O`zbekiston

Ўзбекистон ва Туркия муносабатлари кенг қамровли стратегик шериклик даражасига кўтарилади

Олий даражадаги стратегик ҳамкорлик кенгашининг иккинчи йиғилиши якунлари бўйича оммавий ахборот воситалари вакиллари учун брифинг ўтказилди.

Президент Шавкат Мирзиёев сўзининг аввалида халқларимизни Наврўз байрами ва яқинлашиб келаётган муборак Рамазон ойи билан табриклади. Миллатларимизнинг тарихи бирлиги ва бугунги яқинлигига эътибор қаратди.

– Буюк ипак йўлининг чорраҳаларида жойлашган юртларимиз қадимдан Осиё, Европа ва Африка қитъаларининг карвон йўллари туташган ҳудудлар сифатида шуҳрат қозонган. Ҳозирда турк қардошларимиз биздан минглаб километр олисда яшаётган бўлсалар-да, бизларнинг тилларимиз ва дилларимиз ниҳоятда яқиндир. Бизнинг тарихий илдизларимиз бир, бугунги орзу-интилишларимиз ҳам муштарак, – деди Ўзбекистон Президенти.

Ўзбекистон билан Туркия ўртасида савдо ва инвестиция алоқалари жадал ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Сўнгги йилларда икки томонлама савдо ҳажми 2,5 баробарга, қўшма ширкатлар сони 5 каррага ортган. Туркиядан Ўзбекистонга киритилган инвестициялар ҳажми эса 70 маротабага кўпайган.

Олий даражадаги стратегик ҳамкорлик кенгаши алоқалар ривожига катта ҳисса қўшаётгани, унинг бугунги йиғилиши муносабатлар тарихида янги саҳифа очгани таъкидланди.

– Мамлакатларимиз ўртасидаги алоқаларнинг ҳозирги юқори даражасидан келиб чиқиб, муносабатларимизни кенг қамровли стратегик шериклик мақомига кўтаришга келишиб олдик, – деди Шавкат Мирзиёев.

Музокаралар чоғида сиёсий, парламентлараро, савдо-иқтисодий, сармоявий, транспорт, тўқимачилик, энергетика, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, маданий-гуманитар соҳаларга оид масалалар батафсил муҳокама қилингани айтилди. Эришилган барча келишувларни тўлиқ амалга ошириш учун қўшма “йўл харитаси” ишлаб чиқилади.

Мамлакатларимиз давлат-хусусий шериклик механизмини ривожлантириш борасида яқиндан ҳамкорлик қилишдан ҳам манфаатдор.

Ўтган йили Анқара ва Истанбулда Ўзбекистон маданияти кунлари ўтказилган эди. Бу йил Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида Туркия маданияти кунларини ташкил этиш режалаштирилган.

Ўзбекистонда турк тилини ўрганишга қизиқиш ортиб бормоқда. Тошкент давлат шарқшунослик университетида туркшунослик факультети самарали фаолият кўрсатмоқда.

Яқинда Тошкентда барча туркий халқларнинг буюк маданий мероси бўлган ноёб асар – “Дада Қўрқут китоби” ўзбек тилида тўлиқ ҳолда нашр этилди. Ўнлаб достонлардан иборат ушбу қимматли китоб аждодларимизнинг шонли тарихи, ота-боболаримиз жасорати ва донишмандлигидан дарак беради.

Давлатимиз раҳбари ушбу китобни Туркия Президентига туҳфа қилди.

— Сизнинг ташрифингиз ҳамкорлигимиз учун янги ва юксак имкониятлар яратишга жуда катта ҳисса қўшади. Ота юртингиз эшиклари Сиз ва барча туркиялик қардошларимиз учун доимо очиқ, — деди Президентимиз.

Related Articles

Back to top button