O`zbekiston

Одамларнинг жойларда судма-суд сарсон бўлиб юришларига барҳам берилади

«Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш давлатнинг конституциявий мажбурияти сифатида белгиланиши лозим», — деди Президент Шавкат Мирзиёев.

Сўнгги йилларда суд-ҳуқуқ тизимида адолат ўрнатиш бўйича кўп иш қилингани, шу билан бирга, ҳозир ҳам тергов сифати пастлиги, судларда одамларнинг оворагарчилиги, суд қарорлари ижро этилмай қолаётгани билан боғлиқ ҳолатлар учраётгани таъкидланди.

«Нима учун, ҳалигача давлат ҳисобидан бепул таъминланадиган адвокатларни “электрон танлаш” тизими ишга тушмади? Ким бунга қарши?», — дея савол қўйди Пезидент ва тез кунларда ушбу тизимнинг тўлиқ ишга туширилишини таъминлашни топширди.

Қисқа муддатда ҳуқуқ-тартибот идораларини янгича ишлашга ўргатадиган, одил судлов сифатини оширадиган тизим яратилади.

Энг аввало, одамларнинг жойларда судма-суд сарсон бўлиб юришларига барҳам берилади.

Янги тизим доирасида:

— тинтув ўтказиш, телефон сўзлашувини эшитиш ва мулкни хатлашга санкция прокурордан судга ўтказилади;

— терговчи жиноятга алоқадор деб, ҳар қандай мулкни хатлаб қўя олмайди. Бундан буён, мулк ҳуқуқини чеклашга оид ҳар қандай ҳаракат фақат суд орқали бўлади;

— судда ишларни кўришда қатнашадиган алоҳида прокурорлар корпуси шакллантирилади. Улар махсус ўқитилади, ишни судда кўришда холис, мустақил бўлиши қонун билан белгиланади;

— одил судловни таъминлашда ҳимоячига берилган ҳуқуқлар ҳам қайта кўриб чиқилиб, етмайдиган ваколатлар берилади;

— судларга жиноят иши фақат айблов хулосаси билан эмас, балки ҳимоячи фикри билан бирга қабул қилинади.

— айбланувчининг ҳимоячидан воз кечиши бўйича ҳар бир ҳолат прокурор, суд томонидан синчиклаб ўрганиладиган тизим жорий қилинади.

Президент охирги пайтларда айрим ушлаб туриш жойларида инсон ҳуқуқлари бузилиши бўйича оғриқли масалалар кўтарилаётганини қайд этди.

«Бизнинг юртимизда бундай ҳолатлар умуман бўлиши мумкин эмас. Ким бунга амал қилмаса, қонун устувор, жазо муқаррар бўлади», — деди давлат раҳбари.

Шу боис, бундай жойларга олиб келинган барча шахсларни ҳисобга олишнинг онлайн тизими жорий этилади ва юзни таниш ускунаси ўрнатилади.

Маъмурий судларга ҳоким қароридан норози бўлиб мурожаат қилинганда, ишларни экстерриториал тартибда, яъни бошқа ҳудудда ҳам кўриш амалиёти жорий қилинади.

Ўзбекистонда мулк ва инвестициянинг ҳимоясини кучайтириш мақсадида Халқаро тижорат судини ташкил қилиш бўйича ҳам амалий ишлар бошлангани таъкидланди.

Президентимиз энг долзарб муаммо бўлган коррупция масаласига алоҳида тўхталиб ўтди.

«Ўтган икки йилда 5 мингга яқин мансабдор коррупциявий жиноятлар бўйича жавобгарликка тортилди. Лекин, очиқ айтиш керак, бу – масаланинг сабаби билан эмас, оқибати билан курашиш», — деди у.

Давлатимиз раҳбари депутат ва сенаторлар, маҳаллий Кенгашлар ҳам бонг уриб, аниқ соҳаларни таҳлил қилиб, коррупцияни бартараф этиш бўйича фаол бўлишга чақирди, бунинг учун уларда етарли ваколат ҳам, шижоат ҳам борлигини таъкидлади.

