Носозлик панд берди
Иш қуролинг соз бўлса, машаққатинг оз бўлур. Ҳа нафақат иш қурол, балки жиловингиздаги автоулов ҳам теҳник жиҳатдан соз бўлса, кўзлаган манзилга қийналмай этасиз. Кўнглингиз ҳам ҳотиржам топади. Бироқ, алмисоқдан қолган улов билан бирон-бир мақсадга эришиш қийин. Устига устак, киракашлик қилсангиз, бу энди ортиқча даҳмаза.
Денов тумани “Дўстлик” маҳалласида яшовчи Носиров Обиджон мана шу оддий ҳақиқатни билмади, билсада нафс қурғурнинг ҳукмига бўйсунди. Хуллас, қиссадан ҳисса шуки, у техник жиҳатдан носоз бўлган “УАЗ-452” русумли
75 А000ВA давлат рақамли, йўловчи ташишга мўлжалланмаган автомашинада киракашликни касб қилди.
Носиров Обиджон 2023 йил 16 январ куни соат 16:00 ларда автомашина бортига одам миндирган ҳолда Узун туман “Ўрмончи” маҳалласи ҳудудидан ўтувчи 4К-620 автомобиль йўлидан бошқариб бораётиб йўл ҳаракати қоидаларини қўпол равишда бузиб, ушбу йўлнинг 16-километридан ўтаётганда автомашина тормози ишламасдан қолиши натижасида бошқарувни йўқотиб, йўлдан чиқиб кетди. Йўлнинг чап томонидаги дарахтга бориб урилган машина ағдарилиб кетади. Натижада автомашина бортида бўлган йўловчи Сарвар Қурбонов оғир, Салохиддин Қудратов енгил тан жароҳати олишади. Сарвар Қурбонов 2023 йил 17 январ куни шифоҳонада вафот этади.
Жиноятишлари бўйича Узун туман судининг тамандаги “Маҳалла маркази” биносида бўлиб ўтган очиқ сайёр суд мажлисида Носиров Обиджон айбига иқрорлик билдирди. Ҳақиқатдан ҳам, унинг бошқарувидаги “УАЗ-452” автомашинаси жуда эски. Автомашина фақат енгил юкларни ташишга мўлжалланган. Одам ташиш учун жиҳозланмаган. Шундай бўлсада, арзимаган чой чақа, деб йўловчиларнинг ҳаётини хавф остига қўйиб, киракашлик қилган. 2023 йил 16 январ куни соат тахминан 9:00 ларда С.Қудратов ва Ж.Каримовларга тегишли молларни Боботоғнинг “Чағам” қишлоғида чўпонларга қўшиб келиш мақсадида йўлга тушган О.Носиров манзилга эсон омон етиб боради. Қайтишда Шўрчи туман “Хушчекка” маҳалласида яшовчи С.Қурбоновни ҳам машина бортига олади.
-Тормоз бошида яхши ишлади, — дейди О.Носиров ўз кўрсатмасида. – Лекин тоғ йўли нишаблик ва қияликлардан иборат бўлганлиги учун тормозни ишлатавериш оқибатида “колодка”лар қизиб, темирдан куйган ҳид чиқа бошлади. Бундай пайтда машинани тўхтатиб, совутиш керак эди. Аммо мен йўлда давом этдим. Оқибатини ўйламабман…
Оқибатини ўйламай босилмаган қадам Носиров Обиджонга қимматга тушди. У суд ҳукмига кўра, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 266-моддаси 2-қисми билан айбли, деб топилди ва қилмишига яраша жазо тайинланди.
Сурхондарё вилоят судининг судья катта ёрдамчиси:
А.М.Саъдуллоев