O`zbekiston

Президент халқимизга мурожаат қилди:

“Азиз юртдошлар, бугун нотинч дунёда, ўта таҳликали замонда яшаяпмиз. Мамлакатимиз тараққиётида ғоят масъулиятли даврни бошдан кечирмоқдамиз.

Янги Ўзбекистонни барпо этиш мақсадида бошлаган барча ислоҳотларимиз ҳар биримизнинг бугун ва келажакда фаровон ҳаёт кечиришимизни таъминлашга қаратилган.

Ҳар бир юртдошимиз ўз ҳаёти, эркинлиги, қадр-қиммати, шаъни ва ғурурини улуғлаб, Ватани ва халқига тоғдек таянч бўлиб яшашга қодир, эркин ва азму шижоатли инсонлардир.

Шу боис барчамиз Конституцияга киритиш таклиф этилаётган янги норма ва қоидаларни онгу тафаккуримиз, қалбимиздан ўтказиб, уларга холис ва ҳаққоний муносабатимизни билдиришимиз лозим.

Барчамиз Асосий қонунимизда ўзимизни, оиламизни, маҳалламизнинг орзу-умидларини кўришга интилаётганимиз – бу табиий ва мутлақо тўғри».

“Ўйлайманки, Конституцияга киритиладиган барча тузатиш ва қўшимчалар мамлакатимизнинг 14 та ҳудудий бирлигидан иборат ягона давлатни, миллати ва элатидан қатъи назар, ягона ва қудратли Ўзбекистон халқини янада жипслаштиради ҳамда улуғвор мақсадлар сари сафарбар этади.

Шу боис барча азиз ватандошларимизни конституциявий ислоҳот жараёнида янада фаол қатнашишга чақираман.

Ҳеч қачон унутмайлик, бу жараёндаги иштирокимиз билан ўзимиз, оиламиз, фарзандларимиз мана шу муқаддас заминда янада эркин ва фаровон яшаши учун мустаҳкам пойдевор яратамиз.

Қадрли ватандошларим!

Сизларни ишонтириб айтмоқчиман, давлатимиз янгиланаётган Конституциямиз моддаларини ҳаётда тўла қарор топтириш учун барча куч ва воситаларни сафарбар этади.

Бу янгиликлар аниқ қонун ва кодекслар, амалий дастурлар ва режалар билан ҳаётимизда албатта ўз аксини топади. Ҳар бир конституциявий норма ижросини таъминлаш бўйича аниқ ижтимоий, иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий чора-тадбирлар кўрилади».

“Биз ишлашга – иши, яшашга – уйи бўлган, фуқаролари тинч ва эркин, ҳаётдан мамнун, дастурхони тўкин, оиласи бахтиёр ва фаровон яшайдиган давлат қуришни мақсад қилганмиз.

Биз ана шундай буюк ишлар арафасида турибмиз. Кучли иқтисодиёт барпо этиб, дунёда муносиб ўрнимизни эгаллашимиз, халқимизга юксак шароитлар яратиш учун ҳам жуда кўп ишларни биргаликда амалга оширишимиз керак.

Бетакрор юртимизда барқарор жамиятни ва бардавом тараққиётни таъминлаш – барчамизнинг бош мақсадимиздир!

Мен бутун халқимизни ана шу буюк мақсадга эришишда ўзаро бирдамликка ва ҳамжиҳатликка чақираман.

Халқимиз сиёсий-ҳуқуқий тафаккурининг ёрқин ифодаси бўладиган янгиланаётган Конституциямизга таяниб, Янги Ўзбекистонни албатта биргаликда барпо этамиз.

Орадан йиллар, асрлар ўтади, лекин ғоят мураккаб шароитда бундай улкан ислоҳотларни амалга оширишга муносиб ҳисса қўшган инсонларни келгуси авлодлар ҳеч қачон унутмайди.

Ана шундай буюк бахт ва шараф барчамизга ёр бўлсин!”, деди Президент сўзининг якунида.

Related Articles

Check Also
Close
Back to top button