Сунъий монополияга, ёпиқ схемаларга, умуман коррупцияга имкон берувчи барча бўшлиқларга барҳам берилиши таъкидланди.

Президентимиз иқтисодий ислоҳотлар қатъий давом эттирилиб, ички имкониятлар тўлиқ сафарбар қилиниб, хусусий сектор янада қўллаб-қувватланишини таъкидлади.

Биринчи навбатда, ҳудудлар ўртасидаги иқтисодий тенгсизликни қисқартириш, барча туман ва шаҳарларни бир маромда ривожлантириш бўйича янгича ёндашувлар жорий этилади.

Келгуси йилдан туман ва шаҳарлар мавжуд шароити, салоҳияти ва имкониятларидан келиб чиқиб 5 та тоифага ажратилади.

Тадбиркорлар учун субсидия, кредитлар ва компенсациялар тоифалардан келиб чиқиб ажратилади. Улар учун солиқ ставкалари ҳар хил бўлади.

Бизнесга солиқ юкини камайтириш бўйича ишлар давом эттирилади. Жумладан, 1 январдан қўшилган қиймат солиғи ставкасини 15 фоиздан 12 фоизга пасайтириш ҳисобига тадбиркорлар ихтиёрида йилига камида 14 триллион сўм маблағ қолади.

Илғор тажрибалар асосида солиқ ва божхона маъмурчилиги жиддий ислоҳ қилинади.

Дунёдаги ҳозирги мураккаб шароитда очиқ ва прагматик, ўзаро ишонч ва ҳурматга асосланган ташқи сиёсат изчил давом эттирилиши таъкидланди.

Бундан кейин ҳам асосий эътиборимиз Марказий Осиёдаги барча қўшни мамлакатлар ва дунёдаги стратегик шерикларимиз бўлган давлатлар, халқаро ташкилотлар билан кўп қиррали ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни кучайтиришга қаратилади.

Миллий хавфсизликни таъминлаш, Қуролли Кучларимиз жанговар салоҳиятини ошириш борасидаги ишлар янги босқичга олиб чиқилади.

«Биз жамиятимизда ҳар қандай радикаллашувга, ёшларимиз онгини бузғунчи ёт ғоялар билан заҳарлашга, диндан сиёсий мақсадларда фойдаланишга, маърифат ўрнини жаҳолат эгаллашига йўл қўймаймиз», — деди Президент.

Қадимий ва бетакрор тарихимизни, айниқса, ғоят оғир шароитда илм-маърифат, инсон эркинлиги, халқ озодлиги, Ватанга, миллий қадриятларга меҳр ва садоқат ғояларини дадил кўтариб чиққан жадид боболаримиз фаолиятини янада чуқур ўрганишимиз лозимлиги қайд этилди.

Президент Мурожаатномага якун ясар экан, унда айтилган вазифаларни дунёдаги ҳозирги мураккаб шароитда амалга ошириш осон бўлмаслигини қайд этди.

«Лекин биз ўтган даврда катта билим ва тажриба тўпладик. Энг муҳими, ўз куч ва имкониятларимизга бўлган ишончимиз тобора ортиб бормоқда.

Шу боис, қанчалик қийин бўлмасин, танлаган йўлимиздан ҳеч қачон ортга қайтмаймиз. Кўзлаган марраларимизга албатта етамиз.

Бу йўлда нияти улуғ, қалби пок, меҳнаткаш халқимизга таянамиз. Бир тану бир жон бўлиб ҳаракат қилсак, мен ишонаман, эл-юртимиз интилаётган Янги Ўзбекистонни албатта барчамиз биргаликда бунёд этамиз», — деди давлатимиз раҳбари.

Президент сўзининг якунида йиғилганларни, бутун халқимизни кириб келаётган Янги йил байрами билан чин қалбдан самимий табриклаб, сиҳат-саломатлик, файзу барака, оилавий бахт тилади.

Related Articles

Back to top button