Хотин-қизларга «Эл-юрт умиди» жамғармаси орқали қўшимча грантлар ажратилади
Ўзбекистон Республикаси Президентнинг 2022 йил 7 мартдаги “Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-87-сон Фармони билан хорижий олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим дастурлари бўйича – 50 нафар, магистратура таълим дастурлари бўйича – 10 нафар хотин-қизларга ҳар йили «Эл-юрт умиди» жамғармаси орқали қўшимча грантлар ажратиб борилади.
Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Ахборот хизматининг хабарига кўра, 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб:
олий таълим муассасалари, техникум ва коллежларда, шу жумладан сиртқи ва кечки таълим шаклида ўқиётган хотин-қизларнинг таълим контрактларини тўлаш учун 7 йил муддатга фоизсиз таълим кредитларини молиялаштириш мақсадида тижорат банкларига Давлат бюджетидан ҳар йили 1,8 триллион сўм ресурс маблағлари йўналтирилади;
давлат олий таълим муассасаларининг магистратура босқичида ўқиётган барча хотин-қизларнинг контракт тўловларини қайтариш шартисиз қоплаш мақсадида Давлат бюджетидан ҳар йили камида 200 миллиард сўм молиялаштирилади;
мутахассислиги бўйича камида 5 йил меҳнат стажига эга, лекин олий маълумотга эга бўлмаган 500 нафар хотин-қизларни ҳар йили Қўмита тавсияномаларига асосан давлат олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига умумий қабул параметрларидан ташқари алоҳида тест синовлари натижаларига мувофиқ тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилиш амалиёти жорий этилади;
давлат илмий ташкилотлари ёки олий таълим муассасалари докторантурасига хотин-қизлар учун ҳар йили камида 300 тадан мақсадли квота ажратиб борилади.
Жиноят ишлари бўйича
Шўрчи туман судининг раиси М.Хакимов