ёнида турган фуқаро Б.Хга тегишли “Лабо” русумли автомашинаси эшигини темир сим ёрдамида очиб, автомашина ичида бўлган 2.400.000 сўм пулларини яширин равишда талон-торож қилган.
Шунингдек, Ж.М 2024 йил 3 июль кунига ўтар кечаси соат 0300ларда Термиз шаҳридаги фуқаро Ю.Ғнинг яшаш уйи ёнида турган “Дамас” русумли автомашинаси эшигини темир сим ёрдамида очиб, автомашина ичида бўлган 4.000.000 сўм пулларини яширин равишда талон-торож қилган.
Суд ҳукми билан Ж.Мга Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 169-моддаси 3-қисми “а” банди билан ЖКнинг 57-моддасига қўлланиб, 2 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Сурхондарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясида мазкур иш кўриб чиқилиб, биринчи инстанция судининг ҳукми ўзгаришсиз қолдирилган.
Жиноят учун жавобгарликнинг муқаррарлигини эслатиш ушбу турдаги жиноятларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Сурхондарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судьяси М.Маликов