Madaniyat

Ҳудудларда ичимлик суви таъминотини яхшилаш чоралари белгиланди

Президент Шавкат Мирзиёев 23 октябрь куни ҳудудларда ичимлик суви таъминоти ва оқова сув тизимини яхшилаш, озиқ-овқат экинларини экиш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ҳудудий ва ижтимоий дастурларда ичимлик суви таъминоти алоҳида ўрин эгаллайди. Бу борада хизмат сифатли ва доимий бўлиши учун нарх мутаносиблиги муҳим.

Таҳлилларга қараганда, бугунги кунда 1 куб метр ичимлик суви таннархи Тошкент шаҳрида 448 сўм бўлгани ҳолда Наманганда қарийб 3 минг сўмни, Самарқанд ва Навоийда 2 минг 600 сўмни ташкил қилади.

Сув ишлаб чиқариш таннархида электр энергияси улуши республика бўйича ўртача 27 фоиз. Лекин Фарғона, Наманган ва Тошкент вилоятида бу кўрсаткич юқори.

Маълумки, юртимизда муқобил энергиядан фойдаланишни кенгайтириш мақсадида корхона, ташкилот ва аҳоли хонадонларида қуёш панеллари ўрнатилмоқда. Лекин, йилига 880 миллион киловатт-соат электр истеъмол қиладиган сув таъминоти корхоналарининг бу борадаги иши сезиларли эмас.

Давлатимиз раҳбари вилоят ҳокимларига ичимлик суви таннархини арзонлаштириш вазифасини қўяр экан, бунда энг катта манба сув корхоналари ишлатадиган электрнинг бир қисмини “яшил энергия”га ўтказиш эканини таъкидлади.

Масалан, ҳозирда сув корхоналари 1 киловатт-соат электрни 900 сўмдан сотиб олаяпти. Қуёш станцияларида ишлаб чиқарилган электр нархи эса ўртача 350-400 сўм, яъни 2 баробардан зиёд арзон. Инвесторларни жалб қилиб, сув иншоотлари атрофидаги бўш майдонларда қуёш панеллари ўрнатиш мумкин.

Шунингдек, эскирган ичимлик суви насосларини энергия тежамкорига алмаштириш зарурлиги айтилди.

Сув бўйича лойиҳалар қийматини қайта кўриб чиқиш, уларда ишлатиладиган материалларни маҳаллийлаштириш имкониятлари кўрсатиб ўтилди.

Соҳадаги янги лойиҳалар бундан буён бевосита жойларга чиқиб, аҳолининг фикри ва розилиги олинганидан кейин маҳаллий кенгашларда муҳокама қилиниши белгиланди. Лойиҳага қанча маблағ ажратилгани, пудратчиси қайси корхона экани, қачон ишга тушиши билан боғлиқ барча маълумотлар эълон қилиб борилади. Шу орқали бу борада ҳам жамоатчилик назорати кучайтирилади.

Йиғилишда боғ ва ток қатор ораларига экин экиш тадбирларига ҳам тўхталиб ўтилди.

Юртимизда 331 минг гектар боғ ва 153 минг гектар токзор бор. Уларда қатор ораларидаги ерларга пиёз, саримсоқ, сабзи, баҳор ойларида ерёнғоқ, картошка, помидор ва бодринг экилса, бозорларимизга қўшимча маҳсулот, аҳолига даромад бўлади.

Шу боис вилоятларда йил якунигача 92 минг гектарга тўқсонбости усулида сабзавотлар экиш, бунга уруғлик ва сув етказиб бериш чора-тадбирлари белгиланди. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимидаги илмий-тадқиқот институтлари иқлимга мос экин турлари, агротехникаси бўйича илмий тавсиялар бериб боради.

Белгиланган чора-тадбирлар сув хўжалиги соҳасининг барқарор ишлаши ва озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлашга, пировардида ҳалқимиз фаровонлигини оширишга қаратилгани қайд этилди.

Йиғилишда соҳа мутасаддилари ва вилоят ҳокимларининг кун тартибидаги масалалар бўйича ҳисоботлари тингланди.

Related Articles

Back to top button