Bu qiziq

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони билан Суд-ҳуқуқ соҳасидаги қонунчиликни таҳлил қилиш бошқармаси негизида Одил судлов соҳасидаги қонунчиликни таҳлил қилиш департаменти, Ахборот-коммуникация мониторинги Вазиятлар маркази ва Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик бошқармаси негизида Жамоатчилик билан ҳамкорлик маркази ташкил этилди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 16 январдаги “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони билан, Суд-ҳуқуқ соҳасидаги қонунчиликни таҳлил қилиш бошқармаси негизида Одил судлов соҳасидаги қонунчиликни таҳлил қилиш департаменти (кейинги ўринларда — Департамент) ташкил этилди ва қуйидагилар унинг асосий вазифалари этиб белгиланди:

одил судлов соҳасида ҳуқуқ ижодкорлиги фаолиятини амалга ошириш;

суд фаолияти соҳасидаги қонунчиликни ҳамда одил судлов муаммоларини тизимли таҳлил қилиш, суд-ҳуқуқ соҳасидаги қонунчиликни, суд амалиёти ва суд иш юритуви тизимини янада такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

одил судлов самарадорлигини илғор хорижий тажриба ва замонавий ривожланиш тенденциялари асосида таҳлил қилиш;

одил судлов соҳасига оид халқаро рейтинг ва индексларда Ўзбекистон Республикасининг ўрнини яхшилаш бўйича тизимли ва изчил чоралар кўриш;

фуқаролик, жиноят, иқтисодий ва маъмурий қонунчилик, судларнинг мустақиллигини таъминлаш соҳасида халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган принциплари ва нормаларини ўрганиш, уларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

Шунингдек, Ахборот-коммуникация мониторинги вазиятлар маркази ташкил этилсин ва қуйидагилар унинг асосий вазифалари этиб белгиланди:

республика бўйича барча судларда ишларни кўриш билан боғлиқ вазиятни онлайн таҳлил қилиш, судларда аҳолининг мурожаатлари билан ишлаш ҳамда ишларни кўришда процессуал тартиб ва муддатларга риоя этилишини мониторинг қилиб бориш;

ишларни вилоят, туман (шаҳар), маҳалла кесимида тоифаларга ажратган ҳолда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни таҳлил қилиш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш, низоларни бартараф этишга қаратилган маълумотларни тайёрлаш;

суд мажлислари ўз вақтида ўтказилишини, сервер ускуналари ва дастурларнинг ишлаш ҳолатини доимий назорат қилиш;

Бундан ташқари, Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик бошқармаси негизида Жамоатчилик билан ҳамкорлик маркази (кейинги ўринларда — PR Марказ) ташкил этилсин ва унинг, шунингдек, вилоят ва унга тенглаштирилган судлар матбуот хизматларининг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди:

аҳоли орасида суд ҳокимиятининг ижобий тимсолини шакллантириш ва илгари суриш;

суд фаолияти ҳақида оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар, шунингдек, бошқа ахборот ресурслари орқали, шу жумладан, матбуот анжуманлари, брифинглар, медиатурлар ташкил этиш йўли билан аҳолига мунтазам, тўлиқ ва тезкор равишда ахборот тақдим этиб бориш;

ахборот маконининг доимий мониторингини олиб бориш, судлар фаолиятига доир ахборотлар бўйича жамоатчилик фикрини таҳлил ва прогноз қилиш, танқидий ва кенг муҳокама қилинаётган материалларга, ахборот хуружларига тезкор муносабат билдириш;

суднинг расмий веб-сайтларида унинг фаолиятига алоқадор матнли, фото-, аудио- ва видеоматериаллардан иборат маълумотлар базасини шакллантириш ва янгилаб бориш.

Мазкур Фармон билан ташкил этилган янги департамент суд тизимдаги амалиётларни бирхиллаштиришга олиб келади, бунинг натижасида аҳолининг судларга бўлган ишончини тобора оширилишига хизмат қилади

Шунингдек, фармон билан ташкил этилган марказлар одил судловни эришишда оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликни мукаммаллаштиради, бу эса судларнинг ишларни очиқ ва ошкора кўрилишига хизмат қилади.

Термиз туманлараро

маъмурий суди судьяси:                                          Қ.Туранов

 

Related Articles

Back to top button