Жиноятчиликни жиловлаш ва аҳоли билан ишлашда сусткашликка йўл қўйганлиги учун 15 та туман ички ишлар бошлиқлари ва 5 та туман прокурорлари эгаллаб турган лавозимидан озод қилинди
Жиноятчиликни жиловлаш ва аҳоли билан ишлашда сусткашликка йўл қўйганлиги учун Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари Б.Валиев, ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Ш.Раҳмоновга, маҳаллада профилактика инспекторлари ишини лозим даражада ташкил қилмагани учун, ички ишлар вазирининг ушбу соҳага масъул ўринбосари Б.Абдуллаевга ҳайфсан эълон қилинди ва уч ой синов муддати тайинланди.
Барча вилоят прокурорлари ва ИИБ бошлиқларининг биринчи ўринбосарлари ўзига тегишли хулоса қилмаса, йил якуни билан барчаси лавозимидан озод этилиши қайд этилди.
Шунингдек, жиноятчиликка қарши курашишда сусткашликка йўл қўйган:
— Сергели, Янгиҳаёт, Шайхонтоҳур, Ғиждувон, Когон, Тупроққалъа, Тахтакўпир, Томди, Яккабоғ, Олтинсой, Зафаробод, Боёвут, Гулистон, Мингбулоқ, Олтинкўл туманлари ички ишлар бошлиқлари;
— Андижон, Бандихон, Бувайда, Нарпай, Юнусобод туманлари прокурорлари эгаллаб турган лавозимидан озод қилинди.
Президент маҳаллада жиноятчиликни жиловлаш бўйича янгича иш тартибини белгилаб берди.
Ички ишлар вазирлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Ёшлар ишлари агентлигига:
— жиноят қилишга мойиллиги бор оғир аҳволдаги аҳоли билан “ижтимоий профилактика” тамойили асосида ишлаш бўйича “маҳалла бешлиги”нинг вазифаларини аниқ белгилаб бериш;
— ёш тоифаси, ижтимоий ва моддий аҳволидан келиб чиқиб, уларнинг ҳар бир гуруҳи учун алоҳида методика ишлаб чиқиш топширилди.
Энди профилактика инспектори ҳудудида жиноят қилишга мойиллиги бор шахсларни аниқлайди, “маҳалладаги бешлик” уларнинг муаммоларини ҳал қилади.
Тизимда рақамлаштириш аҳволи қониқарсизлиги танқид қилинди. Ички ишлар вазирининг бу масалалар учун масъул ўринбосари зиммасига юклатилган бирорта вазифа охиригача етказилмагани кўрсатиб ўтилди ва шу муносабат билан вазир ўринбосари Н.Тўрахожаев эгаллаб турган лавозимидан озод қилинди.